Темир йўлчилар Тошкентда нега жам бўлишди?

15:45 04 Июнь 2019 Жамият
341 0

Тошкент шаҳрида Темир йўл ҳамкорлик ташкилоти вазирлар кенгашининг 47- сессияси ўз ишини бошлади. Унда мазкур ташкилотга аъзо — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Словакия, Руминия, Россия, Эстония, Чехия, Украина, Польша, Мўғулистон, Молдова, Литва, Латвия, Озарбайжон, Афғонистон, Беларус, Болгария, Венгрия, Вьетнам, Грузия,Эрон, Хитой, Жанубий Корея каби 27 давлатнинг транспорт вазирлари ҳамда темир йўл раҳбарлари қаторида Халқаро темир йўл ташиш ҳукуматлараро ташкилоти, Халқаро транспорт федерацияси, Халқаро темир йўл транспорти қўмитаси, БМТнинг Европа иқтисодий комиссиясининг ички транспорт қўмитаси каби бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда.

Маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, Темир йўл ҳамкорлик ташкилотига 1956 йилда асос солинган бўлиб, унга дунёнинг 29 давлати аъзо. Ташкилотнинг дастлабки сессияси 1956 йил Болгария пойтахти София шаҳрида ташкил этилган бўлса, ўтган йили унга Қирғизистон мезбонлик қилган эди.

Юртимизда уч кун давом этадиган галдаги сессияда ташкилотнинг 2018 йилги фаолияти, ташкилот комиссиясининг транспорт сиёсати ва ривожланиш стратегияси бўйича олиб борилган ишлар хусусида маълумотлар тақдим этилиши баробарида, давлатлараро ташувларнинг ҳозирги ҳолати, ҳамкорликда йирик лойиҳаларни амалга ошириш, соҳага инновацион технологияларни жалб қилиш, янги транзит йўлакларни жорий этиш, тариф сиёсати йўналишларида музокаралар олиб борилади. 2020 йилга белгиланган лойиҳалар режаси ҳам ишлаб чиқилади.

Қайд этиш керакки, мамлакатимиз темир йўли Осиёни Европа билан боғлашда муҳим стратегик йўлак ҳисобланади. Ўзбекистон темир йўлларининг маъмурияти ташқи иқтисодий алоқаларни яхши йўлга қўйган. Хитой, Япония, МДҲ ва Европа давлатлари билан алоқалар мунтазамлик касб этган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон темир йўлларнинг умумий узунлиги қарийб 7000 километрдан зиёдни ташкил этади. 2700 километрдан ортиқ темир йўлларимиз эса тўлиқ электрлаштирилган. Бундан ташқари, сўнгги йилларда 21 та янги вокзал қуриб фойдаланишга топширилгани, 11 таси эса жаҳон стандартларига мос равишда тубдан таъмирлангани диққатга сазовор.Мамлакат ягона темир йўл тизимини барпо этиш, йўловчи ва юк ташиш ҳажмини оширишга қаратилган “Навоий – Учқудуқ – Султонувайстоғ – Нукус”, “Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон”, “Ангрен – Поп”, “Бухоро – Мискин” каби кўплаб йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Булар эса халқаро алоқаларни ривожлантиришда айни муддаодир.

— Бугунги сессияда иштирок этаётганимиздан мамнунмиз, — дейди Корея темир йўл корпорацияси бош директори Вон Хе Ил. — Жанубий Корея ушбу ташкилотга аъзо бўлган энг ёш давлатлардан бири ҳисобланади. Шу маънода, анжуманда темир йўл тизимини янада ривожлантириш истиқболлари, халқаро ташувлар ҳажмини кўпайтириш, янги транзит йўлакларини белгилаб олиш, қўшма йирик лойиҳаларни рўёбга чиқариш юзасидан музокаралар ўтказилаётгани биз учун жуда муҳим.

Айтиб ўтишими керакки, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дўстона алоқалар темир йўл тизими учун янги саҳифа очмоқда. Шу боис “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда кўплаб лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз.

Анжуман доирасида Темир йўл ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг транспорт вазирлари ҳамда темир йўл раҳбарларининг расмий учрашувлари ҳам бўлиб ўтади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019