“Tashkent Law Spring” халқаро юридик форумига тайёргарлик қандай кетмоқда?

15:25 22 Апрель 2019 Жамият
334 0

Шу йилнинг 25 апель куни Тошкентда мамлакатимиз тарихида илк бор “Tashkent Law Spring” I халқаро юридик форуми ўз ишини бошлайди.

Мазкур форумда маҳаллий ва хориждаги юриспруденция соҳасида фаолият юритиб келаётган мингдан зиёд вакиллар, жумладан, дунёнинг 37 мамлакатидан қарийб 240 нафар делегатларни иштирок этиши кутилмоқда.

Хўш, Адлия вазирлиги ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида илк маротаба ўтказилаётган бундай йирик форумга тайёргарлик ишлари қандай кетмоқда? Унинг доирасида қандай тадбирлар, акция ва лойиҳалар ташкил этилиши кўзда тутилган?

Форум олдидан уюштирилган матбуот анжуманида ушбу саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

“Ҳуқуқ — жадал модернизация даврида” мавзусида ўтказиладиган ушбу форумнинг амалий дастури “Сифатли бошқарув”, “Суд устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш”, “Фаол инвестициявий сиёсат” йўналишлари бўйича 17 та сессияни ўз ичига олади.

Тадбир доирасида “Суд экспертизаси” ва “Нотариат” мавзуларига оид иккита давра суҳбати, Ўзбекистон инвестиция муҳити, давлат хизматлари ва фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар бўйича тақдимотлар, “Юридик компания бошқаруви: муваффақият сирлари” ва “Инвестиция лойиҳаларини бошқариш” бўйича маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, “Йилнинг энг яхши адвокати”, “Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси”, “Энг яхши корпоратив юридик хизмат” каби номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими ҳам ўтказилади.

Қисқаси, “Tashkent Law Spring” халқаро юридик форуми йирик профессионал байрамга айланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларнинг юриспруденция соҳаси вакиллари жонли мулоқот ва қулай шароитларда дунёдаги мураккаб ҳамда қизиқарли масалаларни, бугунги кунда сармоядорлар учун яратилаётган имкониятлар ва уларга қаратилган чақириқлар бўйича муҳокама қилиш имконига эга бўладилар.

Маълумот учун: форум жараёнларини ёритиш учун миллий ва хорижий ОАВларнинг 90 нафардан ортиқ вакиллари аккредитациядан ўтказилди. Форум АҚШнинг халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID), БМТ Тараққиёт дастури, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармаси (UNODC), “Ҳудудий мулоқот” халқаро ташкилоти,“Газпромбанк” АЖ ва бошқа ташкилотлар тадбирнинг асосий ҳомийларидир.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019