Таълимдаги коррупция — энг олий жиноят

09:56 10 Июль 2018 Жамият
425 0
Иллюстратив фото

Мамлакатимиз таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, унинг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, олий ўқув юртларига қабул жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, таълимдаги коррупция ва порахўрликнинг олдини олишга ҳам астойдил киришилган. Аммо...

Порахўрликка қарши кураш мақсадида олиб борилаётган комплекс чора-тадбирларга қарамай, “ўқишга киритиб қўяман, тестни ҳал қилиб бераман”, деган ва шу орқали мўмай пул ишлаб олиш илинжидаги фирибгарлар ҳали-ҳануз учраб турибди. Афсуски, “Фарзандим диплом олса бўлди, у ёғи бир гап бўлар” қабилида иш тутадиган, фарзандининг қобилияти, билими ва салоҳияти етарлими ёки йўқ, бунга иккинчи даражали масала сифатида қарайдиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Очиғи, ушбу ҳолатлар йиллар давомида таълим тизимидаги коррупциянинг энг оғриқли нуқтаси бўлиб келди.

Соҳадаги ислоҳотлар сабаб вазият тубдан ўзгарди, кимнинг билими, қобилияти, салоҳияти бўлса, ўша одам ўқийди, деган тамойилга амал қилина бошланди. Шу боис эндиликда таълимдаги коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишга астойдил киришилган. Бу борадаги дастлабки қадам тест имтиҳонларини топшириш жараёнини тартибга солиш билан бошланди.

Президентимизнинг жорий йил 4 июндаги “2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорига асосан, мамлакатимиз олий таълим даргоҳларига қабул учун квоталар сони ўтган йилдагига қараганда қарийб 8 ярим мингтага кўпайди. Барча жараён нафақат давлат органлари, балки кенг жамоатчилик назорати остида шаффоф тарзда ўтадиган бўлди.

Қисқаси, ҳужжат қабул қилишдан бошлаб, тест имтиҳонларини ўтказиш жараёнигача абитуриентлар учун барча шароит ва имконият яратиляпти. Асосийси, ҳаққонийлик ва очиқлик тамойилига амал қилинаётир.

Лекин коррупцияга қарши кураш тобора қатъий бўлиб борса-да, ажириқ каби унинг илдизлари ҳали-ҳануз сақланиб қолган кўринади. Астойдил таълим олиб, не-не орзулар билан ўқишга топширган ёшлар манфаатини ҳатлаб ўтиб, ҳаром луқма билан кун кечиришни ўзига одат қилган айрим нопок инсонлар ҳозир ҳам учраб тургани жамиятимиздаги соғлом муҳитга салбий таъсир қилмоқда. Айниқса, янги ўқув йили бошланиши арафасида бу каби қинғир амалиёт у ер, бу ерда урчий бошлаши ҳам бор гап. Бундай ҳолат нафақат олий таълим даргоҳларида, балки лицей ва коллежларда, ҳатто умумтаълим мактабларида ҳам кўзга ташланаётгани ачинарли ҳол, албатта.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Юнусобод тумани ХТБга қарашли 247-умумтаълим мактаби директори С. Туламетова фуқаро С. Алмасовадан фарзандини мактабнинг 1-синфига ўқишга қабул қилиши эвазига 500 минг сўм пора олаётган вақтида қўлга олинди.

Ёки Тошкент миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Д. Ваҳобова ўқишини оилавий шароитлар туфайли тамомлай олмаган Ў. Корабоевга мазкур коллежни битирганлик тўғрисидаги дипломни расмийлаштириб бериш эвазига ундан 400 минг сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари бўла туриб, ёшларимизни қинғир йўлга бошлаган Ваҳобованинг қилмишини қандай тушуниш мумкин?

Яна бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Таълим даргоҳларидаги порахўрлик касаллиги айнан юқоридаги каби “таълим муассасалари ходимларининг” салбий хатти-ҳаракатлари таъсирида, ҳатто ҳали ғўр бўлган ўқувчиларга ҳам ўтмоқда. Бу табиий ҳол, албатта. Чунки “Устозим шу ишни қилгандан кейин, мен қилсам нима бўлибди”, деган фикр ҳали онги-шуури тўла шаклланмаган боланинг хаёлидан ўтади-да.

Бир мисол, Чилонзор тумани тиббиёт коллежи 1-босқич талабаси Ф. Эсонов мазкур коллежда ўқитувчи бўлиб ишловчи таниши Д. Маликов орқали фуқаро Д. Маликовани 2-мутахассислик бўйича ушбу коллежга ўқишга киритиб қўйиш эвазига ундан 500 АҚШ долларини пора тариқасида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Энди олий таълим тизимида “ўқишга киритиб қўяман” деган фирибгарлар ҳақидаги аниқ маълумотларни келтириб ўтамиз.

Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А. Тўлаганова ва Г. Тошпўлатова Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори ёрдамчиси лавозимида ишловчи Умид исмли таниши орқали мазкур институтга ўқишга киритиб қўямиз, деб фуқаро Н. Мирзаабдуллаевадан 15000 АҚШ долларини “қуртдай” санаб олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Бу каби яна бир ҳолат пойтахтимиздаги нуфузли олий таълим даргоҳларидан бири — Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида содир бўлганлигини қандай баҳолаш мумкин?!

Жумладан, ушбу олий таълим муассасасининг лаборанти Ш. Бабаев фуқаро У. Нуруллаевни мазкур университетнинг Жисмоний тарбия факультетига ўқишга олиб киришни ваъда қилиб, ундан 8 минг АҚШ долларини олган вақтда ушланди. Худди шу университетнинг яна бир ўқитувчиси, доцент вазифасини бажарувчи С. Аҳмадалиев ҳам фуқаро А. Салимовадан хоҳлаган факультетга ўқишга киритиб қўйишга ёрдам бериши эвазига 4 минг АҚШ доллари сўрайди. Пулнинг тенг яримини олаётган вақтида у ҳам қўлга тушди.

Департамент ходимлари томонидан ўтказилган яна бир тадбирда фуқаро Ф. Хужақулова К. Камолиддиновни Тошкент давлат техника университетининг Иқтисодиёт факультетига давлат гранти асосида ўқишга олиб кириш билан алдаб, ундан 8 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ушланди.

Худда шундай ҳолат Чирчиқда ҳам қайд этилди. Чирчиқ давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия ўқитувчиси К. Аликулов фуқаро У. Нуруллаевни танишлари орқали Ўзбекистон Миллий университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 8 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинди.

Эътибор берсак, юқоридаги ҳолатларнинг 3 тасида университетдаги порахўру фирибгарлар 8 минг АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга тушяпти. Худди савдо дўконидаги маълум бир маҳсулотнинг нархи белгилаб қўйилганидек. Бу олий даргоҳларда таълимнинг нархи 8 минг АҚШ долларими? Ёки у ердаги айрим нопок кишилар виждони баҳосими бу?!

Қорақалпоғистонда ҳам олий таълимдаги яна бир фирибгар мулозим фаолиятига чек қўйилди. Тезкор тадбирда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Ўзбек филологияси факультетининг декани Х. Абдуллаев фуқаро Нуримбетовани университетнинг туркман тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича ўтказиладиган ижодий имтиҳонлардан юқори баҳо қўйиб, шу орқали ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади ҳамда бунинг эвазига 4500 АҚШ доллари сўрайди. Поранинг бир қисмини, яъни 200 АҚШ долларини олаётган бу мансабдор жиноят устида ушланди.

— Департамент органлари томонидан 2018 йилнинг биринчи ярмида таълим тизими билан боғлиқ коррупция, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби ҳолатлар бўйича жами 83 та жиноят иши қўзғатилган, — дейди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг бўлим катта инспектори Адҳам Исмоилов. — Ушбу жиноятларнинг 16 таси умумтаълим мактабларида, 31 таси олий ўқув юртларида, 36 таси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида содир этилган. Таҳлилларга кўра, таълим тизимидаги коррупция ҳолатлари, асосан, ўқув юртларида янги ўқув йили учун қабуллар бошланган даврга (49 та ҳолат) тўғри келади. Хусусан, жорий йилнинг январь ойида 5 та, февраль ойида 16 та, март ойида 11 та, апрель ойида 10 та, май ойида 16 та ва июнь-июль ойларида эса 25 та ҳолат фош этилган.

Аксарият ҳолларда пора бериш ташаббуси айнан фуқароларнинг ўзидан чиқаётгани, афсуски, аччиқ ҳақиқат. Ваҳолонки, жамиятни ҳалол ва коррупциядан холи ҳудудга айлантиришга барчамиз бирдек масъулмиз ҳамда порахўр кимсаларга қарши курашишда фуқароларимизнинг ҳаракати асосий кучга эга бўлишини англаб етишимиз шарт.
Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил
мультимедиа маркази материаллари асосида
Раҳим ШЕРҚУЛОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар