Ташқи ишлар вазири ўринбосари: Бугунги кунда хорижий давлатлардаги Ўзбекистон ­фуқароларининг сони 2,5 миллиондан ортиқ

16:33 10 Июль 2020 Жамият
919 0

Сўнгги йилларда хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Эркин ­Ҳамроев билан суҳбатимиз мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар, жумладан, вазирликнинг чет эллардаги ватандошлар билан ҳамкорлиги хусусида бўлди.

— Эркин Жалилович, тараққиётга эришган давлатлар тажрибасига эътибор қаратсак, бунда ватандошлар билан йўлга қўйилган алоқалар муҳим ўрин ­тутишига гувоҳ бўламиз. Очиғи, тан олиш керак, биз узоқ йиллар мобайнида ушбу масалага етарлича аҳамият бермадик. Президент ­Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари ва ташаббуси туфайли охирги тўрт йилда ватандошлар билан изчил ҳамкорлик йўлга қўйилди. Айтинг-чи, мана шундай прагматик мулоқотнинг ­муҳимлиги нимада?

— Тўғри айтасиз, ҳозирги вақтда кўплаб ватандошларимиз иқтисодиётимиз, ижти­моий соҳа, илм-фан, маданият, спорт ва бошқа йўналишларни ривожлантиришга, ўзларининг тарихий Ватани — Ўзбекистоннинг обрўсини ошириш ҳамда унинг ташқи дунё билан ­муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.

Ватандошлар билан ҳамкорлик қилишнинг узоқ муддатли ва мустаҳкам тизимини ­яратиш ҳамда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар ­стратегиясида белгиланган вазифаларни тўлақонли амалга ошириш мақсадида ­Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йилнинг 25 октябрь куни «Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ­ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомил­лаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат асосида Хорижда ис­тиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ва улар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Асосий мақсад — ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, давлат томонидан уларни рағбатлантириш, салоҳиятларини мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга, давлатимизнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга жалб қилишдир.

Мавжуд маълумотларга кўра, бугунги кунда хорижий давлатлардаги Ўзбекистон ­фуқароларининг сони 2,5 миллиондан ортиқ (Россия Федерациясида 1,5 млн.дан, АҚШда 100 мингдан, Қозоғистонда 140 мингдан, Қирғизистонда 13 мингдан, Тожикистонда 5 мингдан зиёд, Европа давлатларида 50 минг, Японияда эса 4 мингга яқин).

Шу билан бирга, хорижий мамлакатларда 49 000 дан ортиқ (Россия Федерациясида 17 488, Қозоғистонда 17 000 дан зиёд, Жанубий Кореяда 10 000 га яқин, Польшада 1600 дан ортиқ, Европанинг ­бошқа давлатларида 1000 дан кўп, ­Японияда 700 дан зиёд) ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқда.

Таъкидлаш жоизки, фуқароларимизнинг аксарияти хорижга борганидан сўнг Ўзбекис­тон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари консуллик рўйхатида турмаслиги ҳамда чет эл давлатлардаги шахсий маълумотларнинг қонун томонидан ҳимояланганлиги (шахснинг розилигисиз ошкор этмаслик) улар тўғрисида аниқ маълумотлар олиш, айрим ҳолларда ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича тезкор ёрдам кўр­сатишга тўсиқ бўлмоқда.

Шу ўринда юқорида айтиб ўтганимдек, хориждаги кўплаб ватандошларимиз республикамизнинг ривожланишида бевосита қатнашиш мақсадида Ўзбекистонга қайтиб келиб, ўзларининг ҳиссаларини қўшишмоқда. Хусусан, улар сафидан юқори малакали мутахассислар Ўзбекистон Республикасининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда жойлардаги ижро ҳокимияти ва ­бошқа давлат ташкилотларига ишга қабул қилиндилар. Ҳозир 130 нафардан ортиғи раҳбар ҳамда масъул лавозимларда фаолият олиб бормоқда.

Бундан ташқари, чет элдаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналаримиз хориждаги ҳамюртларимиз томонидан тузилган ташкилотлар, ўзбек миллий ва маданий марказлари билан яқин алоқалар ўрнатган, охирги йилларда улар билан биргаликда 700 дан зиёд тадбирлар — учрашувлар, давра суҳбатлари, тақдимотлар, брифинглар, видеоконференциялар, концерт­лар уюштирилганини алоҳида айтиб ўтиш ўринлидир.

— Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясидан кўзланган мақсад ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтсангиз.

— Мазкур концепция — давлатнинг ушбу йўналишдаги сиёсатининг принциплари, мақсадлари ва механизмларини намоён этадиган қарашларнинг ягона тизимидир.

Ҳужжатнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

— халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, истиқомат қилаётган мамлакатнинг қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шарт­номалари асосида чет эллардаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш;

— Ўзбекистон маданий, илмий ҳамда маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, уни ­дунёда ўрганиш ва оммалаштириш, истиқомат қилаётган мамлакатларида ўзбек тилини, маданиятини ҳамда анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган ­ватандошларимизнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг Ўзбекистонда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш;

— Ўзбекистон Республикасининг ижти­моий-иқтисодий тараққиётига ҳамда унинг хорижий мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишни истаган ватандошлар ҳамда улар томонидан тузилган ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;

— Ўзбекистон ҳудудида ватандошларнинг касбий, шу жумладан, тадбиркорлик, сармоя­дорлик, илмий, маърифий ҳамда маданий фаолиятини амалга ошириши учун қулай ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий шарт-­шароитлар яратиш;

— Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ­халқаро обрў-эътиборини янада мустаҳкамлашга ватандошлар салоҳиятини жалб қилиш.

Айни пайтда мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси изчил давом эттирилмоқда.

— Маълумки, чет элдаги ватандошларни юртимиз ривожи учун ҳисса қўшишга жалб қилиш мақсадида уларга муайян енгилликлар яратиб бериш кўзда тутилган. Хўш, ватандошларимизнинг салоҳиятидан фойдаланиш, уларни ­Ватанга инвестиция киритишга рағбатлантириш бўйича қандай режалар ишлаб чиқилди?

— 2019 йил 25 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжатга кўра, ватандошларга тасдиқнома бериш учун имтиёзли тартиб жорий этилган, тасдиқнома олиш учун тўлов миқдори камайтирилган.

Шу асосда Ўзбекистон Республикаси ­Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ватандошларга мамлакатимиз ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномалар бериб келинмоқда.

Қолаверса, 2019 йил 17 апрелда Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан хорижда яшаётган ­ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистонга таклиф этишни расмийлаштириш, кўп марталик кириш визаларини бериш ҳамда уларни ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмий­лаштириш бўлинмалари томонидан вақтинча прописка қилиш тартиби белгиланган.

Бундан ташқари, Президентимиз томонидан жорий йил июнь ойида Фарғона вилоятига амалга оширилган ташриф давомида ватандошлар билан тизимли ишлаш бўйича бир қатор вазифалар берилди.

Ушбу топшириқларни амалга ошириш мақсадида 2020 йилнинг иккинчи ярмида Ташқи ишлар вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда хориждаги ватандошларимизнинг инвестицион салоҳиятини, уларнинг билим ҳамда тажрибасини Ўзбекистондаги тараққиёт жараёнларига жалб этиш, улар орасидан инвесторлар, малакали мутахассислар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олим ва талабалардан иборат «Олтин дафтар» реестрини шакллантириш, уларга муайян енгилликлар ­яратиб бериш режалаштирилган.

— Пандемия даврида Ватанга қайтиш истагида бўлган юртдошларимиз билан боғлиқ айрим муаммолар юзага келгани ҳақида ижтимоий тармоқларда кўплаб мурожаатлар пайдо бўлди. Айтинг-чи, Ўзбекистонга қайтишни истаган ватандошларимизнинг ҳаммаси олиб келиндими? Шу ҳақда маълумот берсангиз.

— Дунё бўйлаб COVID-19 пандемияси ­тарқалиши боис Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси ташкил этилди.

Ушбу комиссиянинг тегишли баёнига мувофиқ, 2020 йилнинг 16 мартидан мамлакатимизда тегишли карантин чоралари қўлланилмоқда. Шулар қаторида, Ўзбекистон Республикаси бошқа давлатлар билан доимий авиақатновларни вақтинча тўхтатди.

Чет эллардаги Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган фуқароларимизнинг ўша давлатлардаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан тегишли рўйхати шакллантирилиб, Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан, чартер рейслар орқали республикамизга олиб келинмоқда. Шу кунга қадар 89 182 нафар (шундан 27 348 нафари чартер рейслар, 1 245 нафари темир йўл қатновлари ва 60 589 нафари автотранспорт орқали) Ўзбекистон фуқароси республикамизга қайтарилди. Айни вақтда 90 мингга яқин фуқароларимиз Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган ва тегишли рўйхатга киритилган.

Ўз навбатида, Россия, Туркия ва бошқа айрим давлатларда COVID-19 пандемияси билан боғлиқ карантин чоралари босқичма-босқич енгиллаштирилаётганлиги боис ушбу давлатларга меҳнат мигранти сифатида кетган фуқароларимиз ўз иш жойларига қайтмоқда ва Ўзбекистонга қайтиш қарорини ўзгартирмоқда.

— Коронавирусга қарши курашда хориждаги ватандошларимиз ҳам ўз ёрдамини бераётганини кўриб, эшитиб турибмиз. Мана шу саховат ишларида қайси давлатлардаги ватандошларимизни алоҳида эътироф этган бўлардингиз?

— Бу кўринмас «ёв»га қарши курашда кимнидир алоҳида эътироф этиш унчалик ҳам тўғри бўлади, деб ҳисобламайман. Чунки ушбу пандемия туфайли қийин ва ночор аҳволга тушиб қолган фуқароларимизга хориждаги барча сахий ватандошларимиз, ҳомийлар, ишбилармон доиралар вакиллари маблағлари ҳамда дипломатик ваколатхоналардаги ходимларимиз ўз ҳисобларидан кўмак берилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, коронавирус пандемияси оқибатида қийин аҳволда қолган Россия Федерациясидаги Ўзбекистон фуқароларига бир марталик моддий ёрдам тўланадиган «Меҳр» лойиҳаси жорий қилинди.

Мазкур маблағларнинг асосий қисмини элчихонанинг махсус очилган ҳисоб варағига ҳомийлар томонидан тушган маблағлар ташкил этади. Тўловлар қуйидаги тоифадаги фуқароларга ажратилмоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлганлар, қарамоғида 2 ёшга тўлмаган фарзанди бор ҳамда ҳомиладорлик ­муддати 7 ойдан ошган аёллар, COVID-19 ташхиси тасдиқланган фуқаролар ҳамда ­Россия олий таълим муассасаларининг ­кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар.

Шу каби хайрия акциялари Ватанимизнинг хорижий давлатлардаги барча дипломатик ва консуллик муассасаларининг кундалик иш фаолиятига айланиб улгурган.

Бугунги кунда чет элдаги ваколатхоналаримиз томонидан ҳомийлик маблағларини жалб қилган ҳолда 43 мингдан зиёд фуқароларимизга молиявий ва моддий ёрдам ­кўрсатилди.

Шу ўринда ҳозирги вақтда чет элда бўлиб турган фуқароларимиздан сабр-тоқатли бўлишни ва ўзлари турган давлатлардаги карантин қоидаларига қатъий риоя қилишларини яна бир бор сўраб қоламиз.

— Ватандошлар ҳақида сўз юритганда меҳнат мигрантлари ­хусусида алоҳида тўхталишимиз табиий. Бугунги кунда энг кўп меҳнат мигрантлари Россия Федерациясида фаолият юритяпти. Уларга қулайлик ва енгилликлар ­яратишда яна қандай янгиликлар бўлиши мумкин? Бошқа мамлакатларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз аҳволи қандай?

— Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг Россия ҳудудида, жумладан, Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Владивосток, Қозон, Ростов-Дон, Новосибирск ­шаҳарларида ҳамда Қозоғистон ҳудудида — Нур-Султон, Олмаота, Оқтау шаҳарларида дипломатик ва консуллик ваколатхоналар ­фаолият юритиб келмоқда.

Шу билан бирга, Қозоғистондаги Сари­ағаш ҳамда Россия Федерациясининг Тула, Самара ва Саранск шаҳарларида Бош ­консулхоналарни очиш масалалари кўриб ­чиқилмоқда.

Бундан ташқари, Жанубий Корея, Россиядаги элчихона ҳамда консуллик муассасаларимизда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакиллари ўз фаолиятларини олиб бормоқда. Ҳозирги кунда агентликнинг Туркия, Латвия ва Финляндияда ваколатхоналарини очиш бўйича музокаралар олиб бориляпти.

Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида Россия Федерация­сига борган, аммо мавжуд чекловлар сабабли ишсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг ваколатхоналари консуллик округи ҳудудидаги Меҳнат вазирликлари, давлат меҳнат инспекциялари, бандликка кўмаклашиш марказлари ҳамда ишчи кучига эҳтиёжи бўлган турли корхона ва ташкилотлар билан доимий равишда музокаралар ҳамда ҳамкорлик ишларини олиб боришмоқда.

Қолаверса, ваколатхоналар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ўз меҳнат фаолиятларини давом эттираётган давр мобайнида, уларнинг мослашишлари, ишга жойлашиш, ҳаётий қийин вазиятга тушиб қолган тақдирда меҳнат мигрантларига ўз вақтида зарурий ёрдам кўрсатиш имкониятларини янада кен­гайтириш мақсадида «Россия мигрантлари федерацияси» (Федерация мигрантов России) жамоат ташкилотининг ҳудудий бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг ваколатхоналари томонидан бир неча бор юборилган йиғма-таҳлил маълумотларда «Работа в России» электрон портали нафақат Ташқи меҳнат миграция агентлиги тизимида, балки хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар учун очиқ бўлиб, тўлиқ ишга туширилиши кераклиги таъкидланган. Ўз навбатида, ушбу электрон портал Россия меҳнат бозорини, унинг доимий ва ўзгарадиган талабларини таҳлил қилишда ҳамда чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни касбий йўналтирилишида имконият бериши маълум қилинган.

Ҳозирги кунда Россия Федерацияси ҳудудида карантин чоралари босқичма-­босқич юмшатилаётгани боис ушбу ­давлатда меҳнат фаолиятини давом ­эттириш ниятида бўлган фуқаролар Бош консулхоналарга бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотни олиш учун мурожаат қилмоқдалар.

Ишлаш истагидаги фуқароларга «Работа в России» электрон платформаси орқали иш излаш имконияти мавжудлиги, ушбу платформа ёрдамида фуқаронинг яшаб турган ҳудудида бўш иш ўринлари ҳақида маълумотларни доимий равишда олиш мумкинлиги маълум қилинмоқда.

Шунингдек, бошқа мамлакатлардаги меҳнат мигрантларининг аксарияти ҳозирги пандемия шароитида Ватанга қайтиш ниятини билдирганини ҳам айтиш ўринлидир.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда ­Ташқи ишлар вазирлигида ҳам консуллик ­хизматларини масофадан туриб, яъни интерфаол усулда амалга ошириш йўлга қўйилмоқда. Хусусан, айни пайтда чет элда фуқаролик паспортини йўқотган фуқароларга «Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси»ни расмийлаштириш, чет элда яшаб турган фуқароларимизга доимий ёки вақтинчалик консуллик рўйхатидан ўтиш имконияти яратилган. Бундан ташқари, ­кейинги босқичда фуқаролик ҳолатлари (туғилиш, никоҳ ва бошқа гувоҳномалар) бўйича онлайн хизматлар йўлга қўйилади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ
(«Халқ сўзи») суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?