«Тeмир дафтар»ни юритишда нохолисликлар бор...(ми?)

13:24 31 Август 2020 Жамият
288 0

29 август куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, OʼzLiDeP фракцияси аъзоси Зафар Худайбердиев, маҳаллий Кенгаш депутатлари, секторлар ва тумандаги давлат ҳамда жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди.

Сессияда Уйчи туманида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш («темир дафтар»), тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар қизғин муҳокама қилинди. 

Кун тартибидаги масала бўйича депутат Зафар Худайбeрдиев ўз фикрларини билдирди:

"Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, сессия иши бошлангунга қадар «темир дафтар»дан ўз розилик хати орқали чиқарилаётган бир неча оилаларда бўлдим ва улар билан суҳбатлашдим. Суҳбат давомида айрим оилалар «темир дафтар»дан доимий даромад манбаига эга бўлмаса-да, чиқариб юборилаётгани, айрим ҳолатларда бу дафтарга улардан-да эҳтиёжманд оилаларнинг киритилмаганлиги ҳам кузатилди.

Жумладан, маҳалла вакиллари эмас, балки ўзим танлаган уйга кирганимда, де-юре бўлмаса ҳам, де-факто 2 та ногирон борлиги, бири 74 ёшли аёл, инсульт оқибатида ётиб қолгани, иккинчиси, 4 ёшли болакай, гемипарез билан оғриб, оёқ ва қўлида нуқсони борлиги, онахоннинг ўғил фарзанди бўлмагани боис набирасининг қарамоғида қолгани ва набиранинг топгани ўзининг ногирон фарзандини даволатишдан ортмаётганининг гувоҳи бўлдим. Эътиборли жиҳати, бу оила эҳтиёжманд оила сифатида дафтарга киритилмаган.

Кузатувларим натижасида олинган маълумотлар «темир дафтар»га киритиш ва чиқариш юзасидан қуйидаги хулосалар қилишга асос бўлди:

Биринчидан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини «темир дафтар»га киритишда нохолисликлар, оилалар шароитини чуқур ўрганмаслик ҳолатлари учрайди.

Иккинчидан, эҳтиёжманд оилаларни «темир дафтар»дан чиқаришда доимий даромад манбаига эга қилмасдан чиқариб юбориш, жумладан, ишга жойлангандан сўнг маош олган-олмаганлигини, боқиш учун уй ҳайвонлари олиб берилгандан сўнг ёки иссиқхона қуриб берилгандан сўнг даромадга кирган-кирмаганлигини ёки тикув машинаси олиб берилгандан сўнг ишлаётган-ишламаётганини мониторинг қилмаслик ҳолатлари кузатилади.

Учинчидан, маҳаллаларда «темир дафтар»га нисбатан оилаларга нафақа пули ёки моддий ёрдам ажратишга ўхшаган тизим сифатида тушуниш шаклланган (яъни эҳтиёжманд оилаларни навбат билан «темир дафтар»га киритиш ва ундан чиқариш).

Тўртинчидан, «темир дафтар»ни юритилишида «маҳалла – депутат – сектор» ҳамкорлик тизими талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Маҳалла масъуллари депутатларга нисбатан ҳамкор сифатида эмас, балки яна бир назоратчи сифатида қарамоқдалар. Бундай қараш маҳалла масъуллари ва депутатлар ўртасида юзага келган мулоқот шакли билан боғлиқ, десак янглишмаган бўламиз.

Хуллас, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлашда маҳалла масъуллари, депутатлар ва сектор раҳбарлари ижтимоий шерик сифатида баҳамжиҳат иш юритмас эканлар, аҳолини рози қилишдек машаққатли ва масъулиятли жараёнда муаммолар юзага келаверади".

Сессияда мазкур  муаммоларни ечишда депутатларнинг фаол бўлишлари, амалга оширилаётган бу жараёнлар сайловчилар ишончини оқлаш учун яна бир имконият эканлиги борасида тавсиялар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?