Телеканаллар ва сайтлар томонидан фильмларни қонунга зид равишда ҳавола этиш ҳолатлари кузатилмоқда  

14:24 21 Ноябрь 2019 Жамият
602 0

Иллюстратив фото

Бу “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳузуридаги бадиий кенгаш ва Ўзбекистон Киноарбоблари уюшмасининг давлат ва нодавлат телеканаллари, интернет ижтимоий тармоқларидаги сайтлар ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарларига қилган мурожаати да таъкидлаб ўтилган.

Унда қайд этилишича, бугунги кунда давлат буюртмаси ва хусусий студиялар томонидан суратга олинган фильмларни амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда давлат ва нодавлат телеканаллари орқали намойиш этиш ҳамда Интернет ижтимоий тармоқларидаги сайтларга қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. 
"Шу билан бирга, давлат буюртмасига биноан ҳамда хусусий студиялар томонидан суратга олинган бир қатор фильмлар намойиш этилишидан аввал “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва фильм муаллифлари билан келишилмаган ҳолда айрим эпизодларни кесиб ташланаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу, албатта, томошабин эътиборига ҳавола этилаётган фильмларимизнинг бадиий савияси тушиб кетишига хизмат қилаётгани шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-3880 – сон қарорида “Муаллифлик ҳуқуқи объектларини, шу жумладан, кино маҳсулотларини ноқонуний тарқатилишини аниқлаш ва олдини олиш, улар билан рухсатсиз фойдаланишдан ишончли ҳимоя қилиш, ўғринча кўчириб олишга қарши курашишнинг аниқ механизмлари мавжуд эмаслиги кино маҳсулотларининг асл нусхаларини юқори даражада ноқонуний айланишига ва мамлакатнинг кинокомпаниялари ҳамда кинотеатрларига сезиларли зарар етказилишига олиб келмоқда”, - дейилган. Дарҳақиқат, интеллектуал мулк объекти бўлган хорижий кино маҳсулотларининг ноқонуний тарқатилиши билан боғлиқ бўлган жиноий ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан тезкор ҳаракатлар зарур бўлмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳузуридаги Бадиий кенгаш ва Ўзбекистон киноарбоблари уюшмаси давлат ва нодавлат телеканаллари, Интернет ижтимоий тармоғидаги сайтлар ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарларидан бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни ҳамда бошқа амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўз фаолиятларини ташкил этишларини сўрайди", - дейилади мурожаатда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?