“Танқид ҳеч кимга ҳам ёқмайди. аммо...”

17:29 19 Апрель 2019 Жамият
718 0

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА бош директори Абдусаид КЎЧИМОВ ташкилот фаолияти, бугунги ўзбек матбуотидаги ўзгаришлар, журналист масъулияти, жамиятимиздаги улкан янгиланишлар билан бир қаторда айрим муаммолар хусусида интервью берди.

—Абдусаид ака, суҳбатимиз аввалида ЎзА фаолияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз?

—Ҳар бир мустақил давлатда бошқа оммавий ахборот воситалари қаторида унинг расмий ахборот агентлиги ҳам бўлади. Масалан, Хитойда “Синхуа”, Туркияда “Онадўли” ёки Қозоғистонда “Казинформ” каби. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикасининг марказий давлат ахборот агентлиги бўлиб, унинг ахборот соҳасидаги фаолияти республика ва хорижий мамлакатларнинг кенг доирадаги ўқувчиларига мўлжалланган. ЎзА Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ички ва ташқи сиёсатидаги энг муҳим масалаларга тааллуқли расмий ҳужжатларини, баёнот ва ахборотларини тарқатади. Ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конститу­цияси ва қонунларига, Президент фармонлари ва қарорларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мамлакатимиз иштирок этадиган оммавий ахборот воситаларига доир халқаро шартномаларга, бошқа ҳужжатларга амал қилади. Агентлик 1992 йил 5 февралда собиқ шўролар тузуми давридаги ТАССнинг Ўзбекистондаги бўлими — ЎзТАГ негизида ташкил этилган.

Бу ташкилот узоқ йиллар мобайнида расмий идора тарзида фаолият кўрсатган. Кейинги йилларда журналистларимиз ҳаётнинг ичига кириш, одамларни қизиқтираётган масалаларни кўтариш, уларнинг ўй-ташвишларини мат­буотга олиб чиқиш, Президент қарорларининг жойлардаги ижроси бўйича ҳам таҳлилий-танқидий материалларни кескин кўпайтирди. Бу — катта ўзгаришларнинг бошланиши.

—ЎзА ижодий фаолиятидаги бундай ўзгаришлар эътиборга молик, албатта. Аммо Агентлик фаолиятини бугунги кун талаби даражасида янада жонлантириш учун яна нималар қилиниши керак, деб ўйлайсиз?

— Йиллар давомида битта йўлда юрган поезд ўрнига замонавий тез юрарини қўйиш учун аввало темир йўл рельсларини алмаштириш зарур бўлади. Кейин, янги йўлда, мисол учун, “Афро­сиёб”ни юргизиш учун малакали муҳандислар, мутахассислар керак. Бизда ҳам шунга яқин ҳолат мавжуд. Ислоҳотлар давом этмоқда. Янги даврга мослашаяпмиз. Одам тўқишиб-тўқнашиб вояга етгани каби аста-аста йўл топишга интилаяпмиз. Журналистларимиз бугун исталган мавзуда ёзаяпти. Кеча айтолмаган ҳақиқатларни айтаяпти, ёлғоннинг қўли қисқариб бораяпти. Веб-сайтимизни мамлакатимиздаги анча танилган сайтлар қаторида, дейиш мумкин. Танлов асосида янги кадрлар ишга олинмоқда.

Ҳамма соҳада бўлгани каби ЎзАда ҳам истеъдодли журналистларга эҳтиёж жуда катта. Истеъдодлар эса ҳар қадамда учрамайди. Истеъдод — ноёб ҳодиса. Уларни топиш, асраш, тарбиялаш керак. Аммо истеъдодсизлар ҳам ҳеч қачон қўл қовуштириб ўтирмайди. Улардан бирданига қутулишнинг иложи йўқ.

— Лекин ЎзА ҳақида “монопол ахборот тарқатувчи”, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Умуман, танқидга муносабатингиз, айтайлик, Сизни танқид қилишса, қандай қабул қиласиз? Ахир, тўғри гап туққанингга ҳам ёқмайди, дейишади. . .

