Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим! Энг улуғ муҳораба

14:32 15 Октябр 2019 Маданият
558 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Ҳар бир халқнинг ўзлигини намоён этувчи миллий ва умуминсоний қадриятлари бўлади. Тириклик учун тоза ҳаво билан қуёш нури, нону сув қанчалик ҳаётий зарурат бўлса, миллатнинг яшаши ва равнақ топишини ҳам она тилисиз тасаввур этиб бўлмайди. 

Мустақиллигимиз йилларида яратилган кенг ҳуқуқ ва имкониятлар натижасида ўзбек тилининг миллий ўзига хослиги, сўзга бой ҳамда тарихий илдизлари чуқур эканлиги янада яққолроқ намоён бўлмоқда. Лекин баъзан тилимизни соф туркийча қиламиз деб ҳаммага тушунарли бўлган байналмилал сўзларни ҳам ўзбекчалаштиришга уриниш ҳоллари учрамоқда. Масалан, баъзан ёзма ва оғзаки нутқда самолёт сўзи ўрнига “тайёра”, институт ўрнига “олийгоҳ”, туман ўрнига “ноҳия” каби талаффузи оғир сўзларнинг ишлатилаётганига дуч келамиз. Бунинг ўрнига тилимизнинг асл бойликларини кўпроқ ўрганиш муҳим. Айниқса, Алишер Навоий, Бобур, Машраб каби мутафаккир-шоирларимиз ва Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор ва Миртемир сингари улуғ адибларимизнинг ранг-баранг тили, халқчил ва сержило услубини чуқур ўрганиш маънавиятимизни ҳам, нутқ ва тафаккуримизни ҳам беҳад бойитади. 

Миллий тил ва унинг равнақи йўлида ғамхўрлик қилиш бир гуруҳ мутахассисларгагина тегишли илмий-амалий соҳа ёки мавсумий бир тадбир эмас. Аксинча, бу авлодлардан-авлодларга ўтиб, бойиб ва сайқалланиб келаётган халқ тилининг софлиги ва истиқболи ҳақида қайғуриш, она тилининг тўлақонли яшаш ҳуқуқи учун, миллат маънавияти, маърифати ва маданияти учун курашдир. Бу энг улуғ муҳорабадир.

Бу жиҳатдан Алишер Навоий ижоди ва фаолияти барча авлодларга юксак намуна. Буюк мутафаккир “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида бу муҳим муаммо хусусида шундай ёзади: “халқ орасидан чиққан истеъдод аҳли салоҳият ва қобилиятларини ўз тиллари турганда ўзга тил билан зоҳир қилмасалар ва ишга солмасалар эди. Агар иккала тилда ижод этиш қобилиятлари бўлса, ўз тилларида кўпроқ ёзсалар эди”. Навоий ҳақиқий миллатпарвар шоир сифатида ўзбек тили ва адабиётимизнинг нечоғлик бой, ранг-баранглиги ва чексиз имкониятларини бутун ижоди ва серқирра фаолияти билан исботлаб, унинг нуфузини жаҳон миқёсига олиб чиқди.  

Улуғ ижодкорлар халқ тилини ўрганишни ҳамиша асосий вазифа деб қараган. Бинобарин, бу жиҳатдан Абдулла Қаҳҳор ҳозирги ижодкор ёшлар олдида эъзозли бир устоз бўлиб гавдаланади. Негаки, у умрининг охирига қадар ижод қилишдан тўхтамаганидек, тилни ўрганишни ҳам ҳамиша ёзувчилик меҳнатининг ажралмас бир қисми деб билган. Чунончи, 1967 йили “Вопросы литературы” журнали саволларига жавоб берар экан, жумладан, қуйидагиларни айтган эди: “Агар ёзувчи тоза виждонли бўлса, унинг учун асар ёзиш йил сайин қийинлашиб боради. Ёзувчи ҳеч қачон “Мен ёзишни яхши ўрганиб олдим” деб, ўзини хотиржам қилмаслиги керак”. Бу сўзлар ёш ижодкорларни ўзларига талабчанликни оширишга ва бадиий тил сирларини эгаллаш йўлида доимий изланишга ундовчи эзгу даъватдир. 

Абдулла Қаҳҳор она тилимизнинг матонатли жонкуярларидан эди. Ибратли бир ҳолат: адибнинг адабиёт ва танқидчилик ёхуд ёшлар маънавияти ҳамда маданиятига бағишланган биронта нутқ ё мақоласи йўқки, унда адабий тилимизнинг беқиёс бойлиги ва имкониятларидан фахрланиб ёзмаган, унинг жиддий муаммоларидан ташвишланиб, кескин фикрлар айтмаган бўлсин. Мана, Абдулла Қаҳҳорнинг 60 йиллар муқаддам ҳозирги Жаҳон тиллари университети талабалари билан учрашувдаги нутқидан бир парча: “Сизлар институтни битиргандан кейин жойларга бориб ўқувчиларга инглиз, немис, француз, испан тилларини ўргатасизлар. Менинг сизларга айтадиган энг зарур гапим шуки, сизлар борадиган жойларингга чет тиллар билан бирга, биринчи навбатда, ўз она тилимиз — ўзбек тилига чексиз муҳаббат туйғусини олиб боринглар! Ўзбек тили ғоят бой, ниҳоят чиройли, ҳар қандай фикр ва туйғуни ифодалашга қодир эканини амалда кўрсатинглар; қаерда ва қандай шароитда ишламанглар, тил маданиятимизнинг машъали бўлинглар!” Бу сўзлар замиридаги ҳаётий маъно, эзгу мақсад ва тилак Ўзбекистонимизнинг келажаги бўлмиш бугунги ёшларимиз учун ҳаётий бир дастуриламалдир. 

Афсуски, бугун ёшларимизда она тили ва адабиётимизни ўрганишга меҳр, иштиёқ сустлашган, шу боис уларда саводхонлик ҳам паст. Бу жиҳатдан олий таълим муассасаларига ўқишга киришда абитуриентларнинг она тили фанидан имтиҳон топширишлари шарт қилиб қўйилгани барчамизни хурсанд қилади. Лекин бўлажак филолог ва педагог-ўқитувчилар она тили ва адабиётдан иншо ёзишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ўқиш давомида ҳам барча йўналишларда ўзбек тили ва адабиёти ўтилиши зарур. Аммо илмий-назарий тушунча ва қоидалар мажмуасидан иборат фан сифатида эмас, бадиият ва нафосатни қалбан англаш, ижодий фикрлаш ҳамда мушоҳадага ўргатувчи санъат тури сифатида ўтилса, ёшларнинг комил инсон бўлишларида беқиёс аҳамият касб этади. 

Ёшларимиз мумтоз асарларни тушуниб ёдлаш, улардаги бадиий сўз жилолари ва тагмаъноларини ҳаёт билан, инсон руҳияти билан боғлаб таҳлил этишни ўргансалар эди. Кўп йиллик тажрибамдан бир-икки мисол келтирай. Навоийнинг қуйидаги сатрлари маъноси ва шоирнинг ғоявий-бадиий нияти ҳақида юзлаб талабалардан сўралганда, тўрт-бештаси умумийроқ тарзда ҳаминқадар жавоб беришга интилди. Ҳолбуки, шу икки сатрда ҳам Навоий инсон умри мазмуни ва камолоти даражасини теран ифода эта олган:

Киши агар киши бўлса, ўзин киши демагай, 
Қилурда ҳеч ишин ҳам киши иши демагай.

Кейинги мисраларда эса сўз санъатининг ўзига хослиги ва бадиий ҳақиқатнинг талабчан китобхонларга ҳам кучли таъсири шарқона ҳикмат тарзида ёритилган:

Сўз ичраки ёлғон эрур нописанд,
Чу назм эттилар қилди доно писанд.

Ёки турли вилоятларимиздан келган 500 дан ортиқ талабалардан Чўлпоннинг бундан 100 йил илгари ёзилган “Ўзбегим” шеъридаги

Дунёда ҳамма халқ қизиққан гавҳардек бебаҳо от эди,
Ҳуррият бўлганда сен келдинг минайин семирган отга деб,

сатрлари замирида ифодаланган маъно ва туйғулар ҳақида фикрлари сўралганда, афсуски, кўплари бу ҳақда ҳали ўйлаб ҳам кўришмаган экан.

Баъзи таниқли танқидчи-адабиётшуносларимизнинг мақола ва тадқиқотларида бадиий асар тили масаласига деярли эътибор берилмаслиги ҳам жиддий муаммо. Етук бир шеър, достон ё ҳикоя, қисса ё роман ҳақида тақриз ё салмоқли мақола ёзсагу, ўша бадиий асарнинг тили, услуби ва муаллифнинг сўз санъати ҳақида деярли фикр юритмасак, шуни таҳлил ва тадқиқ деб атаб бўладими? 
Телешоуларда маънисизлик ва шовқин кўпайиб кетяпти. “Войдод караоке” каби... Санъаткор ва олимларимиз чиқишларида фикрларини адабий тилда айтсалар, ёшлар улардан ибрат олиши, тайин. Сўзи, фикрлари гўзал сухандонлар, таниқли актёримиз таълим муассасаларида нутқ маданияти дарсларига таклиф этилса, ёшларимиз она тили ва адабиётнинг сеҳри-жозибасидан кўпроқ баҳраманд бўлади.
 
Усмон ҚОСИМОВ,
 Жиззах давлат педагогика институти доценти. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019