Тарбия орқали мамлакатимизда учинчи Уйғониш кўз очади

16:41 14 Октябр 2020 Жамият
365 0

Таълим-тарбия ҳақида сўз кетганда, Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир», деган чуқур маъноли фикри ёдимизга тушаверади. Буюк маърифатпарвар бобомизнинг бу сўзлари асримиз бошида миллатимиз учун қанчалар муҳим бўлган бўлса, ҳозирги вақтда ҳам шунчалик, балки ундан ҳам кўпроқ долзарб аҳамиятга эга.

Президентимиз томонидан шу йил 23 августда халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида «Тарбия» фанини яратиш ва ўқитиш ташаббуси илгари сурилиши ҳам ана шу ҳаётий зарурат билан чамбарчас боғлиқ. Шу мақсадда мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиб, «Миллий ғоя», «Одобнома», «Динлар тарихи», «Ватан туйғуси» каби фанларни бирлаштирган ҳолда, «Тарбия» фанини жорий этиш зарурлиги қайд этилди. Мазкур ташаббус рўёби сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 июлда “Умумий ўрта таълим муассасаларида «Тарбия» фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва ҳозир шу асосда кенг кўламли ишлар олиб бориляпти.

Маълумки, тарбия ўз моҳият-эътибори билан миллий, умуминсоний ва гуманистик мазмунга эгадир. Ҳар бир жамият ўз олдига етук, ҳар томонлама камол топган, ўзида бутун ижобий, олийжаноб фазилатларни бирлаштирган авлодни тарбиялашни орзу қилади. Тарбияси оғир, маънавияти қашшоқ ёки маънавиятдан маҳрум бўлган одамдан бирор эзгулик кутиш мумкин эмас. Чунки у яхшилик ва эзгулик ҳақида умуман ўйламайди. Атрофга ва ҳатто ота-онаси, қариндош-уруғлари тақдирига ҳам бефарқ, лоқайд ҳолда яшайди. Тарбияли, маънавиятли инсон бугунги кун ва келажак ҳақида фикр юритади, шунингдек, келгуси ҳаёт ва турмушнинг равнақи учун ўз ҳиссасини қўшишга интилади. Зотан, бугун халқимизнинг «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» буюк мақсадига эришувида маънавияти юксак, баркамол инсонлар зарур.

Мазкур масала ўта долзарб бўлганлигидан барча замонлар донишлари ёшлар тарбияси ҳақида бош қотириб келишган. Масалан, буюк юнон олими Аристотелнинг «Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади», деган сўзлари бор. Зардуштийлик уч асосий ахлоқий қоидага таянади: «Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал». Шу учаласига риоя қилган одам камолотга етган ҳисобланган. Имом Бухорий бу хусусда янада ёрқинроқ сўз айтган: «Боланинг табиати ривожланишга мойил бўлади, уни қандай ғоялар билан тўлдириш ота-она ва устозга боғлиқ».

Форобийнинг таълим-тарбия йўллари, усуллари, воситалари ҳақидаги қарашлари ҳам қимматлидир. У «Инсонда гўзал фазилатлар икки йўл — таълим ва тарбия йўли билан ҳосил қилинади. Таълим фақат сўз ва ўргатиш билангина бўлади. Тарбия эса, амалий иш, тажриба билан, яъни шу халқ, шу миллатнинг амалий малакаларидан иборат бўлган иш-ҳаракат, касб-ҳунарга берилган бўлиши, ўрганишидир», дея таъкидлайди. Олим, ўз навбатида, таълимда барча фанларнинг назарий асослари ўрганилса, тарбияда маънавий-ахлоқий қоидалар, одоб меъёрлари ўрганилади, касб-ҳунарга оид малакалар ҳосил қилинади, деб уқтиради. Шунинг учун ушбу ғоялардан жамиятнинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлашда, маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашда фойдаланса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Навоий инсон қадр-қиммати унинг мол-мулки, зеб-зийнати, мансаби ёки ижтимоий келиб чиқиши билан эмас, балки унинг маънавий қиёфаси, ахлоқий сифатлари, ундан элга қанчалик наф тегиши билан белгиланишини кўп марта такрорлаган. Шоир шеърларидан бирида:

Тут баргичалик қимматинг йўқми?

Ипак қуртичалик ҳимматинг йўқми?

— дея инсонни ўйлашга, ўйлаганда ҳам ўз ҳаётидан келиб чиқиб хулоса қилишга чорлайди. Шу икки сатрда инсоннинг дунёга келишидан тортиб, бу ёруғ оламда яшашнинг туб моҳият очиб берилган.

Шоирнинг қуйидаги сўзлари ҳам таҳсинга сазовор: «Кишиларнинг сўз билан наф етказиш қўлидан келмаса, лоақал кўнглидаги андишаси яхши бўлиши керак. Кўнгли одамларнинг хурсандлигидан хурсанд бўлиши лозим. Кимнинг халқ ғамидан ғами бўлмаса, ҳақиқий одам бўлсанг, уни одам дема». 

Бу фикрларнинг туб негизида тарбия ётганлигини англаб олиш қийин эмас.

Зеро, Президентимиз таъкидлаб ўтганларидек, “Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг асрий қадриятларимиз асосида яратган “Туркий «Гулистон» ёхуд ахлоқ” асари шарқона тарбиянинг ноёб қўлланмаси сифатида бугунги кунда ҳам ўзининг қадри ва аҳамиятини йўқотган эмас. Биз «Тарбия» фанининг назарий асосларини ишлаб чиқишда мана шундай бебаҳо асарлардан самарали фойдаланишимиз зарур”.

Демак, англашиладики, биз «Тарбия» фанини яратишда узоқ-яқин ўтмишимизда яшаб ўтган улуғ зотлар меросидан, қолаверса, умуминсоний қадриятлардан унумли фойдаланишимиз керак бўлади. Ана шулар асосида яратилган янги фан фарзандларимиз тарбиясида муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз. Баркамол авлодни тарбиялаш орқали эса олдимизга қўйган улкан мақсадга эришамиз — мамлакатимизда учинчи Уйғониш кўз очади.

Абира ҲУСEЙНОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?