«Темир дафтар»га киритилган 396 минг киши йил охирига қадар иш билан банд этилади

13:22 28 Август 2020 Жамият
351 0

Сир эмаски, карантин даврида иқтисодий ўсиш суратлари пасайди, аҳолининг кўп қисми кундалик даромадидан айрилди, ишсизлар сони ортди. Шу каби жиҳатларни инобатга олиб, уч тоифа асосида 16 ёшгача бўлган болалари бор оилаларга беш юз мингдан бир марталик ёрдам пули ажратилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг ижроси юзасидан АОКАда ташкил этилган брифингда бу ҳақда батафсил сўз юритилди. Унда Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги расмий вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир марталик ёрдам пули бериладиган оилалар учун давлат томонидан 400 млрд.дан ортиқ пул ажратилган бўлиб, бу орқали болаларга қишки кийим, ўқув қуроллари каби зарур нарсалар билан таъминлашда аҳолига ёрдам бериш кўзда тутилган. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги департамент бош мутахассиси Шаҳобиддин Давлатовнинг таъкидига кўра, «Темир дафтар»га 409 минг ижтимоий ҳимояга муҳтож оила киритилган. Оила аъзолари сони жами 1 млн 726 минг кишини ташкил этади. Уларнинг 396 минг нафари ишсиз бўлиб, йил охирига қадар иш билан банд этилади. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлигининг республикадаги тегишли бошқарма, ташкилот ходимлари, педагоглар ва бошқа ходимлар 1 октябргача бепул тиббий текширувдан ўтказилиши ҳамда бунга 60 млрд миқдорида маблағ ажратилганлиги алоҳида эътироф этилди.

Эслатиб ўтамиз, бир марталик ёрдам пули ажратиладиган уч тоифадаги оилалар:

— Меҳнатга лаёқатсиз, ногиронлиги бўлган 16 ёшгача бўлган болалар;

— ​ Моддий ёрдамга муҳтож оилаларнинг рўйхатларига киритилган, коронавирус туфайли даромадидан айрилган, 5 ва ундан кўп 16 ёшгача бўлган болалари бор оилалар; 

— Боқувчисини йўқотган, қаровчисиз 16 ёшгача бўлган болаларнинг ҳар бирига 500 мингдан пул миқдорида ёрдам пули берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?