Темур бобомиз бунёд этган Шаҳристонга саёҳат

13:01 29 Январь 2020 Маданият
765 0

Дунё маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган Соҳибқирон Амир Темур асрлар давомида халқимизнинг фахр-ифтихорига айланиб келмоқда. Неча йилдирки, буюк саркарданинг номи, улуғ зафарлари жаҳон тарихида алоҳида ўрин тутади. Бобомиз ҳақида қанчадан-қанча ривоятлар тўқилмаган, асарлар ёзилмаган, дейсиз.

Амир Темур номи абадийлаштирилгач, Соҳибқирон ҳаёти, сиёсий ва жанговар фаолияти ҳақида кўплаб илмий, тарихий ва бадиий асарлар, фильмлар яратилди. Маънавий мероси буюк қадрият сифатида улуғланмоқда. Мамлакатимизда ул зотнинг ҳайкаллари ўрнатилди, эзгу амаллар қаторида пойтахтимизда Амир Темур музей очилгани темурийлар сулоласининг бой меросига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромнинг ифодаси бўлди. Ўрта асрлар саройлари кўринишидаги муҳташам бино таниқли рассомлар, усталар томонидан безатилгани маданиятимизнинг бой тарихидан далолат беради.

Бугун музейга юртдошларимиз қатори Марказий Осиё халқлари, француз, ҳинд тадқиқотчилари, европалик олимлар ҳам ташриф буюриб, Амир Темур ва темурийлар тарихи, маънавий меросини атрофлича ўрганиб, бу ҳақида теран таҳлилу маълумотларга эга бўлмоқда.

Музей фондида темурийлар давридаги сопол буюмлар, мис тангалар, навкарларнинг темир совутлари, амирлик унвонига сазовор бўлган шахслар ҳақида олимлар ёзиб қолдирган асарлар нусхаси сақланади, – дейди Амир Темур музейи илмий ходими Тўлқин Ҳайит. –Ҳар бир ёдгорликнинг тарихи Амир Темур ҳақидаги ҳақиқатларни тиклашга, Соҳибқирон шахсининг биз билмаган томонларини ўрганишга асос бўлади.

Амир Темур ўз салтанатини ташқи жиҳатдан обод қилишдан ташқари, истеъдодли ҳунарманд усталар, меъморлар, олиму фозилларга алоҳида эътибор қаратган. Ўша даврда тиббиёт,риёзиёт фанлари равнақ топган. Музейда Амир Темур ва Франция қироли Карл VI нинг халқлараро хайрихоҳлик, дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун юборган номаларининг нусхалари сақланаётгани нафақат ватандошларимиз балки, чет эллик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу хорижда буюк бобомизга муносабат ўша даврларда ҳам ижобий бўлганини кўрсатади. Тарихдан маълумки, улуғ ҳукмдор халқнинг турмуш маданиятини юксалтириш учун Испания, Венеция, Англия, Франция, Хитой ва Миср каби давлатларга элчи юбориб, иқтисодий ва савдо муносабатларини йўлга қўйган. Шарқдаги юриши араб, форс, турк шоирлари ўртасидаги ижодий алоқаларини тикланишига олиб келган. Музейда бобокалонимизнинг “Темур тузуклари” ёзма ёдгорлиги ҳам жой олган. Ҳар бир тарихий ашёлар қаршисида бебаҳо ўгитларидан парча қайд этилган.

