Тажриба алмашишнинг фойдаси кўп

10:44 02 Май 2018 Иқтисодиёт
422 0
Фото: sputniknews-uz.com

Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда гўшт ва сут ишлаб чиқариш истиқболлари: эришилган ютуқ ва мавжуд муаммолар” мавзуида халқаро илмий-амалий ўқув семинари бўлиб ўтди.

Акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан республика “Насл-хизмат” уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Германия, Голландия ҳамда Украинанинг чорвачилик соҳасидаги етакчи компаниялари мутахассислари томонидан Тошкент ва Сирдарё вилоятларида фаолият юритаётган чорвачиликка ихтисослаштирилган субъектлар вакиллари учун маърузалар қилиниб, ўзаро фикр алмашилди.

Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари вилоятларга ташрифлари давомида чорвачилик соҳасини илмий асосда ташкил этиш, хўжаликларда наслчилик ишларини тўғри йўлга қўйиш, маҳсулдорликни ошириш, шунингдек, банклар томонидан тармоқ ривожи учун ажратилган кредитларнинг келгусида қайтарилиши масаласининг муаммога айланишини олдини олиш мақсадида мутасаддилар олдига ривожланган давлатлардан олим ҳамда мутахассисларни жалб этиш вазифаларини қўймоқда. Жумладан, ушбу йўналишда илмий-амалий ўқув семинарлари уюштириш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш ҳамда мониторингини олиб бориш вазифаси Халқ банки зиммасига юклатилган.

— Юртингизда қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари қаторида чорвачиликка ҳам катта эътибор қаратилмоқда, — дейди Голландиянинг “Trouw Nutrition” компанияси вакили Артур Свирид. — Қишлоқ мулкдорларининг ўз ишига масъулияти ва иштиёқи баланд. Шу боис ўқув семинари давомида бир нечта йўналишларда машғулотлар ўтказилди. Бундай учрашувлар фермерларнинг билим ҳамда кўникмаларини ошириш баробарида, ҳамкорликни ҳам ривожлантиришга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, банк томонидан охирги икки йил мобайнида қишлоқ хўжалигининг муҳим бўғини саналган ушбу тармоқни ривожлантириш мақсадида Россия, Украина, Европа давлатларидан 20 минг 254 бош наслли қорамол ва 3 минг 632 бош эчки олиб келиш учун 241,5 миллиард сўм миқдорида маблағлар йўналтирилди. Пировардида 4500 дан ортиқ иш ўринлари яратилди.

Семинарда қатнашаётган фермер хўжаликлари чорвачилик соҳасидаги сўнгги маълумотларни ўзлаштириб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишмоқда. -Албатта, бу уларнинг келгусидаги иш фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.

Ўқув семинарлари, шунингдек, Самарқанд, Хоразм ҳамда Андижон вилоятларида ҳам бўлиб ўтади. Уларда республикамизнинг барча ҳудудидан фермерлар ва тадбиркорлар иштирок этиши кўзда тутилган.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар