“Темур тузуклари билимдони” танловининг республика босқичи ғолиби аниқланди

19:00 05 Сентябр 2019 Жамият
229 0

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида “Темур тузуклари билимдони” танловининг республика босқичи ўтказилди. Унда танловнинг ҳудудий босқичларида ғолибликни қўлга киритган, Амир Темурнинг шоҳ асари бўлган “Темур тузуклари” китобини синчковлик билан ўқиган ва уққан 14 нафар ёш ҳарбий хизматчи ўзаро беллашди. Мазкур босқичда қатнашчилар “Амир Темур ва бугунги замон”, “Амир Темурнинг ҳарбий сабоқлари” ҳамда “Амир Темур ўгитлари билимдони” каби шартларда қизғин баҳс олиб борди.

—Ушбу танлов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бош мутахассиси Қандил Бобоқулов. —14 нафар иштирокчининг 6 нафари Мудофаа вазирлиги тизимидан, 3 нафари Ички ишлар вазирлиги тизимидан, 1 нафари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидан, 2 нафари Миллий гвардия тизимидан, 1 нафари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларидан ва яна 1 нафари Давлат божхона қўмитаси тизимининг вакилларидир.

Натижаларга кўра “Темур тузуклари билимдони” танловининг республика босқичида мутлақ ғолибликни Тошкент шаҳридан Ички ишлар вазирлиги академияси курсанти Лочинбек Ҳамроқулов қўлга киритди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Жиззах вилоят Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходими катта лейтенант Фаррухжон Абдурахмонов 2-ўринни эгаллаган бўлса, 3-ўринга Тошкент вилоятидан Миллий гвардияга қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси оддий аскар Содиқ Отабоев сазовор бўлди. Танловда ҳар бир иштирокчи соҳибқирон Амир Темур ўгитларини пухта ўзлаштирганлиги, ҳарбий сабоқларини чуқур англаганлигини берилган жавоблар орқали кўрсатишди.

Ғолиблар ва совриндорлар диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

—288 та ҳарбий қисм ва муассасанинг 25 минг нафардан ортиқ ёш ҳарбий хизматчилари орасида республика босқичигача етиб келиб, биринчиликни эгаллаш мен учун катта шараф. “Темур тузуклари билимдони” деган эътирофга сазовор бўлиш нафақат қувонч, фахр бағишлайди. Бу ўз навбатида касбимга бўлган масъулиятимни ҳам янада оширади, — дейди Лочинбек Ҳамроқулов. —Ушбу танлов ёш ҳарбийлар учун китоб ўқишга катта мотивация берди. “Темур тузуклари”даги сабоқларни уққан ҳар бир ёш соҳибқирон ўгитларини ўзи учун дастури амал қилиб олади.

Шахноза Нуруллаева


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019