Аслида қайси даврга мансуб бўлмасин, ҳар бир миллатнинг фахр-ифтихори энг аввало, адолатли ҳукмдорларининг одиллиги, фозил алломаларининг жаҳон илм-фан, маданиятига қўшган ҳиссаси билан ўлчанади. Бу борада Амир Темур амалга оширган ишлар беҳисоб. Музейдаги темуршунос олим Турғун Файзиев томонидан яратилган “Амир Темур шажараси” алоҳида эътиборга молик. Шажара бобомизнинг ўғиллари – Жаҳонгир, Умар Шайх, Мироншоҳ, Шоҳруҳ Мирзо ва қизлари –Оғабеги хоним, Султон Бахт бегим билан бошланса, набиралари–Султон Али, Бобур, Бойсунғир, Султон Маҳмуд, Султон Аҳмад, Ҳалил Султон, Улуғбек, Абдулатиф, Султон Абу Саид Мирзо билан давом этади. Бинобарин, ҳукмдор ўз эътиборини набираларининг таълим-тарбиясига қаратган.

Музейдаги миниатюраларда Улуғбекнинг Самарқандда, Шоҳруҳнинг Ҳиротда энг машҳур алломалар сафида ижод билан машғул пайти тасвирланган. Улуғбекнинг яна бир қирраси–ҳукмдорлик даврида олиб борган қурилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу ерда Самарқанднинг меъморий ёдгорлиги ҳисобланган Улуғбек мадрасасининг унинг буйруғи билан 1417-1420 йилларда қурилган. Бино икки қаватли бўлиб, тўғри тўрт бурчак тархли ҳовлиси 50 та хужра билан ўралган. Бинонинг ички ва ташқи кўриниши парчин ва кошинлар билан безатилган. Улуғбек XVII аср Ғарбий Европа гравюрасида астроном олимлар даврасида тасвирланган. Музейда расадхонанинг макети, астрономик асбоблар, Улуғбек юлдузлар глобуси макети мавжуд.

Бобомиз вафотидан сўнг унинг фан тараққиётига қўшган ҳиссасини авлодлари давом эттирди. Улардан бир Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонда буюк давлатчиликнинг асосчисидир. Музейдаги кўргазмаларда улуғ шоир, қомусий илм соҳиби, моҳир лашкарбоши ва йирик давлат арбоби Бобур Мирзо ҳаёти ва фаолиятига доир қизиқарли тарихий манбаларга ҳам алоҳида эътибор берилган. Дунёнинг етти мўъжизасидан бири ҳисобланган Ҳиндистоннинг Агра шаҳри яқинидаги Шоҳ Жаҳон буйруғи билан XVII аср (1632-1650 йиллар)да севикли ёри Мумтоз Маҳал учун қурдирган Тож Маҳал мақбараси макети хилма-хил маданиятлар билан чамбарчас боғланиб кетган. Унинг қурилишида самарқандлик (Муҳаммад Шариф), бухоролик (уста ота Муҳаммад) усталар ҳам қатнашгани қайд этилган. Бино тўртбурчак шаклда бетакрор услубда қурилган. Унинг тўрт томони 45 метрлик минорлар билан ўралган. Мақбара деворлари садаф, зумрад, ёқут, фил суяги ва бошқа қимматбаҳо тошлар билан безатилган.

Амир Темур қайта бунёд этган шаҳар Шоҳруҳия–Шаҳристон харобаларидан кўргазмага намуналар тақдим этилган. Унинг тарихий ёнинг тарихий ёдгорлиги ҳақида музей археологи Ўткир Алимов бир неча йил тадқиқотлар олиб борган. Тадқиқотлар натижасида ўша даврга оид сопол, шиша, мис буюмлари топилган. Қўрғон ўрнидан топилган ёдгорликлар музей экспонатини безаб турибди.

Музейдаги “Буюк ипак йўли” харитасини кўрган ҳар бир киши Амир Темур давлатида мамлакат ҳаётининг барча соҳалари каби ташқи алоқалар масаласига ҳам алоҳида эътибор берилганини гувоҳи бўлади. Бундай муносабатлар кўлами Шарқда Хитойдан то Европа давлатларигача бўлгани, ўша даврда хорижий давлатлар ҳукмдорлари билан олиб борган ёзишмалари, яъни сақланиб қолган мактубларнинг нусхалари бунга шоҳидлик беради.

(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?