Тарихи муштарак, илдизи туташ, урф-одати ўхшаш

12:52 05 Июль 2018 Жамият
404 0

Ҳар бир инсон учун туғилиб ўсган, камолга етган масканидан азиз ва қадрли жой йўқ. Яқинлар, қариндош-уруғ, дўст-ёрлар, қўни-қўшниларнинг меҳр-оқибати ўз Ватанинг — кўз очиб кўрган заминингга бўлган муҳаббатни янада оширади, мустаҳкамлайди. Айниқса, халқимизнинг бағрикенглик, меҳмондўстлик, оқибат, тавозе каби ўлмас хислатлари борки, улардан баҳраманд бўлиб юрган одам, дафъатан чет элга бориб қолса, ўзини ёлғиз, бегонадек ҳис этиши мумкин. Зеро, машойихлар айтганидек: “Ўзга юртнинг боғи билан боғчаси, ўз юртингнинг янтоғича бўлолмас”.

Аммо биз хизмат сафари туфайли дини бир, маданияти, санъати, урф-одатлари ўхшаш Озарбайжонда бўлганимизда, ўзимизни худди Ўзбекистонда юргандек ҳис қилдик.

Бунинг боиси шундаки, озарлар юртдошларимиздек меҳмондўстлиги билан алоҳида ажралиб турар экан. Шунчалик эътибор ва ҳурмат кўрсатишадики, бундай эъзоздан кўнглингиз тоғдек кўтарилади. Уларнинг бир-бирларига бўлган муносабати, чуқур эҳтиромини кўриб, дил яйрайди. Ёши улуғларга “Муаллим” деб мурожаат этишидан эса ўрнак олса, арзийди.

“Ўзбекистонликларга ҳавас қиламан!”
“525-Qazet” — Озарбайжонда ҳафтада беш марта чоп этиладиган расмий нашр. Асосан, парламент ҳаётини ёритадиган мазкур газета бош муҳаррири Рашод Мажид бизга ҳамроҳлик қилди. Уни нафақат таниқли журналист, балки ёзувчи сифатида ҳам яхши билишади. Рашод Мажиднинг бир қатор асарлари, жумладан “10-сентябрь” деб номланган қиссаси муаллифни халқаро миқёсда танитди. Очиғи, биз дастлаб унинг Озарбайжонда катта ҳурматга эгалигини билмагандик. Бироқ орадан бир кун ўтар-ўтмас, англадикки, ёзувчини юртдошлари жуда қадрлашар экан. Ёшлар, адабиёт ихлосмандлари, ҳатто, унинг машинасидан билишар, шунинг учун бўлса керак, светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турганимизда ҳам ундан дастхат сўраётган йигит-қизларни кўриб, ҳавасимиз келди. Рашод Мажид самимияти билан бизда шунчалик катта таассурот уйғотдики, худди у билан аввалдан танишдек тутдик ўзимизни.

— Мен Ўзбекистонга, ўзбекистонликларга ҳавас қиламан, — дейди у. — Халқингиз очиқ кўнгил, самимий ва меҳрибон. Софдил одамлар бор юртда қут-барака, файз бўлиши муқаррар. Меҳнаткаш, иродаси кучли, танти ўзбек халқининг толеи кулган эканки, бугун узоқни кўра оладиган, доно сиёсатчи — Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда улкан ютуқлар кўзга ташланмоқда. У кишининг ҳар бир чиқишини имкон қадар кузатиб бораман. Тиним билмайдиган, халқ манфаатини ўйлаб, юксак азму шижоат ва жасорат билан ҳаётга татбиқ этаётган ислоҳотлари ҳозирданоқ ўз самарасини бераётганини эшитяпмиз, кўряпмиз. Ёшларни китоб ўқиш, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан алломалар меросини ўрганишга даъват этиши, тўғриси, мени ҳайратлантирди. Бугунги мураккаб даврда, глобаллашув замонида, дунё маънавий ҳамда молиявий таназзулдан “оҳ-воҳ” чекиб, турли ижтимоий муаммолар авж олаётганда, Шавкат Мирзиёевнинг ёш авлод тарбияси ва маънавияти ҳақида қайғуриши, узоқ ҳамда яқин мамлакатлар билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга бош-қош бўлиб, бошқа давлатлар раҳбарларини ҳам ана шу эзгу ташаббусга чорлаётгани чинакам ибрат тимсолидир. Қани эди, шундай лидерлар кўп бўлса.

Дунё мардни тан олади. Ўз халқининг фаровон турмушини ўйлаб, бу йўлда дадил янгиланишларнинг кўзга ташланиши халқаро миқёсда ҳам ўз эътирофини топаётгани бежиз эмас. Дўст ва қардош озарбайжонликлар бу ўзгаришларни бошқалардан кўра теранроқ англаб, худди ўзларининг муваффақиятларидек қабул қилишларидан беҳад таъсирландик. Бинобарин, Низомий ҳамда Навоийни, Фузулий ва Бобурни, Насимий ҳамда Машрабни, Воқифу Фурқатни ўқиб, уққан икки халқнинг асл маслагию мақсади ҳам битта: аҳил-иноқликда ҳамкорлик қилиш.

“Ота эккан дарахтни фарзанд ўстиради”
Турли йўналишларда икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш хусусида сўз борар экан, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати Ҳамид Бобоўғли шундай дейди:

Ҳамид Бобоўғли. Фото: "Халқ сўзи".

— Бизда “Ота эккан дарахтни фарзанд ўстиради”, деган нақл бор. Бу аждодлар меросини авлодлар эъзозлашига ишорадир. Шу маънода, ўзбек ва озарларнинг тарихий илдизи, келиб чиқиши, қадриятлари, урф-одатлари, маърака-маросимлари бир хил эканлигини эътиборга олсак, икки халқни худди ака-укалардек бир-бирига яқин дейишимиз мумкин. Бобокалонларимиз ҳам бир-бирларини қўллаб-қувватлашган, ҳар бир масалада ўзаро ҳамжиҳат бўлишган. Бугун ушбу муносабатлар янгича мазмун-моҳият билан бойиб, юқори босқичга кўтарилаётганидан ҳар биримиз мамнунмиз. Биз, бир гуруҳ Парламент аъзолари 2017 йилнинг куз фаслида Ўзбекистонда бўлдик. Сафар давомида нафақат ҳукумат вакиллари, балки энг чекка қишлоқларда яшовчи одамлар билан ҳам мулоқот қилдик. Ҳар бир суҳбат ва учрашув эсда қоларли кечди. Диллашувга айланиб кетган бу суҳбатларда англаганимиз шу бўлдики, халқнинг давлатга ишончи кескин ортган, Президент Шавкат Мирзиёев қисқа муддатда каттаю кичикнинг меҳрию эътиборини қозонган. Бу нимадан далолат? Албатта, халқчил сиёсат, одамларнинг дардини тинглаш, уларнинг муаммосига қулоқ тутиш туфайлидир. Давлат раҳбарининг: “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган ғояси бугун Ўзбекистоннинг барча ҳудудини қамраб олгани эътиборлидир. Мазкур ғоя ўз халқини ҳурмат қилган, унинг бугуни ва эртаси учун кечани кеча, кундузни кундуз демай фидойилик кўрсатаётган етакчининг ватанпарварлиги, инсонпарварлигидан далолат беради.

Боку шаҳрида “Бухоро карвонсаройи”
...Озарбайжон пойтахти — Боку кўчалари бўйлаб сайр қилар экансиз, бу ерда жуда кўплаб сайёҳларни учратасиз. Бу бежиз эмас. Зеро, Озарбайжон — энг кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган мамлакатлардан бири. Тарихий обидалари, диққатга сазовор масканлари билан туристларни жалб қилиб, денгиз бўйи кўчалари ва ҳайкаллари ҳамда турли шакллари билан довруқ қозонган фавворалар майдонида сайр этишнинг завқи ўзгача. Шунингдек, у ерда лазер шоулари ҳам ўтказилади. Байроқ ва давлат рамзларини Давлат байроғи майдонида кўриш мумкин. Бу юртга нафақат баҳор ҳамда ёзда, куз ва қишда ҳам келиш мумкин. Чунки у ўз меҳмонлари учун ҳар фаслда янги, бетакрор кўринишда намоён бўлаверади.

