Тарбия ҳаммамиз учун муҳим фанга айланиши керак

10:50 14 Сентябр 2020 Сиёсат
172 0

Бугун ҳаётнинг ўзи олдимизга янгидан-янги вазифаларни қўймоқда. Ҳозирги шиддатли даврда бу вазифаларга бефарқ қарашга ҳаққимиз йўқ. Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Ўзбекистонда янги бир уйғониш — Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу фикр асосида улкан тарихий мақсад мужассам эканини барчамиз англаб етишимиз керак.

Президентимиз Ўзбекистонни буюк давлатлар қаторига кўтариш учун халқни сафарбар қилди. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун фикрлаши, ҳаётга муносабати бутунлай ўзгача бўлган янги авлодни тарбиялаш, таълим-тарбия бериш вазифаси юзага чиқди. Мамлакатимизда қисқа давр ичида амалга оширилган ишлар, хусусан, мактабгача таълим, умумий ўрта-таълим, олий таълимдаги ислоҳотлар янги авлодни тарбиялаш асосларини мустаҳкамламоқда.

Тарихий даврда жамиятда ижтимоий бирдамлик ҳиссини мустаҳкамлаш, халқимиз турмушини ҳар томонлама юксалтиришга хизмат қиладиган эзгу ғоялар атрофида ёш авлодни бирлаштириш таълим тизими олдида турган энг долзарб масалалардан бири, деб ўйлайман. Албатта, бу ўз-ўзидан амалга ошиб қолмайди, тизим керак.

Шунинг учун «Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси» доирасида умумтаълим мактабларида биринчи марта Тарбия фани жорий этилмоқда. Аввало айтиш керак, бу фан бошқа фанлардан кўп жиҳатдан фарқ қилади. Бутун мамлакат мактабларида мазкур фан бўйича самарали натижаларга эришиш осон эмас, албатта. Олдимизда ҳали жуда катта ташкилий, услубий ишларни амалга ошириш вазифаси турибди.

Биринчидан, янги ренессансга мос авлод бўлиш учун ёшлар қандай хислатларга эга бўлиши кераклиги ҳақида чуқур ўйлашимиз, ундан кейин таълим-тарбияни шунга йўналтиришимиз лозим.

Иккинчидан, бугун замон шундай ўзгаряптики, тараққиётнинг юқори даражасига чиқиш учун илғор технологиялар, нанотехнологиялар билан шуғулланадиган, дунёга татийдиган кашфиётлар қилоладиган авлодни вояга етказиш талаб этилади. Бунинг учун, ўйлашимча, биз нафақат ёшларга, шу билан бирга, ўзимизга бўлган муносабатни ҳам ўзгартиришимиз, эски кўникмалар таъсиридан чиқиб, янги қадриятларга, янги чақирувларга мослашишимиз зарур. Бунга жуда шарафли ва буюк масала, деб қарашимиз керак.

Учинчидан, янги авлодни воя етказишда, таълим-тарбия беришда энг масъулиятли вазифа ўқитувчи ва педагогларимиз зиммасида турибди, деб ўйлайман. Қандай таълим-тарбия усули танланади? «Тарбия» фани қайси фанлар билан узвийлашади, қайси мавзуларга кўпроқ эътибор қаратиш керак? Бугунги замонни ривожлантирадиган фанлар, қандай қадриятлар билан уйғун бўлиши лозим, деган муҳим саволларга эътиборни қаратиш мақсадга мувофиқ бўларди. Агар ўқитувчи ва педагогларнинг янги тарбия фанини ўқитишга малака ва кўникмаларини оширмасак, уларни руҳан тайёрламасак, фан дастури ўз самарасини бериши қийин кечади.

Янги ўқув йили бошланиши арафасида турибмиз. Таълим-тарбия ҳамжиҳатликда, ҳамкорликда олиб бориладиган жараён. Бу ерда ўқитувчи-мураббийнинг алоҳида, ота-онанинг алоҳида ўрни ва албатта, жамоатчиликнинг алоҳида ҳамкорликдаги вазифалари бор. Шу жиҳатдан қарасак, демак, «Тарбия» фанининг ўқитилиши, самарадорлиги масаласи умумхалқ иши даражасига кўтарилиши зарур. Ўзбекистон келажаги бўлган азиз фарзандларимиз истиқболи учун астойдил ва ҳамкорликда ишлашимиз керак, деган маънавий талабни ҳаммамиз ўзимизга қатъий вазифа сифатида белгиласак, эзгу мақсадларимизга эришамиз.

Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

ЎзХДП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?