— Шу саволингизга жавобни айнан “танқид” масаласидан бошласам. Ҳа, албатта, танқид, яъни, ҳатто ўринли бўлса ҳам, аччиқ бўлади. Танқидни кўтариш осон эмас. У ҳеч кимга ҳам сариёғдай ёқмайди. Аммо боболаримиз бекордан-бекорга танқид — келажакнинг меваси, дейишмаган. Танқиднинг ўзи аччиқ, меваси ширин. Танқидни ҳурмат қилиш, ёқмаса ҳам қабул қилиш керак. Аслида танқиддан эмас, мақтовдан қочган ютади. Негаки, ўринли танқиддан кўра, ноўрин, сохта мақтов хавфлироқдир. Ардоқли шоиримиз Абдулла Орипов: “Бир маҳаллар отар эдик, осар эдик, Энди бўлса, мақтаб-мақтаб ўлдирамиз” деганида қанча маъно борлигини бир ўйлаб кўринг. Танқидни менсимаслик ва мақтовга маҳлиё бўлиш кўпинча нафақат бир одамнинг, балки бутун бошли ташкилотнинг ҳам оёғига болта уриши мумкин. Танқидга беписандлик ёки эътиборсизлик турғунликни пайдо қилади. Кўтар-кўтар, ура-ура ва ҳоказолар урчийди. Натижада ясамалик, ёлғончилик минбарни эгаллайди. Бу жамият ривожи йўлидаги ғовдир.

Монополия масаласига келсак, ЎзА Ўзбекистондаги информация бозорининг “бозорқўми” эмас, у расмий маълумот ва хабарларнигина тарқатади. Буни ЎзАнинг ўзи яратган эмас ёки кимдандир талаб қилиб, тортиб ҳам олгани йўқ. Бу ҳукумат қарори билан расман эътироф этилган ва мазкур ташкилотга вазифа сифатида юкланган. Умуман, ҳозирги замонда ахборот тарқатишда монополист бўлиш анча қийин. Ер юзининг у бурчидаги янгилик бир зумда бу бурчига етиб боради. Информация ғиж-ғиж, бир-биридан кўп. Ўзимизда ҳам, мисол учун, давлатимиз раҳбари бир жойга сафарга борадиган бўлса, ЎзАдан олдин бошқа веб-сайтлар хабар бера бошлайди. Тўғри, баъзан улар тарқатаётган ахборотларда аниқлик етишмайди ёки бироз шошма-шошарлик ҳолатлари учраб туради. Демоқчиманки, бугун бир ташкилотнинг ахборотни монополия қилиши учун эҳтиёж йўқ. ЎзАни шу йўналишда танқид қилаётганлар ҳақидаги фикримни билмоқчи бўлсангиз, бу баъзи ахборотларни ўз вақтида тополмасликдан, айрим маълумотларни олишда уларда тажриба етишмаслигидан бўлиши мумкин. У ёғини сўрасангиз, ЎзАнинг ўзи ҳам гоҳида бошқа сайтлардан маълумот олиб туради. Хулоса шуки, бугун журналистман деганга кўча тўла ахборот. Керак-нокерагини танлаш бу — бошқа масала.

— Бугунги кунда айрим хусусий нашрлар ва ижтимоий тармоқларда баъзан куракда турмайдиган ахборотлар, ҳатто ҳар хил миш-мишларнинг ҳам эълон қилиб юборилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу эркин жамият ва эркин матбуотда учрайдиган ҳолатми ё дидсизлик?

— Ўзини оммавий ахборот воситасига алоқадорман деб ҳисоблаган ҳар қандай газета-журнал, телерадио канал, веб-сайт, у норасмий ёки расмий манба бўладими, давлат ёки нодавлат ташкилоти бўладими, миш-мишнинг ортидан эргашса, миш-миш билан обрў топаман деса, ютқазади. Иккинчидан, тегишли манба­лар томонидан тасдиқланмаган, ҳозирги замон тили билан айтганда, фейк — ёлғон ахборотларни тарқатиш — қонунга зид! Афсуски, бундай ҳолатларда кўриладиган чоралар ҳали қонунчилигимизда адоғигача ўз ифодасини топган эмас.

Шу ўринда ўзимизга савол берайлик: нима учун сифатсиз маҳсулот чиқарган ёки кимгадир зарар етказган одам жавобгар бўлади? Ваҳоланки, у битта одамга зиён етказган бўлиши мумкин. Ёлғон, нотўғри ахборот-чи? У бир неча юзлаб, ҳатто минглаб инсонларнинг хаёлини чалғитади. Бу, менимча, кичкина айб эмас. Информация, сўз — бу отилган ўқ. Уни қайтариб бўлмайди, у теккан жо­йини, албатта, жароҳатлайди. Миш-миш хабар ундан-да баттарроқ оқибатларга олиб бориши мумкин. Қан­ча одамларда шубҳа-гумон уйғотади, уларни безовта қилади. Буям бузғунчилик. Ҳар хил бузғунчи “таълимот”лар сингари осойишталигимизга таҳдид солади.

Бир маҳаллар, ёшлигимизда, биз ҳам кўчадаги гапларни ҳазил-ҳузул қилиб гапириб юрган пайтларимизда устозларимиздан бири давлат, ҳукумат шундай кенг қамровли, тафаккурли боғбонки, боғининг қаерига қандай дарахт экишни, қаерига қайси гулни ўтқазишни яхши билади. Сизлар бундай нарсаларга бошларингни қотириб, ўзларингни овора қилманглар, дердилар. Бу гапларнинг масалага тўғридан-тўғри алоқаси бор. Мисол учун, фалончи у ёққа ўтибди, писмадончи бу ёққа ўтар экан, мана бу идора бунга қўшилибди ёки ажралибди деган гаплар бу бекорчиликдан ёки кимнингдир топшириғи билан, қайсидир одамнинг манфаатини кўзлаб ёинки кимнингдир обрўсини тўкиш, кимгадир сунъий обрў келтириш нияти билан қилинган “мажбурият” бўлиши мумкин. Энди шу ўринда яна битта гап: ҳамма билган гапни такрорлаш аксиома дейилади. Ҳозир мен айтган сўзлар ҳам шундай. Яъники, ҳалигидай номаъқул ишлар билан шуғулланадиган ва ўзига сохта обрў орттирмоқчи бўлганлар иложи борича тезроқ бундай номақбул йўлдан қайтсалар, ўзига ҳам, жамиятга ҳам яхшилик қилган бўлади.

Тўғри, одам қавмига мансуб зот борки, ҳамиша миш-мишларга қизиқади. Лекин бари-бир, матбуот минбари —муқаддас. Унда айтилаётган сўз, ёзилаётган ҳар бир жумла холис, Ғараздан йироқ бўлиши шарт. Ҳар хил исботсиз, бетайин “деди-деди”лар, “кўча”даги гаплар ОАВда эълон қилиниши ачинарли ҳолат. Лекин, фикр­лар хилма-хиллиги, холис сўзнинг ўрни матбуотнинг безаги бўлиши жоиз.

—Ривожланган мамлакатлардаги ОАВда шу куннинг долзарб мавзуларига оид турли дебатлар, муҳокамалар ўтказилади. Аммо бизда бундай кўринишлар жуда кам кўзга ташланади. . .

—Саволингизга тушундим. Биз айни пайтда жамиятимизда бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтаяпмиз. Бундан икки-уч йил олдинги, борингки, сиз сўраётган “дебатлар”ни бир эслайлик. Мақташ, ким-кимдан ошириб олқишлаш мусобақасини эслатувчи бундай “баҳс”­лашувларни дебат деб бўлармиди. Билишимча, ўта муҳим бир масалага мажлис-машваратлар, муҳокама-музокаралар йўли билан ечим излаш дебат дейилади. Кимдир ақллилигини, кимдир билимдонлигини кўз-кўз қилмоқчи бўлса, кимдир бошқаларни чалғитмоқчи, яна биров керосин сепиб ловуллатувчи бўлса-чи? Баъзи давлатларнинг телеканалларида тез-тез кўрамиз, одамлар муштлашувгача боради. Бу нима? Ёки демократияси шуми? Ҳали-ҳануз демократия дейилгувчи “авлиё”нинг қиёфасини ҳеч ким чизиб берган эмас. Ҳар бир демократиянинг тагида эса бирор шахс, гуруҳ ёки давлатнинг манфаати ётиши — аён ҳақиқат. Дебат қачонки, маърифатли, мазмунли бўлса, ўткир муаммолар ечимига йўналтирилсагина, мақсадга мувофиқдир. Мамлакатимизга халқнинг қаддини кўтариб, бошини қовуштириб, адолатнинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилувчи дебатлар керак.

—Сизнингча, журналистларимизнинг хорижлик илғор ҳамкасбларидан ўрганиши керак бўлган жиҳатлар нималарда кўринади?

—Назаримда, дунёдаги ҳамма журналистлар бир-биридан ўрганиши керак. Зиёли, малакали касб­дошларнинг бир-бири билан елкадош бўлиб, бирга ишлаши ҳеч кимга зиён етказмайди. Тўғри, айрим кишилар хорижда ишлайдиган журналистлар биздан кир қидиради, дейишади. Бундаям жон бор, шундайлар ҳам йўқ эмас. Аммо бурга­га аччиқ қилиб, кўрпани ёқадиган даражада содда эмасмиз, Худога шукр. Унақалардан қўрқишга ҳожат йўқ. Юртбошимизнинг ўзлари муаммоларимизниям, камчиликларимизниям яширмай, очиқ-ойдин айтиб турибдилар. Нафақат айтиб турибдилар, нега танқидий-таҳлилий материаллар ёзмаяпсизлар, деб қайта-қайта сўраяптилар. Шундай экан, хорижликлар билан бемалол, бехавотир, бақамти ҳамкорлик қилиш мумкин, деб ўйлайман. Масалан, биз “Америка овози” билан ҳамкорлик қиляпмиз. Унинг мухбири Навбаҳор Имомова Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида жаҳон матбуотида ибратли мақолалар бермоқда. “Озодлик”, “Би-би-си” билан муносабатларимиз яхшиланяпти. Умуман, бошқаларга душман деб қараш фикридан йироқ бўлишимиз керак. Минг-минглаб ришталар орқали бошқа давлатлар билан боғланганмиз, катта дунё билан бир қайиқдамиз. Худо кўрсатмасин, ҳам­соянгнинг уйини сув босса, хотиржам яшаш мумкинми? Бир-биримиздан ўрганишимиз, юртимизга келаётган ОАВ вакилларига эса касбдош деб қарашимиз лозим. Халқимиз беҳуда “Меҳр меҳрни туғдиради” демайди. Мабодо, иззатини билмайдиганлар учраб қолса, қўлимизда қалам бор, маърифат билан жавоб берайлик.

—Жамиятимизда учраб турадиган муаммолар, айтайлик, таниш-билишчилик, пора­хўрлик каби иллатлардан халос бўлишда матбуотнинг ўрни нечоғлик аҳамиятга эга?

—Айтишларича, Амир Темур бобомиз даврида шундай қоида бўлган экан: Соҳибқирон нохолис иш тутган, ўғрилик қилган ёки ана шундай салбий ишларга йўл қўйган ҳудуд ҳокимини қаттиқ жазолаган. Шунинг учун ўша даврда жиноятчилик кам бўлган экан.

Биз ҳозир айнан шу йўлдан боряпмиз. Президентимиз ҳар бир соҳада адолат тамойиллари устувор бўлишини қаттиқ талаб қилмоқда. Камчиликларга, жумладан, ўғрилик, коррупцияга йўл қўйилган жойларда жиноятчилар қаторида ҳудуд амалдорлари ҳам жавоб бермоқда. Чунки, ошна-оғайнигарчилик, қариндош-уруғчилик коррупцияни келтириб чиқарувчи, унга замин яратувчи иллатлардир. Ҳаётда тўртта яхши одам бўлса, битта манфаатлар гирдобига тушиб қолган, эътиқоди ғариб, ориятсиз кимса ҳам, афсуски, топилади. Одамзотки бор экан, бу ғурбат ҳам унга соя каби эргашади. Бу иллатни фақат жазолаш воситаси билан даф қилиш қийин. Шундай бўлганида, масалан, Хитой аллақачонлар жиноятчилардан қутулган бўларди. Яхши биласиз, Хитойда порахўрлар отилади, осилади. . .

Демакки, иллатлардан қутулиш учун жазолаш баробарида тарбияга эътиборни кучайтиришимиз — катта миқёсда фикр юритадиган, илми, тафаккури чуқур, руҳий поёни чексиз, иймон-эътиқодли, ижтимоий адолат тарафдорлари сафини кенгайтиришимиз, шундай диёнатли авлодни тарбиялашимиз даркор. Шунда жиноятчилар, коррупционерлар камаяди, жамият юксалади, тозаради.

Давлатимиз раҳбари Бош қомусимизнинг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида эътиборни энг кўп қаратган масала ҳам шу мавзу бўлди. Коррупцияга йўл қўйган, унга қарши курашмаган давлат халқ­нинг ишончини йўқотади. Мамлакат шу қусурдан қанча тез ҳоли бўлса, у шунча тез ривожланади, деган талабни қайта-қайта таъкидлади Президентимиз.

Ҳукуматимизнинг қалам аҳлига кўрсатаётган таҳсинга лойиқ ғам­хўрликларини ҳамма журналистлар кўриб турибди. Шундай экан, бу эътибор қалам аҳлини жамиятимиздаги ҳар қандай иллатларга қарши шижоат кўрсатиб ишлашга, ўз вазифасига янада масъулият билан ёндашишга ундаши зарур. Бунинг учун жасорат ва садоқат билан меҳнат қилиш керак. Бу гапларни асло кўтаринки ёки “ҳайбаракалла” гаплар учун айтаётганим йўқ. Матбуот нафақат жамият кўзгуси, керак бўлса, жамиятнинг жонкуяр шифокори бўлиши даркор.

А. ЖУМАЕВ суҳбатлашди.

Манба: “HURRIYAT” газетаси


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019