Таълим тизими «эркатойи» тўртинчи маротаба жиноятга қўл урди

12:54 02 Сентябр 2020 Жамият
549 0

Сўнгги йилларда содир этилган коррупция билан боғлиқ жиноятлар таҳлилига эътибор берилса, бу борада таълим тизими «етакчи» ўринлардан бирини эгаллайди. Таълимнинг қайси бўғини бўлмасин, фикрларимизни тасдиқлайдиган бир талай далилларни келтириш мумкин. Қай бир жиноят ишини олиб қараманг, жамият манфаатини, ўз касбига бўлган садоқатни шахсий манфаатидан устун қўя олмаслик ўша ходимни инсоннинг энг ашаддий душмани саналган нафс измига тортаверган. Қолаверса, бу тоифадаги жиноятларнинг аксариятида пора беришга далолат қилиш ва фирибгарлик ёнма-ён эканлигини кўриш мумкин.

Бугунги «қаҳрамон»имиз — Поп туман мактабгача таълим бўлими методисти Рафиқжон Ҳасаналиев (исм-шарифлари ўзгартирилган) эса фирибгарликни ўзига иккинчи касб қилиб олгандек гўё. Йўқса, сўнгги 6 йил мобайнида тўртинчи маротаба айни жиноятга қўл урмаган бўларди.

Ўшанда — 2014 йилда илк бор фирибгарлик кўчасига қадам босганда, яъни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган маҳали Рафиқжон навқирон 26 ёшда эди. Мазкур жиноят иши Жиноят кодексининг 84-моддаси 5-кисми 2-бандига асосан тугатилган. Бироқ орадан бир йил ўтмай, у фирибгарликни янада кенгроқ кўламда (кодекснинг 168-моддаси 2-кисми «в»-банди), қолаверса, пора беришга далолат қилиш жинояти (28, 211-моддаси 1-кисми) билан бирга содир этади. Бу қилмиши учун Мингбулоқ туман судининг 2015 йил 18 июндаги ҳукмига биноан унга кодекснинг 59-моддаси тартибида энг кам ойлик иш ҳақининг 120 баравари — 11.532.600 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланади. Лекин адашганни кечириб, уни тўғри йўлга солишдек халқимизга хос бағрикенгликдан, олийжанобликдан баҳраманд бўлиб, Р.Ҳасаналиев ЖИБ Поп туман судининг 2016 йил 29 январдаги ажримига мувофиқ амнистия акти асосида жазодан озод қилинади.

Буни қарангки, салкам уч йиллик «танаффус»дан сўнг Рафиқжон яна оғирроқ ҳолатда фирибгарликка қўл уради. Шу боис жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг 2018 йил 22 февралдаги ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б»-банди билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилади. Аммо туман суди ўтган 2019 йилнинг 11 ноябрида Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан уни ўталмай қолган 1 йилу 3 ой 23 кунлик жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Р.Ҳасаналиев аввалги суд мажлисларида қилмишидан пушаймонлигини билдириб, енгиллик берилишини сўрагани, жазолардан муддатидан олдин озод қилинганда эса ҳукуматимиздан, амалдаги қонунларимизда ўз аксини топган инсонпарварлик тамойилидан миннатдорлигини изҳор қилгани шубҳасиз. Бироқ унинг галдаги, фирибгарликка суиқасд ва пора беришга далолат қилиш жинояти аввалги пушаймонлигу ваъдалари шунчаки тил учида, жазодан қутилиш учунгина бўлганини тасдиқлади. Аксинча бўлганида эди, у фуқаро Малоҳат Юрсиновани ўзининг фириб тўрига илинтиришга уринмасди. Оқибатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар тузоғига ўзи илинди.

Гап шундаки, М.Юрсинова ўзи ва таниши Ирода Шокиржонованинг ишга киришида ёрдам беришини илтимос қилади. Аёлнинг бу илтимоси эса Рафиқжонга жуда хуш ёқади.

— Дугонангиз иккалангизни истаган боғчангизга ишга жойлаштириб қўяман. Фақат харажатидан қочмасанглар бўлди. Чунки муассаса мудиралари менинг гапимни икки қилишмайди, — дея Малоҳатга қуюқ ваъда беради у.

— Харажати қанча бўларкан? — деб сўрайди Малоҳат ўзини худди ҳеч нарсани тушунмайдигандек тутиб.

Нафси ҳакалак отган методист эса хизмат ҳақини 500 АҚШ доллари қилиб белгилайди.

— Майли, мен эрта-индин сизга жавобини айтаман, — дея ёлғондакам розилик беради М.Юрсинова.

У шундай деб Р.Ҳасаналиевнинг шартига кўнишга кўнадию кейин унга қонуний чора кўришларини сўраб Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Поп туман бўлимига мурожаат қилади. Натижада Рафиқжон 2020 йил 7 февраль куни ўзи айтган нарх ҳисобида — 400 АҚШ доллари ва 950.000 сўм нақд пулни олаётган вақтда тезкор ходимлар томонидан ушланади.

Албатта, жиноятга жазонинг муқаррарлиги қонун устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти саналади. Бинобарин, мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди эса судланувчини Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 1-қисми, 28, 211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, уни озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. Р.Ҳасаналиевга жазо тайинлашда суд муқаддам ўталмай қолган ахлоқ тузатиш иши жазосини ҳам инобатга олди.

Умид қиламизки, Рафиқжон ҳеч қурса шу гал қилмишидан ўзига тегишли хулоса чиқариб олади. Шунингдек, тилга олинган жиноят иши пора олиш, пора бериш ёки пора беришга далолат қилиш сингари ҳолатларга дуч келадиган юртдошларимизга сабоқ бўлади. Таълим тизими мутасаддилари эса жамоа обрўсига путур етказадиган бундай салбий ҳолатларга чек қўйиш юзасидан жиддий чораларни кўрадилар.

Ҳусниддин ҲАКИМОВ,
Поп тумани прокурори
Дилмурод МАДАМИНОВ,
жиноят ишлари бўйича

Поп туман суди раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?