Танганинг иккинчи томони ёхуд почта хизматидаги ўзибўларчиликларга қачон чек қўйилади?

11:07 16 Сентябр 2019 Жамият
174 0

ЖУРНАЛИСТ СУРИШТИРУВИ

Бугун бизга газета ва журналлар керакми? Виртуал олам кенг оммалашаётган айни пайтда бу саволнинг аҳамияти янада ортмоқда, назаримизда. Қолаверса, ушбу фикрни дастак қилаётганлар кўпаяётгани кишини ажаблантирмай қўймайди.

Энди тасаввур қилинг, илм-маърифатнинг таянч маскани — мактабларга бир дона ҳам газета ёки журнал етиб бормаса. Кўра-била туриб халқимизни, айниқса, ёшларимизни матбуотдан узоқлаштирмаяпмизми? Навқирон авлодни мутолаадек эзгу одатдан мосуво қилиб тарбиялашга интилмаяпмизми?

Зотан, миллий ўзликни англаш, маънавият, миллий ғояга ҳар қачонгидан-да эҳтиёж сезилаётган шу кунларда бунга, энг қизиғи, онгли равишда қўл ураётганимиз таажжубланарли.

Дард устига чипқон деганларидек, катта маблағ ва ижодкорларнинг заҳматли меҳнати эвазига чоп этилаётган газета ва журналларнинг жойларда тарқатилиши билан боғлиқ муаммолар бу борадаги вазиятни баттар чигаллаштирмоқда. Мутасаддилар, айниқса, почта хизмати кўрсатувчи ташкилотларнинг “бизга шуниси ҳам бўлаверади” қабилида иш тутиши ушбу тизим бутунлай издан чиқишига замин ҳозирламоқда. Бунга мухбирларимизнинг Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида ўтказган журналистик суриштирувлари натижалари мисолида ҳам ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Обуначи нега норози?

Наманганда газета-журналларга обуна ташкил этиш ва уни тарқатишборасида тўпланган узоқ йиллик тажриба бой берилган, дейиш мумкин. Энг катта муаммолардан бири обуначилар кундалик нашрларни ўз вақтида ололмаётганлигидадир.

Келинг, бу масалани чуқурроқ таҳлил қилиб кўрайлик. Чуст туманилик меҳнат фахрийси Анвар Муродовнинг айтишича, туман марказида почтачилар ҳафтасига икки маротаба газета тарқатадилар. Демак, ҳафтасига беш марта чоп этиладиган “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Правда Востока” газеталари ҳеч қачон вақтида етиб бормайди. Қишлоқ жойларда эса аҳвол бундан ҳам баттар. Обуначи ҳафтасига бир марта газета олса ҳам “дўпписини осмонга отади”.

Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Аввало, почта корхоналарининг моддий-техник базаси ва молиявий аҳволи йилдан-йилга оғирлашиб бораётир. Хусусан, Чуст туманида сўнгги тўрт-беш йил мобайнида почта бўлимлари ва ходимлар сони қарийб икки баравар қисқартирилди.

Олис қишлоқларни-ку қўя турайлик, вилоят маркази — Наманган шаҳрида ҳам марказий газеталар обуначиларга ўз вақтида етказиб берилмаётганлигига гувоҳ бўлдик. Жумладан, “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталари шаҳар почтасининг саралаш бўлимига аксарият ҳолларда чоп этилган куннинг биринчи ярмида етиб келади. Лекин ўша куни газеталар фақат вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, бошқа қатор ташкилотларга элтиб берилади, холос. Бошқалар матбуот нашрларини кейинги кунлари олади.

Обуна масаласидаги яна бир қусур шундан иборатки, эндиликда у аксарият ҳолларда йиллик эмас, олти, уч ва ҳатто бир ойлик қилиб расмийлаштирилмоқда. Тўғри, аслида исталган муддатга ёзилиш мумкин. Лекин таҳририят ва обуначи ўртасида воситачи ҳисобланмиш почта корхонаси ёки “Матбуот тарқатувчи” фаолиятида изчиллик йўқлиги сабабли йилнинг қолган қисмига обуна ташкил этиш масаласи ўлда-жўлда қолиб кетади.

