Таълим ва илм-фан — мамлакат ривожланишининг асосий драйвери

10:18 31 Октябр 2020 Сиёсат
354 0

Кеча Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор мажлисида мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада ривожлантириш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, унинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш ҳамда ўқитувчи-мураббийларнинг мавқейи, обрў-эътиборини оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоиз, узоқ йиллар давомида таълим соҳасига етарлича эътибор берилмагани, маблағ билан таъминланишдаги тизимли камчиликлар ва бир қатор бошқа сабаблар ушбу соҳада кўплаб йирик муаммоларни келтириб чиқарди. Унинг изчил ривожланишига тўсқинлик қилди. Ҳозирги даврда шу муаммоларни самарали ҳал этиш учун нафақат тегишли қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни қабул қилиш ва амалиётини таъминлаш, балки соҳада кенг қамровли ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш зарур.

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланишининг асосий драйвери сифатида таълим ва илм-фан деб тан олинган экан, унинг ўзи қандай ривожланиши керак? Иқтисодиётнинг тармоқлари учун интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга, юксак технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни бошқара оладиган мутахассислар тайёрлаш учун нималарга эътибор бериш керак? Тизимнинг жонкуярлари – тарбиячи-ўқитувчилар, мураббийларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг нуфузини ошириш ва зарур шарт-шароитларни яратиш ишлари мамлакатимизнинг турли ҳудудларида қандай ташкил этилган? Шу масалалар кесимида вилоятлар, туманлардаги ҳолат тўғрисида ҳудудларнинг мутассадди раҳбарлари ва таълим тизими ходимлари, педагог-ўқитувчилар мажлисда гапириб беришди. Сўнгги даврда таълим тизимига давлатнинг доимий эътибори туфайли ўқитувчи мураббийларнинг маошлари босқичма-босқич ошириб бориляпти. Таълим муассасаларини таъмирлаш, уларни жиҳозлаш, дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминлаш бўйича катта ишлар амалга оширилди.

Лекин тизим фаолиятини юксак халқаро андозалар асосида қайтадан ташкил этиш учун яна жуда кўп, муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигини давлат раҳбари кўрсатиб ўтди. Бу борада илғор хорижий тажрибани ўрганиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, таълим соҳасида юксак кўрсатгичларга эришган Финляндия давлатининг тажрибасини мамлакатимизнинг таълим тизимига қўллаш вазифаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш комиссиясига топширилди.

Шунингдек, умумтаълим тизимида юксак педагогик маҳоратга эга бўлган мутахассисларни, хусусан эркак ўқитувчи-педагогларни жалб этишнинг муҳим амалий аҳамияти Халқ таълими вазирлиги ва ҳудудларнинг раҳбарларига тушунтирилди. Шу билан бирга, мамлакатимиздаги йирик олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини умумтаълим мактаблари ўқитувчиларини малака ошириши тизимига жалб этиб, уларга илм-фаннинг сўнгги ютуқлари асосида илғор малака ошириш тизимини ташкил этиш топшириғи берилди. Бундай муҳим ишларга нафақат пойтахтдаги университетлар, балки вилоятларда фаолият кўрсатаётган олийгоҳлар ҳам жалб этилади.

Таълим тизими фаолиятини ташкил этишда вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этишда вилоятларнинг раҳбарлари бевосита ва фаол иштирок этиши зарурлиги кўрсатилди. Ҳар бир вилоят, ҳар бир туман ҳокимини даврий равишда ўз ҳудудидаги мактабларни ўрганиши, вақт топиб ўқитувчининг дардини эшитиши ва уларга амалий ёрдам бериши таълим тизимининг ҳаётимиздаги муҳим ролини эътироф этилишини намоён қилади.

Таълим тизимига давлат раҳбари томонидан бундай эътибор, таълим – бу умумхалқ иши деб қаралиши, тизим учун барча зарур маблағларни пандемия чекловлари ва иқтисодий инқирозга қарамай тўлиқ миқдорда ажратилиши, Ўзбекистоннинг келажаги замонавий таълим тизимига асосланганлигининг далилидир.

Эркин ЗОҲИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?