Озарбайжонга қадам ранжида қилган киши борки, албатта, тарихий манзил — Ичери шаҳарга боради. Бу жой Ширвоншоҳлар, Оққуюнлилар, Қорақуюнлилар, Темурийлар, Сафавийлар, Афшарлар ҳамда бошқа кўплаб сулолалар даврида шаҳар ҳудудида бунёд этилган кўплаб масжиду мадрасалар, ҳаммом ва кўприклар, карвонсаройларни ўзида мужассамлаштирганки, улар ҳали-ҳамон ўтмишнинг шонли шоҳидлари сифатида қўр тўкиб турибди.

Ичери шаҳардаги қадимий обидалардан яна бири “Бухоро карвонсаройи” деб номланади. Ҳозир бу обида ичида миллий таомлар тайёрланадиган махсус ресторан жойлашган. Карвонсарой қурилиши, меъморий кўриниши жиҳатидан, ростдан ҳам, Бухородаги тарихий ёдгорликларни ёдга солади. Айтишларича, Марказий Осиё ҳамда Озарбайжон халқлари орасида азалдан нафақат маданий, дипломатик, балки савдо-сотиқ борасида ҳам муайян алоқалар ўрнатилган. Жумладан, бу борада Бухоро билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бухоролик савдогарлар, асосан, шу ерда қўним топишгани учун карвонсаройга ҳам Бухоро номи берилган бўлиши мумкин.

Бу ерда, шунингдек, ҳаммамиз севиб томоша қиладиган кўплаб фильмлар тасвирга олинган. “Бриллиант қўл”, “Қайнона”, “Аршин мол-олон”, “Одам амфибия” ана шулар жумласидандир. “Бриллиант қўл” картинаси суратга олинган торкўчадаги ҳовли ҳамиша сайёҳлар эътиборини тортади. Ҳамма нарса асар суратга олинган 1968 йилдагидек сақланиб қолган. Худди шу ҳовлида очилган “Бриллиант қўл” қаҳвахонасида бир стакан чой ичиб, беихтиёр ўзингизни ўша машҳур фильмда роль ижро этаётгандек, худди бетакрор актёр Юрий Никулин билан кўришгандек ҳис қиласиз.

Самарқанд ва Хива ҳайрати
Тарихий шаҳарлар — Ганжа, Шуша, Гобустон, Нахичевандаги кўҳна обидалар ҳам доим сайёҳлар билан гавжум. Каспий денгизи эса меҳмонларнинг энг севимли масканларидан биридир. Соҳилда қад ростлаган шинам ва кўркам меҳмонхоналар, ресторанлар, санаторийлар, пансионатлар, ҳордиқ масканлари, миллий таомлар ошхоналаридан, бир кун бўлса-да, одам аримайди. Буларнинг барчаси Озарбайжон иқтисодиётини мустаҳкамловчи муҳим омиллардан бири — туризм тараққиётига хизмат қилмоқда.

Ҳамроҳларимиз бизни ўша маълуму машҳур Каспий денгизи бўйлаб томошага таклиф этишди. Китобларда ўқиб, киноларда кўрганимиз — Каспий денгизига етиб борганимизда, унинг жозибасидан бир ҳайратлансак, сув таркибида инсон организми учун жуда кўплаб фойдали элементлар борлигини эшитиб, қизиқишимиз янада ортди. Шунинг учун бўлса керак, бу ўлкада сайёҳликнинг тиббиёт йўналиши, айниқса, ривожланган. Мезбонлардан бири, Озарбайжондаги “Тиббиёт туризми” компанияси президенти, Озарбайжон туризм ва менежмент университети ўқитувчиси Руслан Гулиев дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатида бўлганини, 30 дан ортиқ давлатдаги сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорлик қилишини айтар экан, унга айниқса, Беларусь, Жанубий Корея, Иордания, Тунис, Хорватия маъқул келганини таъкидлади.

