"Тарозу" сири: Пойабзал терисига ишланган санъат асари

12:20 10 Август 2018 Жамият
472 0
Фото: Аҳмадали Шерназаров / “Халқ сўзи”

Мусаввирларнинг фикрича Ой нурининг фазо кенгликларига ёйилган ёлқинларини тўлалигача тасвирлаш анча мушкул иш.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, сирдарёлик минатюрачи рассом Баҳодир Бобоназаров “Тарозу” асаридаги ана шу шуълавий ёйилмалар эффекти устида кўп бош қотирди. Гарчи, бўёқлар қоришмасидан ҳосил бўлаётган манзара ўша самовий рангдорликка мос келса-да, аммо барибир унинг кўнгли тўлмади. Ва бир куни онасининг эски этигига кўзи тушиб қолди. Шунда мусаввир беихтиёр “Ниҳоят топдим” дея ҳайқириб юборди.

Гап шундаки, асли жигарранг бўлган этик қўнжининг униққан қисмида айни у излаган эффект бор эди. Шундай қилиб, мусаввир инсон ҳаётининг гуноҳи-савоблари ҳисоб-китоби муқаррарлигини ифода этган “Тарозу” асарини онасининг этиги қўнжига туширди. Лекин, буни ҳалигача санъатшунослар ҳам, томошабинлар ҳам билишмасди. Яъни рассом асарининг пойабзал терисига ишланганини илк бор “Халқ сўзи” мухбирига маълум қилди.

"Тарозу" Фото: Аҳмадали Шерназаров / “Халқ сўзи”

Маълумот учун: мазкур асар 2004 йили Ўзбекистон Бадиий Академияси, ЮНЕСКО, Марказий кўргазмалар зали, Ўзбекистон Миллий банки шафелигида нашр қилинган “Ўзбекистон замонавий санъати” китоб-албомига киритилган. Шунингдек, “Амир Темур тузуклари”миниатюраси 1996 йилда Францияда бўлиб ўтган Буюк Соҳибқироннинг 660 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида намойиш этилган ва ушбу кўргазма иштирокчиларининг асарлари тўпламидан, “Баҳром овда” монументал(деворий) сурати эса 2014 йилда чоп қилинган, энг сара санъат намуналари жамланган “Гўзаллик яратишга интилиб” китоб–албомидан жой олган.

Аҳмадали Шерназаров, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар