Таълимдаги порахўрлик ҳақидаги “Биринчи август” бадиий фильми премьераси бўлиб ўтди

11:38 27 Ноябрь 2019 Маданият
1019 0

Кеча Алишер Навоий номидаги киносаройда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси билан режиссёр Aбдувоҳид Ғаниев томонидан суратга олинган “Биринчи август” бадиий фильмининг премьераси ўтказилди. Бу ҳақда “Ўзбеккино“ хабар берди.

Премьера аввалида фильмда роль ижро этган актёрлар кино мухлислари билан суратга тушди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари, киношунос Шуҳрат Ризаев фильм яратилиш тарихи, аҳамияти ҳақида гапириб берди.

“Биринчи август” фильми 2009-2010 йилларда олий таълим соҳасида авж олган коррупция, яъни университетга кириш имтиҳонларидаги қаллобликларга бағишланади. Фильм “Олов-Нур медиа” киностудияси томонидан суратга олинган. Кинокартинада бош ролларни Йигитали Мамажонов, Феруза Юсупова, Тоҳир Саидов, Райҳон Уласенова, Собир Отажонов, Муяссар Бердиқулова, эпизодик ролларни Самарқанд вилояти театрларининг истеъдодли актёрлари ижро этган.

Картина таълимдаги қинғирликлар, коррупция ҳақида суратга олинган илк фильм бўлиб, унда талабанинг олий таълим муассасаси даргоҳига қўйган биринчи қадамидаёқ кўзбўямачилик ва адолатсизлик манзарасини кўриши, бунинг таъсири туфайли келгуси ҳаётида “Қуш уясида кўрганини қилади” қабилида иш тутиши мумкинлиги кўрсатиб берилади.

Биз кундалик ҳаётимизда “Тест синовлари ўйин бўлди” каби гапларни кўп эшитамиз, “паравоз”, “бункер”, “танка” каби жаргонлар эса анча оммалашган. Фильмда бу каби оғизда айтиладиган, аммо кўпчилик ҳеч қачон кўрмайдиган воқеалар кинотасвирга кўчади.

“Биринчи август”да олий ўқув юртларига кириш вақтидаги тест жараёнларининг қай даражада “ўйин” бўлиши ва бу қинғирликлар тепасида турган одамлар фош қилинади. Фильмда коррупция аралашмаган сюжет линияси ҳам бор. Бу бош қаҳрамонлар Йигитали Мамажонов ва Феруза Юсупова ўртасидаги муҳаббат фасли. Ва бу муҳаббат жуфтлиги сизни атрофида қанчалик разолат, иккиюзламачилик бўлмасин, инсон қалби доимо меҳрга ташна бўлишини ёдингизга солиб туради.

Фильмда бош роль ижрочиси Йигитали Мамажонов олий ўқув юртларига кириш тестларида “паравоз“лик қилган тестоман ролида намоён бўлади.

– Фильмда жамиятимиздаги долзарб муаммолардан бири ҳақида ҳикоя қилингани жуда ёқди ва унда бажонидил роль ижро этдим, – деди актёр Йигитали Мамажонов. – Ролимни ишончли чиқиши учун астойдил ҳаракат қилдим. Чунки агар қаҳрамоним тақдирини кўриш орқали шу йўлда ё йўл бошида турган битта одам бўлса ҳам ортга қайтса жамият бир жиноятчидан қутилади, бир абитуриент ўз билими билан ўқишга кира олади. Ва биз ўз олдимизга қўйган вазифани бажарган бўламиз.

Картинада болаликдан ўргатилган тўғри диний билим, шу билан параллел тарзда чет тилларини ўргатиб бориш ёш авлоднинг келгусида ҳалол, эътиқодли ва дунёқараши кенг бўлиб улғайишида муҳим ўрин тутиши акс этади.

Кинолойиҳа ижодкорларининг эътирофига кўра, бу фильмда кимнидир ёки қайсидир қатламни айбдор қилиш эмас, балки жамиятдаги шу иллатга бўлган лоқайдлик ҳамда коррупцияга йўл очиб берилган нотўғри механизм ҳақида ҳам фикр юритилади.

Хабарда қайд этилишича, драматик воқеликларга бой “Биринчи август” фильмини 27 ноябрдан юртимизнинг барча кинотеатрларида томоша қилишингиз мумкин.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019