Руслан Гулиев. Фото: "Халқ сўзи"

Руслан Гулиев,
Озарбайжондаги “Тиббиёт туризми” компанияси президенти,
Озарбайжон туризм ва менежмент университети ўқитувчиси:

— Ўзбекистон мутлақо бошқача. Шунча мамлакатдан олган таассуротларим бир тарафу Самарқанд, Хива, Бухородаги ҳайратлар бир тараф. У ердаги тарихий обидаларнинг салобати, улуғворлиги, синоати одамни сеҳрлаб қўяди. Амир Темур мақбарасида бўлиб, ул зотнинг руҳи покларига дуолар қилдик. Регистонни кезиб, гўё мозийга сафар айлагандек бўлдик. Лаби Ҳовузда ўтмиш ва бугуннинг уйғунлигидан завқ олган бўлсак, Етти пир зиёратидан бутун вужудимизу руҳиятимизда енгиллик пайдо бўлганини ҳис қилдик. Яна шу нарсадан ҳайратландикки, юртингизда одамлар тинмай зиёратга ошиқар экан. Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ ўиждувоний мажмуасига оқиб келаётган одамларни кўриб, бениҳоя таъсирландик. Президент Шавкат Мирзиёевнинг туризм соҳасидаги ислоҳотлари, кириш ҳамда ички туризмни ривожлантиришга оид ташаббуси бежиз эмаслигини англаб етдик. Бу йўналишда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш эса икки томон учун ҳам бирдек манфаат келтиради.

“Алишер Навоий асарлари Озарбайжонда меҳр ва муҳаббат билан ўқилади”

Ўзбек ҳамда озар хусусида сўз очилса, аввало, адабиётимиз ва санъатимиз тилга олинади. Тошкентда Низомий номидаги университет фаолият кўрсатаётган бўлса, Бокуда Алишер Навоий ҳайкали бор. Мана шунинг ўзиёқ адабиётимиз илдизлари ҳам ўзаро туташ эканлигини англатади. Бу бежиз эмас. Негаки Озарбайжон адабиётшунослигида навоийшунослик соҳаси алоҳида ўрин тутади. Жумладан, Фаридунбей Кўчарли, Ҳамид Орасли, Паноҳ Халилов, Жаннат Нагиева, Халил Рза Улутурк, Комил Вали Наримонўғли, Рамиз Асқар, Тарлон Қулиев, Олмос Улви сингари таниқли олимларнинг Навоий ижоди билан боғлиқ тадқиқотлари нафақат озарбайжон, балки ўзбек адабиётшунослиги учун ҳам жуда муҳимдир. Низомийнинг Навоийга адабий таъсири қанча катта бўлса, Фузулийга Навоийнинг таъсирини ҳам ана шу мезон билан баҳолаш хато бўлмайди. Бу адабий ҳамкорлик асрлар ва йиллар давомида ривожланиб борди. Собиқ шўролар ҳукмронлиги даврида ҳам мазкур ҳамкорлик асло тўхтаб қолгани йўқ. Бу таҳликали дамларда ҳам Навоий ижоди икки халқни доимо бирлаштириб, ўзаро дўстлик ҳамда қардошлик ришталарини мустаҳкамлаб борди.

Бокудаги Алишер Навоий ҳайкали. Фото: "Халқ сўзи"

Навоий ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишда таниқли навоийшунос олим, филология фанлари доктори, академик Ҳамид Ораслининг хизматлари беқиёсдир. Унинг “Низомий ва Навоий”, “Навоий ва Озарбайжон адабиёти”, “Алишер Навоий”, “Алишер Навоий ва унинг адабий мероси”, “Навоий ва Фузулий”, “Буюк шоир” сингари мақолалари Навоий ижодий меросини ўрганишдаги қимматли манбалардан бўлиб келмоқда. Ҳамид Ораслини Ўзбекистонда ҳам етук навоийшунос сифатида билишади. Олим Навоий ижодига юксак баҳо беради: “Алишер Навоий асарлари Озарбайжонда

ХV асрдан бошлаб меҳр ва муҳаббат билан ўқиб келинмокда. Асрлар давомида халқимиз Навоийни ўз шоирлари қаторида кўриб келади. У билан замондош Кишварий, Хулқий сингари озар шоирлари Навоийнинг таъсири остида камол топганлар. Буюк Фузулий ҳам ўз “Лайли ва Мажнун” асарининг муқаддимасида унинг номини Низомий ҳамда Абу Нувос сингари Шарқнинг буюк шоирлари қаторида зикр этади”.

“Оққан дарё оқаверади”, дейди халқимиз. Бугун навоийшунос олим Ҳамид Ораслининг қизи Нушоба Орасли ҳам отасининг изидан бориб, бобокалонимиз ҳаёти ва ижоди хусусида изланмоқда.

— Ҳазрат Алишер Навоий асарларига муҳаббат менга отамдан мерос, — дейди Озарбайжон Фанлар академияси Низомий номидаги Адабиёт институти профессори Нушоба Орасли. — Отам, йирик навоийшунос олим Ҳамид Орасли Ўзбекистонга ҳар йили ташриф буюрарди. Ўзбекистонни табаррук диёр, дея алоҳида эъзоз ҳамда ифтихор билан тилга оларди. Не бахтки, менга ҳам мана шундай муаззам юртга бориш кўп бор насиб этган. Улуғ Навоий ижодига бўлган қизиқиш туфайли кўплаб ўзбек олимлари билан танишдим, дўстлашдим. Алишер Навоий инсонийлик, тинчликсеварлик, маърифатпарварлик ғояларини бетакрор санъаткорлик билан тараннум этган буюк ижодкордир. Шу жиҳатдан у жаҳон адабиётининг энг ёрқин сиймолари Ҳомер ва Данте, Рудакий ҳамда Фирдавсий, Низомий ва Саъдий қаторидан муносиб ўрин олган. Озарбайжон шоири Фузулий Алишер Навоий ижодига юксак баҳо бериб, уни “Султони салотини шуъаро” деб атагани бежиз эмас. Мана, қарийб олти асрдирки, қомусий билимларни ўзида мужассамлаштирган бу улуғ мутафаккир шоирнинг жаҳон маданияти хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган ўлмас асарлари янгидан-янги авлодларга хизмат қилиб келмоқда. Шунинг учун ҳам Навоий асарлари ҳам макон, ҳам замон билан доимо ҳамоҳангдир. Қувончимиз шундаки, бобокалонларимиз ўртасидаги дўстлик ҳамда ҳамкорлик алоқалари бугун янгича мазмун-моҳият касб этиб бормоқда. Ўзбекистон ва Озарбайжон икки кўз каби бир-бирига яқин, азиз ҳамда мукаррамдир.

Адабиёт эзгуликка чорлайди
Истиқлол туфайли ҳар икки давлатда олимларнинг бадиий ва илмий меросини тиклаш, уларни кенг тарғиб қилиш имконияти туғилди. Кўплаб ноёб дурдоналар қайта тикланди, халққа қайтарилди. Наби Хазри, Халил Рза Улутурк, Маммад Ораз, Бахтиёр Ваҳобзода, Қобил, Кабир Наврўз, Юсуф Самадўғли, Ағамали Содиқ, Анор, Элчин, Фикрат Хўжа, Залимхон Ёқуб, Ҳидоят, Ҳусейн Курдўғли, Мамад Аслан, Рамиз Равшан, Рустам Беруди ҳамда бошқа озарбайжон шоир ва ёзувчиларининг асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, китобхонлар ҳукмига ҳавола этилди. Шунингдек, кўплаб ўзбек адиблари асарлари озарбайжон тилига таржима қилинди. Бу анъана бугунги кунда ҳам давом этиб келмоқда.

Анор, Озарбайжон халқ ёзувчиси. Фото: "Халқ сўзи"

Анор, 
Озарбайжон халқ ёзувчиси, Ёзувчилар бирлиги раиси:

— Адабиёт — улкан боғ. Бу боғда мева ҳам, соя ҳам, чирой ҳам бор. Шу боис у ҳаммани ўзига чорлаб, қалбларни эзгуликка даъват этади. Дўстликни мустаҳкамлашда, азалий ришталарни чандон кучайтиришда унинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Тарихга эътибор қаратсак, ота-боболаримиз бошқа бир мамлакат ҳақида, аввало, унинг шоир ва ёзувчилари, уларнинг шеъру ғазаллари орқали билишган. Бизда, масалан, Навоий, Бобур, Машраб ҳақида шунчалик кўп афсона ва ривоятлар борки, исталган мактабга кириб, сўрасангиз ҳам, ўқувчилар ана шу мумтоз шоирлар тўғрисида гапириб беришади. Худди шунингдек, Ўзбекистонда ҳам Озарбайжон заминида улғайган Низомий, Фузулий, Воқиф, Нотавон каби адибларни яхши билишларига кўп бора гувоҳ бўлганман. Не бахтки, бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳар бир чиқишида китоб ўқиш ҳақида гапирмоқда. Адибларга улкан ғамхўрлик кўрсатяпти, уларнинг моддий ва ижтимоий аҳволи ҳақида қайғураётир. Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 апрелда имзоланган “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса тарихий ҳужжат бўлди. Мазкур ҳужжат билан танишиб, ўзбек адибларига чин дилдан ҳавас қилдим. Ҳавас қилмай бўладими? Ахир унда кўзда тутилган ҳар бир вазифа ортида улкан эътибор, юксак эъзоз турибди. Масалан, ҳужжатда ижодкорларни уй-жой билан таъминлаш, саломатликларини тиклаш учун шароит яратиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, Исҳоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф номлари билан аталган ижод мактабларининг ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш каби вазифалар борки, бу нафақат адиблар, балки бутун мамлакат аҳлини қувонтиргани, шубҳасиз. Айни пайтда яна бир жиҳатни айтмасам бўлмайди. Яъни уюшма тасарруфидаги нашрларга алоҳида ҳомийлар бириктирилгани айни муддао бўлибди. Мен ўзбекистонлик адибларга ҳавасим ва ҳурматимни изҳор қилган ҳолда айтмоқчиманки, энди фақат ижод қиладиган давр келибди, табриклайман.

Кўплаб асарлари, жумладан, “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати” романи билан дунё миқёсида танилган адибнинг самимият ила билдирган бу фикрларидан мамнун бўлдик. Зеро, меҳру ҳавасга, эзгуликка ошно қалбда ана шундай фикрлар туғён уради, ҳақиқий дўст ўзига яқин бўлган инсонларга шу тарзда муваффақият тилайди.

Соғинчга айланган хайрлашув
Айтинг, бу қадар ширинсуханлик, иззат-икромдан кейин ўзбек бошқа, озар бошқа дегингиз келадими? Тўғри, бизни масофа ажратиб турар, аммо дину диёнат, тилу забон, юз-чеҳрамиздаги ўхшашлик азалдан то абадга қадар эту тирноқлигимиз, бир-биримизга хайрихоҳлигимиздан дарак.

Табиийки, ҳар бир меҳмон Озарбайжонни ўзича кашф этади. Ҳар галги ташриф чоғида бу мафтункор диёр ўзининг янги-янги қирраларини намоён этаверади. Зотан, мазкур замин ҳали инсоният тўла англаб етмаган сир-синоатлар масканидир. Бироқ дўстона муносабатларни, меҳрни, оқибатни аниқлаш учун тадқиқотлар, сўровномалар ўтказишга зарурат йўқ. Тасаввур қилинг: уч-тўрт кун бошқа мамлакатда бўлдингизу қайтар чоғингизда сизга ҳамроҳлик қилган одам бағрини очиб, кўзига ёш олса, қандай аҳволга тушасиз. Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортга етиб келганимизда, қисқа сафар давомида бизни ўзига тамоман боғлаб қўйган ҳамроҳимиз — оддий ҳайдовчи Илкин Салаҳов қучоқ очиб, қулоғимизга шивирлайди: “Сизни ҳозирдан соғина бошладим!”

Биз бу сўз, бу илиқлик, бу қадрдонлик Ўзбекистон ва Озарбайжондаги ҳар бир инсон қалбига кўчишини чин дилдан истаб, жонажон юртимизга қайтдик.
Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
“Халқ сўзи” махсус мухбири.
Тошкент — Боку — Тошкент


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар