Тажрибали спортчилар энди ички ишлар тизимида фаолият олиб боришади

14:12 30 Октябр 2019 Жамият
80 0

Давлатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар шахсий таркибининг жисмоний тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилиб келинган. Шунингдек, ички ишлар тизимида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хўш, жисмоний тайёргарлик шахсий таркиб учун қанчалик муҳим ва унинг аҳамиятли томони нимада?

Жисмоний тайёргарлик – шахсий таркибнинг тезкор-хизмат ва жанговар вазифаларни бажаришда жисмоний ва психологик шайлигини шакллантириш, турли ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасида жисмоний куч ишлатиш, курашнинг жанговар усулларини ва махсус воситаларни моҳирона қўллаш, шунингдек хизмат фаолияти жараёнида юқори ишчанликни таъминлаш мақсадида ташкиллаштирилади.

Шу муносабат билан, соҳа ходимларининг жисмоний қобилиятларини ривожлантириш, лозим даражада ушлаб туриш ва уларнинг иродавий сифатларини ривожлантириш, соғлигини яхшилаш, мустаҳкамлаш ҳамда юксак иш қобилиятларини шакллантириш мақсадида жами 22 та “Катта инспектор-методист” лавозимлари жорий этилди.

Жисмоний тайёргарлик бўйича “Катта инспектор-методист” лавозимлари Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти ташаббуси билан барча туманлар бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари ҳамда Йўл-патрул хизмати ва Патруль-пост хизмати бригадаларининг барча батальонларида мавжуддир.

Ушбу “Тошкент тажрибаси” тариқасида жорий этилган лавозимларни қисқа муддатда сифатли малакали мутахассислар билан жамлаш мақсадида, ижтимоий тармоқларда танловлар ўтказилиши бўйича эълон берилган эди ва у асосида жами 30 нафар номзод мурожаат этган.

Улардан спортнинг муай-тай, каратэ, кикбоксинг, эркин кураш, дзюдо ва бошқа турлари бўйича мураббийлик тажрибасига эга бўлган, спорт усталигига номзод ва спорт усталаридан ташкил топган халқаро, Осиё ва республика мусобақаларида бир неча бор фахрли ўринларни эгаллаган 11 нафар чемпион ёшлар танлаб олиниб, лавозимларга тайинланди.

Жумладан: Абдуманнобов Санжарбек – 2010 йилда муай-тай спорт тури бўйича Ўзбекистон Чемпионатида 2-ўрин ва 2019 йилда Ўзбекистон чемпиони;

Валихонов Ойбек - 2011 йилда пенчак-силат спорт тури бўйича Жаҳон кубоги олтин медал соҳиби, 2013 йилда – Ўзбекистон чемпиони, 2013 йилда – каратэ спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпиони, 2012 йилда – кикбоксинг спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпиони.

Бундан ташқари, ички ишлар органлари тизимида хизмат олиб бораётган, турли спорт йўналишларида халқаро ва жаҳон миқёсида юқори натижаларга эришиб келаётган 4 нафар ходимлар ҳам танлаб олиниб, лавозимларга тайинланди ва қолган лавозимларини ҳам жамлаш бўйича номзодлар ўрганиб чиқилмоқда.

Шунингдек, лавозимларга тайинланган номзодлар билан шахсан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Р.Джураев самимий суҳбат олиб борди ва уларга ушбу масъулиятли вазифаларни амалга оширишда сабр ва матонат ҳамда зафарлар тилади.

Тадбир сўнггида, ички ишлар органлари сафига қабул қилинган ходимлар Тошкент шаҳар ИИББда ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан танишдилар.

"Ҳар томонлама баркамол, жисмонан етук ёшлар юртимиз фахридирлар. Келгусида ички ишлар тизимида самарали фаолият олиб бориб, юртимиз тинчлиги ва барқарорлиги йўлида бор куч-қувватини сарфлаб, хизмат олиб боришларига ва мақсад сари олға интилишларига ишонч билдирамиз!" дейилади ИИББ хабарида.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019