Теран томирлар

16:44 20 Сентябр 2019 Маданият
231 0

Дунёда тиллар кўп. Шу қаторда тилларнинг “оиласи” ҳам бор. Бошқача айтганда, муайян тилларни умумлаштирувчи, бирлаштирувчи, ўзаро боғловчи жиҳатлари бўлади. Бунга мисол тариқасида туркий тиллар оиласини келтириш мумкин. Бу оилага ўзбек, турк, озарбойжон, қозоқ, қирғиз, туркман ва яна бир қанча тиллар мансубдир. Олимларнинг тадқиқотига кўра, “турк” атамаси пайдо бўлганига 3 минг йилдан ошган. Туркий тилли халқларнинг тарихи ундан-да қадимийроқдир.

Ана шу қадим халқлар орасида ўзбек миллати алоҳида ўрин тутади. Зеро, туркий халқлар маданияти, тили ривожланишида бизнинг буюк аждодларимизнинг хизматлари беқиёс. Қувонарлиси шундаки, улуғ боболаримиз яратган бебаҳо асарлар, ноёб кашфиётлар нафақат туркий тилли халқлар, балки жаҳон цивилизациясига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилган ва улар ҳозиргача ўз аҳамиятини, қимматини йўқотмаган. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит турк” асари, Муҳаммад Хоразмийнинг ўнлик саноқ тизими, замонавий алгоритм ва алгебра борасидаги тадқиқоти, Аҳмад Фарғоний яратган миқёси Нил ускунаси, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Курогоний” асари шулар жумласидандир.

Булар ҳақида фикр юритар эканмиз, буюк бобомиз Амир Темурнинг “Биз туркнинг бош бўғинимиз” деган гапи эсга келаверади. Бинобарин, Соҳибқирон ҳукмронлиги даврида туркий халқлар, биринчи навбатда, ўзбек миллатининг шон-шуҳрати оламга ёйилди. Амир Темур халқимизнинг асрий анъаналарини ривожлантирди, бойитди, дунёга ёйди. Давлатининг пойтахти бўлган Самарқандда ва ўз қўл остидаги бошқа шаҳарларда нодир ёдгорликлар бунёд этди. Шаҳрисабзда барпо этган Оқсаройга “Бизнинг қудратимизга шубҳа қилсангиз биз қурган иморатларни кўринг”, деб ёздирди. Кўряпсизми, Соҳибқирон бобомиз ўз қудратини қилич, қурол билан эмас, бунёдкорлик ишлари билан намоён этган. Бу билан қудратли давлат боқий иншоотлар қуради, деган фикрни илгари сурган.

Миллатимизнинг урф-одатлари, анъаналари тарихи ҳам ғоят қадимдан бошланган. Булар қаторига бахшичилик, мақом санъатимиз, тасвирий санъатимизни ҳам қўшиш мумкин. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Шаҳрисабзда халқаро мақом фестивали, Термизда халқаро бахшилар фестивали, Қўқонда халқаро ҳунармандлик фестивали ўтказилгани бу санъат турлари юртимизда азал-азалдан, неча минг йиллар илгари мавжуд бўлганидан далолат беради. Буни ушбу фестивалларда иштирок этган, турли мамлакатлардан келган мусиқашунослар, ижрочилар, экспертлар алоҳида қайд этди. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида туркий тилли давлатлар вакиллари фаол иштирок этиб келаётир ва совринли ўринларни қўлга киритаётир.

Халқларни бир-бирига яқинлаштиришда, бир-бирини яқинроқ тушунишида адабиёт ва санъатнинг ўрни ва аҳамияти жуда катта. Азал-азалдан туркий тилли халқлар ижодкорлари бири бирига устоз, бири бирига шогирд бўлиб келган. Алишер Навоий озарбойжон адабиётининг улкан вакили Низомий Ганжавийни устоз билган, шу адабиётнинг бошқа бир намояндаси Муҳаммад Фузулий эса Алишер Навоийни устоз сифатида эътироф этган. Бу анъана замонавий адабиётларимизда ҳам давом этган ва давом этмоқда. Ғафур Ғулом ва Самад Вурғун, улардан кейинги авлод шоир ва ёзувчиларининг ҳамкорлиги бунинг ёрқин мисолидир. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоиримиз Абдулла Орипов бу дўстликни шундай таърифлаган.

Ўзбекман, англамай қаёққа бордим,

Шу инжа озарий тилни, забонни.

 

Асли Муқаннага қиёс этгулик,

Бобакнинг қалбидан тошган туғённи.

 

Низомий болидан ҳалво пишурмиш,

Навоий забт этиб туркий жаҳонни.

 

Бир лаҳза қўлидан қўйганми ўзбек,

Ўзинг айт, Фузулий битган девонни.

 

Азизим, дилимда асраб юрибман

Насимий қолдирган собит имонни.

 

Вурғуннинг шеъри деб жон чекса ўзбек,

Озар ҳам аярми Ғафурдан жонни.

Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон шоир ва ёзувчиларининг асарлари ҳам ўзбек китобхонларининг севимли асарларидир. Рашод Нури Гунтекин, Азиз Несин, Урхон Памук, Абай, Собит Муқонов, Мухтор Авезов, Чингиз Айтматов асарларини ўқимаган ёки уларнинг китоблари асосида ишланган фильм ва спектаклларни кўрмаган ўзбек ўқувчиси кам топилса керак. Айни вақтда Алишер Навоий, Бобур, Огаҳий, Фурқат, Муқимий, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Фитрат, Усмон Носир, Ҳамза, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, бошқа кўплаб ўзбек шоир ва ёзувчиларининг асарлари барча туркий тилли давлатларда нашр этилган, ўша мамлакатлар китобхонларининг севимли асарлари қаторидан жой олган.

Ижодий ҳамкорлик, устоз-шогирдлик анъаналари мусиқа, тасвирий санъат, амалий санъат, қўшиқчилик санъати вакиллари ўртасида ҳам мавжуд бўлган. Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига биноан қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик кўлами кенгайди. Бу ижод аҳлини ҳам мамнун этди ва ижодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди.

Аслида бир вақтлар барча туркий тилли халқлар ўзаро тилмочсиз гаплашган, асарларини таржимасиз ўқиган. Афсуски, шундай замонлар бўлдики, ана шу бир тилли миллатлар бир-бири билан ўзга тил орқали гаплашишга, асарларини бошқа тил орқали таржима қилиб ўқишга мажбур бўлди. Бу ҳол, табиийки, асарларнинг мазмунига, унинг ширасига салбий таъсир этди.

Ана шуларни ўйлаганда Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашидаги ўз ўрнини қайта тиклаётгани барчамизни қувонтиради. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу ташаббуси ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Бинобарин, мустақил давлат дегани ўз қобиғига ўралиб яшаш дегани эмас. Бирлашган ўзар, деган нақл бор халқимизда. Унинг маъно-мазмуни жуда теран. Ҳатто бир оила ҳам қўни-қўшниларсиз, маҳалла-куй, ошна-оғайни, дўсту биродарларсиз ҳаёт кечириши маҳол. Чунки инсон боласининг яхши-ёмон кунлари бўлиши табиий. Шундай кунларда ана шулар мадад бўлади, кунига ярайди.

Давлат ҳам шундай. Бу дунёда якка-ёлғиз, ҳеч ким билан борди-келди қилмай умргузаронлик қилаётган давлат йўқ. Хусусан, бир оилага мансуб тилда сўзлашувчи давлатларнинг ҳамкорлиги жуда катта аҳамиятга эга. Бу ҳамкорлик биз учун ҳам, қардош давлатлар халқлари учун ҳам ниҳоятда муҳим. Чунки бебаҳо, беназир бой меросимизни уларга, улар орқали жаҳонга намойиш этиш имкони туғилади. Айни чоғда халқимиз қардошларимизнинг тарихи, мероси билан танишади. Энг муҳими, ҳамкорлик, борди-келдилар изчиллик касб этса ўзбек, озарбойжон, турк, қозоқ, қирғиз ва бошқа туркий тилли миллатлар ўзаро бевосита, тилмочсиз мулоқот қилиш имкониятига эга бўлади. Суҳбату мулоқотлар бардавом бўлса деярли эсимиздан чиқаёзган аслида тилимизнинг бир шеваси каби яқин бўлган тиллар қулоғимизга, онгимизга сингади, талаффузи сал бошқачароқ, бироқ ўзаги бир тилларни бемалол тушунамиз ва шу тилларда гаплаша оламиз. Зеро, туркий тилли миллатларнинг томири, илдизи туташ, улар бир-биридан қувват олади, бир-бирини тўлдиради. Бу томирлар жуда чуқур кетган. Бугунги эътибор туфайли ана шу теран томирларга янги қувват инди. Бу уларни янада бақувват, яна ҳам мустаҳкам қилади.

 

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ (“Халқ сўзи“).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019