Таълим тизимини ривожлантириш — мамлакатимиз тараққиётининг муҳим омили

12:44 07 Октябр 2020 Сиёсат
271 0

Бугун янги Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти сафида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Мамлакатдаги ҳар бир соҳа замонга хос ва мос тарзда ривожлантирилиб, ҳар бир соҳада янгиланиш нафаси уфурмоқда.

Келинг узоққа бормай биргина таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида тўхталайлик. Сабаби кейинги йилларда юртимизда мактаб, ўрта махсус ва олий таълим тизимида рақобат муҳитини шакллантириш, давлат-хусусий шерикчилик ва хусусий сектор ресурсларидан кенг фойдаланиш, аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини ривожланган давлатлар даражасига етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлат-хусусий шериклик тизими асосида нодавлат олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилиб, ёшларнинг жаҳон андозалари даражасида замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, уларнинг қобилият ва истеъдодини юзага чиқариш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда гапирганда янги олий ўқув юртлари, дунёдаги етакчи университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, олий таълим муассасалари сони 125 тага етганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Яқинда тасдиқланган «Таълим тўғрисида»ги қонун ушбу соҳа тараққиётида, ҳеч шубҳасиз, янги уфқларни очиб беради. Негаки, унга мувофиқ, таълим олишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди, таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан қўшма факультет ва ўқув марказлари ташкил қилишга рухсат этилиб, ўқитувчиларга муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқи берилди.

Президентимиз 1 октябрь Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбиридаги нутқида олий таълим соҳасидаги ютуқлар билан бирга мавжуд камчиликларни ҳам санаб ўтдилар. Олий таълим тизимида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш даражаси паст эканлиги қайд этилди. Ҳақиқатдан ҳам, бугунги ахборот даврида мамлакатдаги барча аҳоли пунктлари ва таълим муассасаларига замонавий оптик толали интернет алоқа тизимини олиб кириш ҳамда интернет хизматлари нархини пасайтириш ҳаётий заруратдир.

Ечимини кутаётган масалалардан яна бири аксарият битирувчиларнинг билим ва малакаси меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди. Маҳаллий таълим муассасаларида инновацион фаолият ва тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш даражаси жуда паст. Бу борада партиямиз «Ҳар бир оила – тадбиркор» деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиб, жамиятда фаол тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, мактабдан бошлаб олий таълим муассасаларида ҳам тадбиркорлик дарсларини ўтиш, соҳага қизиқаётган ёшлар учун консалтинг марказларини ташкиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бинобарин, бугун замон шиддат билан ўзгариб, барча соҳалар қатори таълим тизими олдига ҳам ўта долзарб ва мураккаб вазифаларни қўймоқда. Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш назарда тутилган.

Концепциянинг мақсадли кўрсатгичларида 9 та йўналиш белгиланган бўлиб, уларнинг биринчиси – олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган. Ўтган 2019 йилда аҳолини олий таълим билан қамраб олиш даражаси жами битирувчилар сонига нисбатан 20 фоизни ташкил этган бўлса, 2030 йилга бориб бу кўрсатгич 50 фоиздан ошади. Нодавлат, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида олий таълим муассасалари сони 35 тага етказилади.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Бундан ташқари, олий таълим муассасалари мустақиллиги жорий этилади, яъни босқичма-босқич республикамизда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари қабул квоталарини ўз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда мустақил белгилайди. Бу эса соҳада соғлом рақобат муҳитини ривожлантиради. Рақобат бор жойда сифат яхшиланади. Пировардида, мамлакатда малакали кадрлар кўпаяди, аҳолининг олий маълумотли қатлами ортади.

Хулоса қилиб айтганда, бугун қайси соҳада бўлмасин битта мақсад бизни бирлаштиради. У ҳам бўлса, Ватан тараққиёти ва халқимиз фаровонлигидир. Шундай экан, нодавлат таълим масканлари сонини кўпайтириш орқали олий таълим тизимида таҳсил олиш учун тенг имконият яратиш лозим.

Гулшана ХУДОЁРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?