Таниқли қўшиқчи Хурсанд Шеров велосипедда Жакартага бормоқчи. Бироқ...

15:24 25 Май 2018 Жамият
2055 0


Ҳар ким ҳам велосипедда қалбида Ватанга бўлган чексиз муҳаббат, кўксида ва қўлида юрт байроғи билан она заминини тараннум этиш учун узоқ сафарга чиқишга жазм этавермайди. Яна 60 ёшда. 
Сабаби, йўл азоби — гўр азоби. Турли-туман кутилмаган вазиятлар, хавф-хатарлар, ноқулай об-ҳаво шароитлари... 
Лекин орамизда шундай инсонлар учрайдики, улар ўз принципи йўлида ҳар қандай тўсиқни енгишга тайёрдир. Агар бу қатъият мамлакат эришётган ютуқларни, хоҳ у санъат, хоҳ спорт бўлсин, дунё бўйлаб ёйиш билан боғланган бўлса-чи? Шубҳасиз, нур устига нур. Ана шундай илҳомбахш, ибрат олса арзигулик ҳамюртларимиз борлигидан ҳамиша фахрлансак, уларни доим қўллаб-қувватласак арзийди. Бироқ ҳамма ҳам фахрланармикан, қўллаб-қувватлармикан?

Келинг, яхшиси, бу борадаги битта ҳаётий вазият ҳақида сўзлаймиз. 
Унинг қаҳрамони - Хурсанд Шеров. 
Кўпчилик бу инсонни истеъдодли санъаткор сифатида яхши билади. Ҳофизнинг “Ўзбекистон Ватаним маним”, “Гўзал Тошкентим”, “Ўзбек кураши”, “Ажаб дунё экан дўстлар”, “Хотира”, “Шифокорим”, “Муаллим”, “Отахонлар”, “Отажоним-онажоним”, “Севгилим” каби яратган миллий қўшиқлари, хориж тилларида ижро этган ашулалари мухлислар қалбидан ўрин олган ҳамда “Ўзбекистон” радиоси ва телевидиниесининг “Олтин фонди”да сақланади.
Мени ажаблантирган жиҳат эса умуман бошқа нарса бўлди. Бу киши нафақат санъаткор, балки яхшигина веломарафончи эканлигини эшитганимда, аввалига тўғриси ишонмадим. 

Он-лайн нашримизга мурожаат қилган Хурсанд ака суҳбат учун манзилни ҳам ўзи таклиф қилди — пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбони. Ўша куни белгиланган жойга фотограф билан етиб бордик. У Ўзбекистон рамзларини ўзида ифодалаган спорт формасида, сўнгги русумдаги экстремалчилар велосипеди ва худди ўзи каби кийиниб олган шериги билан бизни кутиб турарди. Шундагина барча гумонларим пуч эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Салом-аликдан сўнг, ўз ҳамроҳини таништирди:
Юртимиз велоспорти фахрийларидан бири, тажрибали мураббий ва кўплаб мусобақалар ғолиби Светлана Исаева.

— Хурсанд ака, интервью учун нега айнан Амир Темур хиёбонини танладингиз?
Биласизми, Президентимизнинг ҳар бир чиқишлари, нутқларини катта диққат-эътибор билан кузатиб бораман. Айниқса, ўтган йили давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномаси барча ватандошларим қатори мени ҳам ниҳоятда тўлқинлантириб юборди. Чунки мазкур тарихий нутқда Юртбошимиз “2017 йил 22 декабрда, айниқса, ўзбек миллий кураши тарихида ёрқин саҳифа бўлди. 
Сентябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтган Осиё олимпия кенгаши Бош ассамблеяси йиғилишида ушбу миллий спорт турини Осиё ўйинлари дастурига киритиш ҳақида қарор қабул қилинди. Яъни 2018 йил Индонезияда бўлиб ўтадиган 18-Осиё ўйинларида қитъамиз спортчилари ўзбек миллий кураши бўйича ҳам ўзаро беллашадилар. Энди жаҳон спорт майдонларида “ҳалол”, “ғирром”, “чала”, “ёнбош” деган сўзлар жаранглаб, ўзбек тилини, Ўзбекистон номини дунёга тараннум этади” дея алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунда юрагим “жиз” этиб кетди. Улуғ бобокалонларимиз қатори буюк аждодимиз, нафақат моҳир саркардалиги, балки абжир ва чапдастлиги, полвонлиги билан ном таратган Амир Темурга хос тантилик, мардлик, орият, энг асосийсий, адолат тимсоли бўлган кураш нуфузли мусобақа таркибига киритилганидан, расман тан олинганидан ким ҳам фахрланмайди дейсиз? Ушбу хиёбондаги Амир Темур ҳайкали эса барчамизни шу йўлда олға интилишга ундаётгандек туюлади менга. 

Ўшанда ўз қадрдон велосипедимда юртим байроғини кўтариб олиб Тошкентдан Жакарта сари йўл олишга қатъий ният қилдим. Ўзбек кураши Осиё ўйинларидан жой олгани шарофати билан ҳамма ютдошларим қатори менга ҳам насиб этган катта бахтни йўл-йўлакай барча одамлар, хоҳ қозоқ, хоҳ қирғиз, хоҳ хитой, хуллас, барча билан баҳам кўришга, уларга булар ҳақида ғурурланиб сўзлаб беришга, то манзилга етгунча она Ватаним ҳақида куй-қўшиқлар айтиб кетишни дилимга тугдим.

— Бундай узоқ сафарларга олдин ҳам чиққанмисиз?
Бўлмасам-чи. Албатта. 
Аслида велоспорт билан 2013 йилдан бери шуғулланиб келаман. Бунинг сабаби аслида соғлиғим билан боғлиқ. Етти ёшлигимда автоҳалокатга учраб, тўрт йил тўшакка михланиб ётганман. Ўшанда санъат, тўғрироғи, куй-қўшиқлар, расм чизиш мени ҳаётга қайтарган, оёққа турғазган. Шундан сўнг қўшиқчи бўлдим.

Лекин барибир болаликдаги бахтсиз ҳодиса асорати қолар экан. Ёшим ўтгани сари соғлиғимда муаммолар пайдо бўла бошлади. Аввалига юракдан деб ўйладим. Кўплаб шифокорларга учрадим. Уларнинг ичида энг тажрибалиси “Сенда остеохондроз бор, кўпроқ велосипед ҳайдагин. Қўлларинг, оёқларинг, бутун тананг ҳаракатга келади, чигилларинг ёзилиб кетади”, дея тавсия берганди. Шу-шу велосипед энг яқин дўстимга, бора-бора ҳаётим мазмуни, саломатлигим гаровига айланди. 

Ҳисоблаб кўрсам, ҳозиргача велосипедда 32 минг километр йўл босибман. Инсон иродали бўлса, ҳамма нарсани енга олар экан. Бу эса менга болаликдан мерос. Масалан, катта трассада икки бор автомашина уриб кетди. Бир бор олиб кетаётган қимматбаҳо сувенир совғаларимни ўғирлаб кетишди. Айрим ҳолатларда давлат чегараларидан, масалан Қозоғистон – Хитой чегарасида ўтказмаслик билан боғлиқ муаммолар туфайли, ортга қайтиб, бошқа маршрут орқали кетган пайтларим ҳам бўлган. Шунга қарамай фақат олдинга ҳаракат қилишда давом этдим. Шукр, қатъиятим ва бегона бўлса ҳам йўлларда учрайдиган яхши инсонлар далдаси, ёрдами билан ҳамиша кўзлаган манзилларимга етиб борганман.

2015 йилда Тошкентдан йўлга чиқиб Москвагача бордим. 2016 йилда эса яна пойтахтдан отланиб, Буюк Ипак йўли бўйлаб Пекинни кўриб келдим. Қайтгач, ўз қадрдон уловимда ўзим суйган машҳур қўшиқчи Муслим Магомаев туғилган диёр Озарбайжонга, Бокуга жўнаб кетдим. 

Ўтган 2017 йили яна Москвага Муслим Магомаевнинг 75 ёш юбилейига ташриф буюрдим. Қайтиб келиб, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси таклифи билан 9 сентябрь ушбу қўшни давлатга мустақиллик байрамига таклиф этилдим. Сўнгра Душанбедан Айний довонлари орқали Хўжанд ва Фарҳод божхона постидан ўтиб, Тошкентга келдим.

Жорий йил апрель ойида эса кураш бўйича Амир Темур хотирасига бағишлаб ўтказилган еттинчи халқаро мусобақа иштирокчилари, полвонларимизни қўллаб-қувватлаш учун ҳамроҳим Светлана Исаева билан Шаҳрисабзга бир ярим кунда етиб бордим. Барча-барча каминани ёруғ юз билан кутиб олишди. У ерда “Ўзбек кураши” қўшиғимни куйлаб бердим. 
Шу йўлда менга яқиндан кўмак берган, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, ҳомийлик кўрсатган азиз инсонлар, элчихоналарга ўз миннатдорлигимни билдираман. 

Эндиги навбат ҳамроҳим Светлана Исаева билан Жакартага бориш. Лекин...
Шу пайт Хурсанд ака бир “уҳ” тортди ва хўрсиниб қўйди.
— Ўзбекистоннинг дунёга олиб чиқадиган ҳозирча битта спорт тури бор. У ҳам бўлса — миллий кураш. Бевосита давлат раҳбарининг ташаббуси билан ана шу қадриятимиз дунёга қайтадан кўз очди, янги поғонага кўтарилди. Энди кимсан Осиё ўйинларида қитъамизнинг манаман деган полвонлари ўзбек курашида гиламга чиқади. Ана шулар ҳақида ўзига хос велотарғибот қилиш орзусида эканлигимни юқорида айтдим. Шу ҳақда Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон кураш федерациясига мурожаат билан чиқдик. Аввалига уларга ушбу таклифимиз маъқул тушди.  Қўллаб-қувватлашларини билдиришди. Жуда қувондик. Ҳужжатларимизни тайёрлаб, Ташқи ишлар вазирлигига топширдик. Барака топишсин, улар ишимизни ўз вақтида ҳал қилиб берди. 

Ҳаммаси силлиқ кетаётган эди. Бироқ кутилмаганда Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон кураш федерацияси фикридан қайтиб қолди. Борсак, “Ҳомийни ўзларинг топинглар” деб қайтариб юборди. Ёзма мурожаатимиз шу кўйи эътиборсиз қолдирилди. Бир-иккита хусусий тадбиркорлардан ҳам ёрдам сўрадик. “Бўлди-бўлди”, дейдию ҳеч қандай аниқ амалий ёрдам йўқ. Шу юртнинг фарзандлари сифатида миллий курашимизни оламга тараннум этиш, тарғиб қилиш, Жакартага велосипедда етиб бориб, полвонларимизни қўллаб-қувватлашни мақсад қилиши гуноҳми ё бошқа нарса? Ўзбекистонда сўнгги пайтларда фуқароларнинг кўплаб эзгу ташаббуслари давлат, қатор ҳомий ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳақида кўп эшитаман, ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Бизнинг ташаббус ҳам фуқаролик нуқтаи-назаридан ҳам, ватанпарварлик нуқтаи-назаридан ҳам, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш нуқтаи-назаридан ҳам, биз ёши катталарнинг навқирон авлодга ибрат бўлиш нуқтаи-назаридан ҳам эзгу-ку. Наҳотки мутасаддилар шуни тушунишмаса?
Тўғриси, шу йил Тошкентдан Чимкентга веломарафон ташкил этилди. Кўплаб сафарларимга Чимкент орқали чиққаним учун қозоғистонликлар ҳам мени яхши танийди. Улар Жакартага велосипедда бориш ниятида юрганим ҳақида эшитган экан. “Келинг, Индонезияга бизнинг номимиздан боринг. Барча шароитларни қилиб берамиз, ҳомий ҳам бор”, дея таклиф қилишди. 
Светлана иккимиз дарров рад жавобини бердик. “Борсак, ўзимиз туғилган ватан – Ўзбекистон номидан борамиз” ,  дедик. 

Ўзимизда эса бу аҳвол. Уёқдан буёққа сарсон-саргардонмиз. Сансолорлик, фуқаролик ташаббусига нописанд муносабатда бўлиш. Қўпол муомала...
— Тўғриси, бу ишга биринчи бор бош қўшганим учун аввалига ҳаммаси осон битади дебман, — дея гапга қўшилди Светлана опа. —  Ахир, икки нафар фахрий инсон Ўзбекистонимиз номидан узоқ сафарга велосипедда чиқиб, миллий курашимиз ҳақида барчага мақтаниб сўзлаб кетишдек олижаноб мақсад қилсаю, ким ҳам буни қўллаб-қувватламайди, деб ўйлагандим. Аммо чучварани хом санаган эканмиз. Мана, неча ойдирки, қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб қайтариб юборишмоқда. Шунча интилишларимиз ҳавога учиб кетмасин деб қўрқаман. Агар 1 июндан кеч қолсак, манзилга етиб бора олмаймиз. 

Шу пайт хиёбонга бир гуруҳ сайёҳлар келиб қолди. Билсак, улар Италиядан экан. Туристлар ичида ёши улуғ, юзларидан нур ёғилиб турган чол-кампирга кўзим тушиб қолди. Улар жуда бахтиёр эди. Қаҳрамонларимни суратга тушишлари учун қолдирдим-да, фурсатдан фойдаланиб ана шу кекса меҳмонлардан таассуротларини билиш учун ошиқдим. Улар билан таржимон орқали мириқиб суҳбатлашдим(сайтимизда ана шу самимий фикрлар билан ҳам яқин орада танишасиз). Кейин фотограф укамизни чақириб эсдалик учун иккиси билан, сўнг барча италияликлар билан суратга тушдим.

Орада бизга Хурсанд ака ҳам қўшилди. Меҳмонлар Италиядан эканлигини эшитдию, хиёбонда илҳоми жўшиб, Лучано Павароттининг энг машҳур опера куйларидан бири “O sole mio”ни юксак маҳорат билан ижро этиб берди. Апеннинликлар бундан ҳайратга тушиб, оддий “велопойгачи”нинг истеъдодига тан берди ва қарсак чалиб юборди. 
С. МАХСУМОВ суҳбатлашди.

P/s: Х. Шеров босиб ўтган йўналишлар:

2015 йил. Тошкент – Чимкент – Туркистон – Қизилорда – Оқтўбе (Қозоғистон) –  Оренбург – Уфа – Қозон – Чувашия – Нижний Новгород – Владимир – Москва (Россия).  

2016 йил. Тошкент – Чимкент – Тараз (Қозоғистон) – Мерке – Алмати – Жаркент – Қорғас – (ортга қайтиб) Талдиқўрғон – Барнаул – Новосибирск – Красноярск – Иркутск – Улан-Уде – Чита – Забайкалье – Маньчжурия-Пекин(Хитой). 
Самарқанд –  Бухоро – Чоржуй – Мари – Ашхобод – Туркманбоши –  Боку(Озарбайжон).

2017 йил. Тошкент – Чимкент – Тараз (Қозоғистон) – Бишкек (Қирғизистон) – Астана (Қозоғистон) –  Челябинск – Уфа – Қозон – Чувашия – Нижний Новгород – Владимир –  Москва(Россия). Бешкек – Тошкент – Самарқанд – Шаҳрисабз – Денов – Мирзо Турсунзода – Душанбе – Варзоб – Айний – Истарафшон – Хўжанд –Тошкент.

2018 йил. Тошкент – Шаҳрисабз – Қарши – Чироқчи – Самарқанд –Жиззах – Тошкент.
Суратлар муаллифи: Ҳаким Йўлдошев/"Халқ сўзи". 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар