Тарихий ташрифга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда

10:48 12 Май 2018 Сиёсат
689 0

Вашингтондан махсус мухбиримиз Шавкат ОРТИҚОВ хабар қилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15 — 17 май кунлари Америка Қўшма Штатларига амалга оширадиган илк расмий ташрифи айни пайтда жаҳон оммавий ахборот воситалари, хусусан, АҚШ матбуоти, интернет нашрларида асосий мавзуга айланган.

Масалан, Оқ уй расмий веб-сайтида мазкур ташриф тарихий, дея аталиб, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари шу асосда янги босқичга кўтарилиши таъкидланган.

Ҳақиқатан ҳам, ташриф дастури кенг қамровли ҳамда Америкада мазкур учрашувга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон — АҚШ ҳамкорлигининг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, халқаро ҳамда минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган. Вашингтонда давлатимиз раҳбари, шунингдек, АҚШ Конгресси, Мудофаа вазирлиги ва Давлат департаменти ҳамда Жаҳон банкида икки томонлама учрашувлар ўтказади. Расмий ташриф якунида икки мамлакат Президентлари “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” деб номланган Қўшма баёнотни имзолаши, турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўпламининг қабул қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабарига кўра, ана шу жараён АҚШнинг “CNN”, “ABC” каби нуфузли телеканаллари, мамлакатимизнинг 80 га яқин оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан ёритиб борилади. Шунингдек, ташриф арафасида АҚШда бир қанча тадбирлар, учрашувлар, таниқли экспертлар, сиёсатчилар билан мулоқотлар ўтказиш режалаштирилган. 

Америка — Ўзбекистон савдо палатаси офисида иқтисодий ҳамкорликка оид икки томонлама ҳужжатлар имзолаш, “Ўзбекнефтгаз” ҳамда “Ўзкимёсаноат” компаниялари билан “Honeywell” компанияси раҳбариятининг мулоқоти, “Human Rights Watch” ташкилоти вакиллари брифинги, “Ўзбекистоннинг янги қиёфаси” китобининг тақдимоти, “McDermott Will & Emery LLP” юридик компанияси раҳбарияти билан учрашув, Кеннан институти, музейлар фаолияти билан танишиш ва бошқа кўплаб анжуманлар шулар сирасидандир.

Қисқаси, бу борадаги дастур ҳам бой. Улар билан газетамизнинг келгуси сонларида таништирамиз. Келинг, энди сафаримиздан орттирган илк таассуротлар ҳамда АҚШ билан боғлиқ айрим маълумотларга эътиборингизни қаратсак.

Океанортидаги мазкур давлат ҳамиша катта қизиқишга сабаб бўлган. Дунёнинг исталган нуқтасида АҚШни, бир марта бўлса-да, ўз кўзи билан кўришни орзу қиладиганлар кўплаб топилади. Аксариятимиз АҚШ манзараси, осмонўпар биноларию аҳоли турмуши ҳақида, асосан, фильмлардан қисман биламиз. Хўш, ушбу давлат салоҳиятининг асоси нималар билан боғлиқ? Ўзбекистоннинг АҚШ билан ҳамкорлик муносабатлари қайси жабҳаларда ривожланиб бораяпти? Диққатга сазовор жойларининг ўзига хослиги нимада? Сафар давомида ана шу каби саволларга жавоб топишни мақсад қилиб олганмиз.

Илк таассуротлар
...10470 километр, 12 соату 
10 дақиқа. Бу — Тошкентдан Нью-Йорк шаҳригача қилган узлуксиз парвозимизнинг масофаси ва вақти. Илгарилари океанортига, умуман, бундай узоқ манзилларга самолётлар тўғридан-тўғри учмасди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси парки “Boeing-787 Dreamliner” самолётлари билан тўлдирилаётгани натижасида ана шундай имконият юзага келди. “Орзу лайнери” деб олган мазкур ҳаво кемаси, ҳақиқатан ҳам, орзулардагидек. Унинг мисолида АҚШ авиасаноати имкониятлари тўғрисида ҳам тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Ўзбекистон ҳамда АҚШ вақтларидаги тафовутнинг катталиги сафар давомида яққол билинади. Эътибор беринг: биз 10 май куни Тошкентдан эрта тонгда ҳавога кўтарилган бўлсак, Нью-Йоркдаги аэропортга яна шу куни тонгда, 9:50 да қўндик. Манзилга етиб келганимизда Ўзбекистонда кечки пайт соат 18:50 эди. Яъни кун билан бирга ҳаракатландик, десак ҳам бўлади. Нью-Йоркда ҳаво ҳарорати 14 даража илиқ атрофида экан. Боришимиз керак бўлган манзил Вашингтон шаҳрилиги учун дарров йўлга чиқдик. Тахминан 4-5 соатлик ушбу сафар давомида йўллар, ён-атроф, шаҳарлар манзараси ҳақида қисман тасаввур ҳосил қилиш мумкин бўлди. Магистраллар кенг ва равон. Кўплаб улкан кўприклар мавжуд. Автомобиллар бир текис ҳаракатланади. Бир-бирига халал бериш йўқ. Очиғи, бу ерга келмасдан аввал бундай йирик шаҳарларда маҳобатли бинолар қуришга аҳамият қаратиб, яшилликка кўпам эътибор берилмаса керак, деган тасаввур бор эди. Аслида ундай эмас экан. Нью-Йорк шаҳридаги биз ўтган кўчаларнинг деярли барчасининг икки тарафи ям-яшил дарахтлар билан қопланган. 

Вашингтонгача ҳам шундай манзара кўзга ташланиб турди. Яна бир жиҳат эътиборни тортдики, бу одамларнинг давлат байроғига ҳурмати, меҳри билан боғлиқ ҳолат. Қаердан ўтмайлик, йўл бўйлари, бинолар пештоқи, уйлар томи, қурилиш участкалари майдони, умуман, деярли кўп жойда тез-тез АҚШ байроқларига кўзимиз тушди. Биласиз, Америка фильмларида ҳам давлат байроғига алоҳида урғу берилади. Демак, бу бежиз эмас. Ҳаётда шундай.
Вашингтонга етиб келганимизда куннинг иккинчи ярми эди. Бу шаҳар ҳам ўзига хос бўлиб, Нью-Йоркдан фарқли ўлароқ, иншоотлари у қадар баланд эмас. Унинг архитектураси муаллифи келиб чиқиши француз бўлган мутахассис Пьер Ланфандир. Аксарият расмий идоралар айнан Вашингтонда жойлашган. Жумладан, Оқ уй, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки бош қароргоҳлари, элчихоналар, музейлар ҳамда бошқа диққатга сазовор жойлар мавжуд. Оқ уй АҚШ раҳбарининг расмий қароргоҳи ҳисобланади. Бу бинонинг лойиҳаси ирландиялик архитектор Жеймс Хобан томонидан ишланган. Иншоот 2007 йилда эълон қилинган “Американинг севимли архитектураси” рўйхатида иккинчи ўринда қайд этилган.

Ҳар жиҳатдан мустаҳкам асос
Шу ўринда АҚШ тарихи, парламенти фаолияти ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. Шимолий Америкада жойлашган ушбу давлат 1776 йилнинг 4 июлида ўз мустақиллигини эълон қилган. Умумий майдони 9,5 миллион км2 бўлиб, ҳудуди бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради. Аҳолиси 327 миллион нафардан ортиқ. Бу борада жаҳонда учинчи поғонада. Маълумотларга қараганда, фуқароларнинг тахминан 82 фоизи шаҳарлар ёки шаҳар атрофида яшайди. Маъмурий-ҳудудий бўлиниши 50 та штат ва бир Колумбия федерал (пойтахт) округидан иборат.

АҚШ социал-иқтисодий кўрсаткичлар, жумладан, ўртача ойлик иш ҳақи, аҳоли сонига нисбатан ялпи ички маҳсулот ҳажми ҳамда бошқа жиҳатлар бўйича дунёнинг етакчи давлатлари сафида туради. Жаҳон ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бир қисми ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келиши ҳам унинг имкониятлари, салоҳияти қай даражада эканини ифодалайди. АҚШ илмий тадқиқот ҳамда технологик инновациялар бўйича ҳам илғор ҳисобланади. Табиий захираларга бой давлат.

Ҳар бир мамлакат муваффақиятида, албатта, ҳуқуқий асослар муҳим ўрин тутади. АҚШнинг ҳозир амалда бўлган Конституцияси 
1787 йилда қабул қилинган бўлиб, дунёдаги энг кўҳна конституциялардан бири саналади. Ҳокимиятлар бўлиниши тизимида АҚШ Конституцияси биринчи ўринга олий қонун чиқарувчи орган — Конгрессни қўяди. Конгресс икки палатали — Сенат ва Вакиллар палатасидан иборат. Сенат қонун чиқарувчи орган сифатида штатларнинг манфаатини ифода этади. Сенатор 6 йил муддатга сайланади. Ҳар икки йилда Сенат таркиби учдан бир қисмга янгиланади. Мамлакат вице-президенти Сенат мажлисларида раислик қилади. Вакиллар палатаси қонун чиқарувчи орган сифатида бутун халқ манфаатларини ифода этади ҳамда унга мажоритар сайлов тизими бўйича умумий овоз бериш йўли билан икки йил муддатга сайланадилар. Ҳозирги пайтда Вакиллар палатасида 435 депутат бор.

