Tashkent City: муваффақиятларимизнинг яна бир тимсоли

11:33 15 Октябр 2019 Жамият
526 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

“Агар бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган иморатларга боқинг”. Маҳобатли ва муҳташам Оқсарой пештоқига битилган ушбу сўзларни бундан етти аср муқаддам соҳибқирон Амир Темур бобомиз айтганди. Зотан, давлатнинг қудрати, элнинг шавкати унинг турмушида зуҳур бўлиши бор гап. Шу маънода, кейинги уч йилда Ўзбекистонда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари буюк аждодимизнинг ўша машҳур таъкиди ўлароқ кўз ўнгимизда намоён бўлаётир. Хусусан, пойтахтимиз марказида қад ростлаётган “Tashkent Сity” мажмуи мамлакатимиз ва халқимиз қудрату шавкатини ўзида ифода эта олади, десак, янглишмаган бўламиз.

 

Глобаллашаётган замон наинки илм-фанда, балки одамлар турмушида ҳам илғорликни тақозо этмоқда. Кимлардир “Ситилар нимага керак?”, “Сити қургунча фалон нарсани қилса бўлмайдими?” қабилидаги иддаоларни ўртага ташлар экан, бунда ғараз ва хусумат “қулоғи” кўриниб туради. Албатта, бундай носоғлом фикр билан ётиб олиб талашиш — тафаккурли одамнинг юмуши эмас. Қалбида элу юртга муҳаббати бор одам мана шу бунёдкорликдан, албатта, чексиз фахр-ифтихор туйиши, шубҳасиз.

Юртимиз кўркига кўрк, юртдошларимиз қалбига чексиз қувонч улашаётган “Tashkent Сity”нинг 5-лот қисмидан жой олган Конгресс холл ва “Hilton” меҳмонхонаси шу кунларда барча учун ўз эшикларини очди. Айни пайтда бу манзилдан кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, ёшлар, фарзандларини етаклаган ота-оналар, хорижлик меҳмонларнинг қадами узилмаяпти.

Ҳайратга солмай қўймайди

Конгресс холл биноси давлатлараро музокаралар ва учрашувлар ўтказишга мўлжалланган. Бинонинг умумий қурилиш майдони 43 минг квадрат метр. Биринчи қаватда 3,5 минг нафар иштирокчига мўлжалланган 70х70 метр ўлчамдаги катта конференция зали, хорижий давлат раҳбарлари алоҳида ишлаши учун хоналар, музокара заллари, ресторан, кичик концерт зали, учрашувлар ва дам олиш хоналари мавжуд. Иккинчи қаватда ҳам қўшимча мажлислар учун хоналар жойлашган. Умумий ҳисобда Конгресс холда 16 та зал мавжуд. Яна бир маълумот: иншоот бир вақтнинг ўзида 8 та олий даражадаги делегацияни қабул қилиш имкониятига эга. Қолаверса, асосий зал 4 та кичик ёки 2 та ўртача залга трансформация бўладиган асосий залга эга. Бинонинг қурилиши ва дизайнида ишлатилган ҳар бир деталь эътиборни тортади. Мисол учун, Конгресс холл фойеси деворлари оникс қимматбаҳо тошлари билан безатилган. Оникс, бу — ўзидан ёруғлик нурини ўтказувчи ва қуёш нурида жилоланиб турли рангларни ҳосил қилувчи ноёб, қимматбаҳо тошдир. Деворларга Тошкентнинг 12 та тарихий дарвозаси рамзий калитлари жойлаштирилган бўлиб, бу ташриф буюрувчиларни буюк тарихимизга эътибор қаратишга ундайди.

Фотима ая МАНСУРОВА, пенсионер

(Мирзо Улуғбек тумани):

— Бу ерга ташриф буюриб, “Наҳотки бу ўзимизнинг Ўзбе-кистон, наҳотки бу она шаҳримиз Тошкент” деяпмиз. Худди чет элга келиб қолгандекмиз. Одамлар мароқ билан сайр қиляпти, роҳат-ланяпти, завққа тўляпти. Юртимизга кўз тегмасин.

Дунё бренди энди азим Тошкентда

Гап беш юлдузли “Hilton” меҳмонхонаси ҳақида кетмоқда. 21 қаватли иншоотнинг умумий майдони 51 минг квадрат метр бўлиб, жами 258 та номердан иборат. Улардан 8 таси Президент номерлари, 50 таси люкс, 200 таси стандарт хоналардир. Бундан ташқари, меҳмонхонанинг иккинчи қаватида мажлислар зали ҳам ўрин эгаллаган. Европа, Осиё ва миллий таомлар ресторанлари ҳам бор. Қолаверса, бассейн ва спа-салонлари жойлашган.

Тошкентда қад кўтарган “Hilton” дунёнинг 103 та мамлакатида фаолият олиб бораётган 5100 та меҳмонхона тармоғидан тубдан фарқ қилади. Дизайни, сифати, интерьери, умуман олганда, ҳар бир жиҳат эътиборга молик. Айниқса, Президент номерлари барча жиҳати билан юксак маҳорат ва дизайнда бунёд қилинган.

Меҳмонхонанинг 21-қаватида давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси асосида очиқ ресторан вужудга келди. Бу ерда нафақат тамадди қилиш, балки азим Тошкентни, “Tashkent Сity”нинг 18 гектарлик замонавий паркини томоша қилиш мумкин.

Албатта, “Tashkent Сity”нинг қурилиши тарихий воқеа бўлди. Бу ҳар бир ўзбекистонликни ғурурлантирмоқда. Дунёнинг йирик компания ва фирмаларининг мамлакатимизга сармоя киритишга қизиқиши янада ортяпти.

Иброҳим БЎРИЕВ, тадбиркор

(Олмазор тумани):

— “Tashkent Сity” — ўйлаганимиздан-да, кутганимиздан-да зиёда бўлибди. Пурвиқор фаввораларга чет элликларнинг ҳам ҳаваси келади. Халқимизнинг кўзида қувонч, кўриб қувнаб кетасан, киши. Ушбу мажмуа шаҳримизнинг энг севимли масканига айланади.

Шунингдек, мажмуадаги сайилгоҳ, мароқли ҳордиқ учун яратилган шароитлар ҳар бир ташриф буюрувчининг вақтини мазмунли ўтиши, кўнгли ҳузур топишига хизмат қилмоқда.

Омонулла ФАЙЗИЕВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019