Наманган шаҳри ва Янгиқўрғон, Уйчи, Чортоқ ва бошқа туманларда бўлганимизда, идоравий обуна ташкил этилмаётганлиги эътиборимизни тортди. Бу, кўпроқ бюджет ташкилотларига тааллуқли. Масалан, Наманган шаҳридаги 8-мактаб директори Б. Абдурасуловнинг айтишича, мактаб кутубхонаси бюджет ҳисобидан биронта газета-журналга обуна қилинмаган. Ўқитувчиларнинг ўзлари 12 нусхадаги газетага ёзилган, холос. Кутубхонада эса уларнинг айрим сонлари мавжуд.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги аҳвол ҳам шундай. Маълум миқдорда пул ажратилса-да, бу маблағ вазирлик томонидан чоп этиладиган нашрларга йўналтирилади. Ижтимоий-сиёсий нашрларга эса йўқ.

Наманган вилояти халқ таълими бошқармасида 2019 йил учун обуна қандай ташкил этилганлигини ҳам ўргандик. Хусусан, қишлоқ мактаблари учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан матбуот нашрларига обуна қандай уюштирилаётгани билан қизиқдик. Ушбу маблағ бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан тўртинчи гуруҳ харажатларига ажратилар экан. Масалан, ўтган йили 400 миллион сўм маблағ берилган. Лекин унинг 310 миллион сўми халқ таълимига оид газета-журналлар обунасига йўналтирилган. Атиги 90 миллион сўми ижтимоий-сиёсий нашрлар обунаси учун сарфланибди. Лекин уларнинг биронтасига йиллик обуна ташкил этилмаган. Фақат уч-беш ойлик.

Боз устига вилоят бўйича қишлоқ мактаблари сони негадир 350 та деб белгиланган. Ҳолбуки, 600 дан зиёд мактабнинг 102 таси Наманган шаҳрида жойлашган. Демак, бошқа ҳамма мактаблар қишлоқ туманларида. 

Газета ва журналларнинг кенг тарқалишига ёрдам берадиган омилларнинг яна бири — уларнинг чакана савдосини йўлга қўйиш ҳисобланади. Афсуски, бу борада мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаяпти. Бунга ҳам қатор сабаблар бор. Бундан ўн йил муқаддам Наманган шаҳрида қирқдан зиёд газета-журнал сотадиган дўконлар бор эди. Ҳозирга келиб уларнинг ярми ҳам қолмади ҳисоб. Мавжудлари ҳам “буз-буз”лар оқибатида йўқ бўлиб кетди. “Матбуот тарқатувчи” вилоят шўъба корхонасидан маълум қилишларича, уларнинг биронтасини жойлаштириш учун шаҳар ҳокимлиги томонидан тегишли ер майдони ажратилмади. Туман марказида ҳам худди шундай аҳвол. Буни матбуотга муносабатнинг ўзига хос кўриниши дейиш мумкин.

Ҳолбуки, чакана савдо билан шуғулланадиган дўкончанинг имкониятлари жуда катта.

— Одамлар фақат енгил-елпи мавзулар ёзиладиган нашрларга қизиқади, деган гаплар нотўғри, — дейди Наманган шаҳри “Чорсу” даҳасида жойлашган 33-дўкон мудири Мусохон Абдураҳмонов. — Биздан “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Правда Востока” каби газеталарни мунтазам сотиб олувчилар бор. Бундан ташқари, обуна билан ҳам шуғулланаман. Ҳар йили 50-60 миллион сўмлик обуна тўплайман. Бу жараён йил бўйи давом этади. Пластик карталардан фойдаланиш учун терминал ҳам мавжуд.

Почтачи ўз вазифасини унутди

Бугун Фарғона вилоятида ушбу йўналишда “Ўзбекистон почтаси” АЖ вилоят филиали ва “Матбуот таркатувчи” шўъба корхонаси билан бир қаторда “Фарғона матбуот почта”, “Таълим почта”, “Водий тиббиёт почта”, “Сайёр-2017”, “Фарзиё Пресс” сингари ўнга яқин тадбиркорлик субъекти ҳам фаолият кўрсатади.

Бешариқ тумани мактабгача таълим бўлими АРМ раҳбари ШаҳзодаОрипованинг таъкидлашича, ҳудуддаги 64 та МТМ жамоаси “Матбуоттарқатувчи”орқали“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарига обуна ташкиллаштирилган. Бироқ “Матбуот тарқатувчи” ходими газеталарни муассасаларга эмас, унинг тумандаги бўлимига улгуржи қилиб ташлаб кетади. Боғча мудиралари қачонки бўлимга юмушлари билан келгандагина газеталарни олиб кетишади.

— Обуначиларга газеталарни чиққан санасидан бир кундан сўнг етказамиз, — дейди Қўқон шаҳар почта алоқа тармоғи бўлими бошлиғи ўринбосари Зоҳиджон Исақов. — “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарини эса ҳар куни ўз манзилларига етказамиз.

Қўқон шаҳрида ўртача 230 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Почта алоқа бўлими обуначиларга ва 200 га яқин ташкилотларга бир дона махсус машина ва 20 нафар почтачи орқали кундалик нашрларни етказади. Лекин ушбу вазифанинг уддаланаётгани амримаҳол.

—Баъзида ўйлаб қоламан, агар шифокор ўз касбига совуққонлик қилса, бир одамнинг тақдирига бефарқ қараган бўлади, — дейди Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Комилжон Сирожиддинов. — Почта ходимининг масъулияти ҳам ундан кам бўлмай, ахборотнинг вақтида етиб бориши зарурлигини унутмаслиги лозим.

— Имкон қадар арзонроқ бўлиши учун биз 40 та умумтаълим мактаби учун 80 дона “Халқ сўзи” газетасига таҳририят билан тўғридан-тўғри шартнома асосида обуна бўлганмиз, — дейди Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими дарсликлар бўлими услубчиси Юлдузхон Султонова. — Шу йил бошидан эса80 дона газета мактабларимизга эмас, балки бўлимимизга кела бошлади. Мен эса шунча газетани мактабларга тарқатиб бера олмаслигим, бунгажисмонан ва вақт нуқтаи назаридан имконим йўқлигини масъулларга билдирдим. Газеталарни ўз мижозларига вақтида етказиб бериш учун “Матбуот тарқатувчи”нинг Қўқон бўлимига аниқ манзил асосида мактаблар рўйхатини юбордик. Лекин кундалик газеталар бир ҳафтада бир маротаба (“Халқ сўзи” ҳафтада беш маротаба чоп этилади) барибир бўлимимизга келаверди. Хонамда газеталар тахлами уюлиб кетди. Воқелик давом этавергач, бир йилга тузилган йиллик шартномани белгиланган тартибда олти ойда тўхтатишга мажбур бўлдик.

Ахир мавжуд тартиб-қоидаларга кўра, почта ходими ҳар бир обуначининг кўрсатган манзилига кунлигини кунлик, вақтида етказиб бериши керакку-ку?! Қолаверса, айнан шу хизмати учун ҳақ олади-ку? Бу ҳолатда ҳам истеъмолчи бўлган газетхонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилаётганига на “Ўзбекистон почтаси” АЖ мутасаддилари, на “Матбуот тарқатувчи” корхонаси ва на истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар эътибор қаратмайди.

— Биз 2019 йил учун 10 дан ортиқ нашрларга почта, “Матбуот тарқатувчи” ва “Водий тиббиёт почта”сидан обуна бўлганмиз, — дейди Қўқон тиббиёт бирлашмаси ташкилий бўлими мудири Замирахон Шомуродова. — Аммо барчавилоят ва республика нашрлари ҳафтада бир маротаба олиб келинади. Кейин ўзим саралаб, бошқа бўлимларга тарқатаман.

“Матбуот тарқатувчи” Фарғона вилояти шўъба корхонасида айни кунларда вилоят бўйича жами штат асосида 29 ишчи-ходим фаолият олиб боради. 2019 йилда “Халқ сўзи” учун 663 ва “Народное слово” газетаси учун 82 дона обунарасмийлаштирилган. Ташкилотга тегишли 7 та ва шартнома асосида6 та машина 19 туман ва шаҳарга 100 номдаги газета ва журнал тарқатади. Бутун Фарғона вилояти аҳолисига маърифат, зиё тарқатишга масъул бўлган бу ташкилот ҳам ўз олдиларига қўйилган вазифани бажара олмаяпти. Бажаришни хоҳлаганларида ҳам имкониятлари етмайди.Шўъба корхонаси директори Хатима ўофурованингайтишича, барча ишлар ўлда-жўлда. Бунинг сабаби ташкилотларнинг корхонадан қарздорлиги юқори эканлигида. Йиллар давомида обуна бўлган корхона ва ташкилотлар газеталар вақтида етказиб берилган нашрлар учун пул тўлашмаган. Натижада корхонанинг обуна уюштирган ташилотларданқарздорлиги 1 миллиард 200 миллион сўмга етди. Таҳририятлардан қарздорлик эса айни кунда 850 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бир қарашда масала оддий кўринади. Яъни барча қарздорликлар ундирилишига эришилса, корхона йилни 350 миллион сўм соф фойда билан якунлаши мумкин.

— Лекин масаланинг бошқа томони бор, — дейди Хатима ўофурова. — Шу кунга қадар 50 дан ортиқ қарзи бор ташкилотларни судга бердик. Масалан, биргина мактаблардан жами 344 миллион 201 минг сўм хақдормиз.Ҳар бир суд харажатлари ўртача 250 минг сўмга боради. Бу эса жами 12 миллион 500 минг сўм деганидир. Ҳали яна судга даъво аризаларини киритиш ишларини давом эттиряпмиз. Яна сарфимиз ошиши тайин. Энди ўйлаб кўрингчи, қарзда “ўтирган” ташкилот суд харажатларини қаердан олади? Хуллас, бошимизни ёпсак этагимиз, этагимизни ёпсак, бошимиз очилиб қоляпти.

“Ўзбекистон почтаси” АЖ Фарғона вилояти бўлимида ҳам худди шу муаммо. Вилоят бўйичакорхона ва ташкилотларданкафолат хатлари асосида жами 502 миллион сўм ҳақдорлик мавжуд. Бу эса, албатта “Ўзбекистон почтаси” АЖ билан йирик таҳририятлар ўртасидагиишончли ҳамкорликка путур етказмай қолмайди.

Фарғона вилоятида фаолият олиб борувчи “Водий тиббиёт почта”нинг эсаумуман “қилиқ”лари ошиб тушди. Жойларда унинг филиаллари, етказиб берувчи транспорт воситалари у ёқда турсин, ҳатто, марказий офисида уч кун давомида бирон кимсани учратмадик. Эшикларга отнинг калласидек қулф солинган. Уч кун давомида тегишли маълумотларни олиш ёки телефон қўнғироғи орқали улар билан муомалага киришишнинг уддасидан чиқа олмадик. Почтанинг аҳволи шундай бўлса, кундалик даврий нашрларнинг тарқатилиши қанчалар аянчли эканини тасаввур қилиш қийин эмас.

Шартлар бажарилмаяпти, истеъмолчи эса зарар кўряпти

Андижон вилоятида 700 турдаги газета ва журналларга обуна ташкил этилган. Бу жараён “Андижон матбуот тарқатувчи”, “Андижон таълим почта” МЧЖлари ва “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг Андижон вилояти филиали томониданамалга оширилади. Ҳар бир обуна ташкилотчиси ўз обуначиларига сифатли хизмат кўрсатиш борасида турлича имкониятларга эга.

Избоскан тумани почта алоқа тармоғида бўлганимизда, афсуски, бу ердагилар бизга туманда неча турдаги нашрларга обуна бўлинганлиги ҳақида аниқ маълумот бера олмади. Хўп, бу саволга жавоб бера олиши мумкин бўлган масъул ходимлар ўша пайтда идорада йўқ эди ҳам дейлик, лекин муҳандис Илҳомжон Жалолов соҳада ҳеч қандай муаммо йўқлигини эътироф этган бир пайтда Наврўз бўлими бошлиғи Машҳурахон Акбарованинг фиғони кўкни тутди:

— Ҳудудимизда истиқомат қилувчи бир нафар фуқаро “Халқ сўзи” газетасига йиллик обуна бўлган, — дейди у биз билан суҳбатда. — Газета авваллари ҳафтада икки марта келиб турарди. Охирги пайтларда умуман келмай қўйди.

Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман суди почта алоқа тармоғи бўлимидан атиги 50 метр нарида жойлашган, холос. Ўрталаридаги бинони ҳисобга олмаганда ҳар иккала идора бир-бирларига қўшни ҳисобланади. Почта ходимлари суд идораси ёнидан кунига бир неча маротаба ўтиб-қайтишларига қарамай, газеталарни ўз вақтида етказиб бериш вазифасини адо эта олмаяптилар.

— “Халқ сўзи” газетасига йиллик обуна бўлганмиз, — дейди суд девонхона мудири Давронбек Солиев. — Ҳар бир газетани қабул қилиб олишдан аввал унга қабул қилинган кун санаси кўрсатилган муҳр босаман. Бугун август ойининг 12-санаси бўлса, кўриб турганингиздек, “Халқ сўзи” газетасининг25 июль кунги сони 8 август куни етиб келган. Шунда ҳам бир кунда бирданига 9 та сон олиб келинган. Орадан 15 кун ўтган бўлса ҳамки, газетанинг қолган сонидан дарак йўқ.

Ушбу почта бўлимининг Туячи бўлинмасига Тожибой Болтабоев масъул этиб тайинланган. Ҳудудида 3 та мактаб бўлиб, уларнинг ҳар бири “Халқ сўзи” газетасига биттадан йиллик обуна бўлган.

— Мактабларга газеталарни ҳафтада икки марта етказиб бераман, — дейди Тоживой Болтабоев. — Тўғри, “Халқ сўзи” газетаси ҳафтада беш марта, баъзи пайтларда ҳар куни чоп этилади. Лекин уни обуначиларга ҳар куни етказиб бериш учун менда имконият йўқ. Боиси, 400-500 минг сўм атрофида ойлик маош оламан. Газеталарни тарқатиш учун ёнимдан пул сарфлайман. Ҳар бир мактабга ҳар куни боришга тўғри келадиган бўлса, харажатим учун ойлик маошим ҳам етмайди-ку.

Обуна ташкилотчиларининг транспорт воситалари билан етарлича таъминланмаганлигисоҳа фаолиятига салбий таъсир этибгина қолмасдан, обуначиларнинг почта ташкилотчиларига, қолаверса, таҳририятларга бўлган ишончининг тобора сўниб боришига сабаб бўлмоқда.

Яна бирҳақли савол туғилади. Хўп, обуна ташкилотчисидаўз вақтида хизмат кўрсатиш имкони мавжуд эмас экан, ҳар куни чоп этиладиган нашрларга обуна ташкиллаштиришга ҳаққи бормикин? Бу билан обуначилар олдида нафақат ўзининг, балки таҳририятларнинг ҳам ишончини йўқотиб қўймаяптимикин?

Бу каби ҳолатларга вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам дуч келиш мумкин. Мисол учун, Булоқбоши туманидаги саноат касб-ҳунар коллежини олайлик. Коллеж директорининг ўринбосари Гулойим Юсупованинг маълум қилишича, 2019 йилга қадар ҳар йили ўртача 20 миллион сўмлик обуна ташкил этилган. Бу йил бу кўрсаткич 7 миллионга тушиб қолди. Бунга сабаб мажбурий обунага чек қўйилишигина эмас, балки нашрларнинг ўз вақтида етиб келмаслиги ҳамдир. Мисол учун, коллеж жорий йилда “Матбуот тарқатувчи” МЧЖ томонидан 58 номдаги нашрга обуна ташкиллаштирган бўлса-да, ташкилотчи томонидан шу кунгача бирорта газета олиб келинмаган.

Хўш, соҳада юзагакелган бу каби масъулиятсизликка сабаб нима? Афсуски, қарс икки қўлдан чиқади. Обуна ташкилотчилари ўз зиммасидаги вазифага совуққонлик билан қараётган экан, нима учун обуначилар ўз ҳақини талаб қилмаяптилар.

— Боиси, аксарият обуначилар етказиб берилаётган нашрлар учунтўловни ҳалиям амалга оширмаганлар, — дейди “Андижон матбуот тарқатувчи” МЧЖ ходими Улуғбек Баиров. — Натижада Андижон вилоятидаги корхона ва ташкилотлар жамиятимиздан 380 миллион сўмга яқин қарз бўлиб қолган. Бу бизнинг ҳам фаолиятимизга салбий таъсир кўрсатмоқда. Обуначилар томонидан маблағ ўз вақтида ўтказиб берилганда эди биз ҳам таҳририятлардан 219 миллион 86 минг 700 сўм миқдорида қарз бўлиб қолмаган бўлардик.

Хулоса қилиб айтганда, почта хизмати соҳасида ўз ечимини кутиб турган муаммолар талайгина. Мавжуд камчиликлар тезроқ бартараф этилмас экан, обуна ташкилотчилари билан таҳририят ўртасидаги шартнома шартлари бажарилмай қолаверади. Энг ёмони, обуначиларнинг таҳририятларга ва почта ташкилотчиларига бўлган ишончи сўнади. Натижада жабр кўрган маънавият бўлиб қолади, холос. Халқнинг маънавиятига путур етса, билингки, жамиятнинг пойдеворига ҳам дарз кетиши муқаррар.

Абдураззоқ КАРИМОВ,

Элёр ЭҲСОНОВ,

Саминжон ҲУСАНОВ,

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Халқ сўзи” мухбирлари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019