Ижро этувчи ҳокимият бошлиғи — Президент. Давлат раҳбари сайловчилар томонидан вице-президент билан бирга икки даражали сайлов асосида тўрт йил муддатга икки марта сайланиш ҳуқуқига эга. Президент Сенатнинг розилигига кўра, ҳукумат аъзоларини лавозимига тайинлайди. Ташқи ишлар вазири вазифасини Давлат котиби бажаради.
Мамлакат суд ҳокимиятининг юқори органи — АҚШ Олий суди ҳисобланади.

Фаол мулоқот, изчил ҳамкорлик
Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар 2002 йилда имзоланган Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларацияга мувофиқ ривожланмоқда. Томонлар бир қатор халқаро ҳамда минтақавий муаммолар бўйича муштарак позицияга эга бўлиб, хавфсизлик таҳдидлари, яъни гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланиши, оммавий қирғин қуролларининг тарқалишига қарши кураш, шунингдек, Марказий Осиё ва Афғонистонда тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш соҳаларида фаол ҳамкорлик қилади.

2017 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда ўзаро ҳурмат, ишонч ҳамда бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга содиқлиги таъкидланди. Шунингдек, жорий йил март ойида Америка Қўшма Штатлари Президенти давлатимиз раҳбарига Афғонистон бўйича халқаро конференцияга оид мактуб йўллади.


Икки томонлама сиёсий мулоқотлар ўзаро ташрифларнинг мунтазамлиги билан ҳам ажралиб туради. Ўзбекистонга АҚШ маъмуриятининг асосий идора вакиллари ва турли даражадаги делегациялари мунтазам равишда ташриф буюради ҳамда Ўзбекистон — АҚШ муносабатларининг долзарб масалалари бўйича фикр алмашиш механизми — йиллик сиёсий маслаҳатлашувлар ташкил этилади.

Мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Парламентлар ва ҳукуматлар даражасидаги икки томонлама ташрифлар фаоллашгани сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ўзаро фикр ҳамда тажриба алмашиш имконини бермоқда. Масалан, ўтган йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси АҚШга ташриф буюрди. Ноябрь ойида Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли бошчилигидаги делегация аъзолари Олий Мажлис Сенатида учрашув ўтказди.

Жорий йилнинг апрель ойида эса АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг инсон ҳуқуқлари, демократия ва меҳнат масалалари бўйича ўринбосари Рэнди Берри бошчилигидаги делегация парламентимиз юқори палатасида музокара ўтказди. Мулоқотда мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувидаги иштирокини таъминлашда парламентлараро ҳамкорлик алоҳида ўрин тутиши таъкидланди.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида устувор аҳамиятга эга бўлган савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда Америка — Ўзбекистон савдо палатаси муҳим аҳамият касб этади. АҚШ ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасида имзоланган савдо ва инвестициялар бўйича битимнинг амалга оширилиши Америка билан савдо алоқаларини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистонда АҚШнинг дунёда таниқли бир қатор йирик компаниялари фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, “General Motors” корпорацияси иштирокида енгил автомобиллар учун двигателлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган “GM Powertrain Uzbekistan” заводи фаолият кўрсатмоқда. “Boeing” компанияси “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясини замонавий авиалайнерлар, хусусан “Boeing-787-8 Dreamliner” русумидаги янги авлод самолётлари билан таъминловчи асосий ҳамда доимий ҳамкор саналади.
“General Electric” корпорацияси Ўзбекистоннинг нефть-газ ва авиация секторларида, шунингдек, саломатлик ҳамда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш соҳасидаги асосий шеригидир. АҚШнинг Ўзбекистонда фаолият юритаётган компаниялари ичида “Exxon Mobil”, “CNH Industrial”, “Hyatt”, “John Deere”, “Honeywell”, “Caterpillar” ҳамда бошқа жаҳонга таниқли корпорацияларни ҳам учратиш мумкин.

Маданий-гуманитар соҳадаги муносабатлар ҳам изчил ривожланмоқда.
Ўзбекистонга АҚШнинг ихтисослаштирилган муассасалари ва ташкилотлари экспертлари мунтазам равишда музокаралар ва амалий тадбирлар ўтказиш мақсадида ташриф буюради ҳамда ўзбек мутахассислари АҚШнинг турли илмий ва таълим дастурларида иштирок этадилар. Олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш доирасида Ўзбекистоннинг бир қатор олий таълим муассасалари ҳамда АҚШнинг Огайо ва Мичиган университетлари, Бостон юридик коллежи, Америка ва Жоржтаун университетлари каби олий таълим муассасалари билан алоқаларни кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Тошкентда Вебстер университети филиалини очиш тўғрисида келишувга эришилди. АҚШ тиббиёт муассасалари ҳамда Ўзбекистон ихтисослаштирилган клиника ва шифохоналари ўртасида, жумладан, жарроҳлик, кардиохирургия, урология, акушерлик ҳамда гинекология, кўз микрохирургияси йўналишларида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилди.

Шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг келгуси ҳафтада АҚШга бўладиган илк расмий ташрифи икки томонлама ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқади.

Муаллиф олган суратлар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар