Таълим-тарбия борасидаги мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

19:26 07 Апрель 2020 Жамият
1956 0

Ҳар қандай мамлакатда тараққиётга эришиш учун таълим сифати, кадрлар салоҳияти ва кучли тартиб-интизом ҳал қилувчи роль ўйнайди. Таълим-тарбияга қанчалик жиддий эътибор қаратилса, таълим берувчида ҳам, таълим олувчида ҳам масъулият шунча ортади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан батафсил кўриб чиқилар экан, масалага ана шу нуқтаи назардан ёндашилди.

Ушбу ҳужжат билан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47–моддасида жавобгарлик белгиланмоқда.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мазкур моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Шу муносабат билан, лойиҳада мазкур моддада белгиланган санкция миқдорларини ошириш таклиф этиляпти.

Самарали таълим тизимини яратиш педагогик кадрларнинг жамиятдаги ўрнига бевосита боғлиқдир. Ўқитувчи мақомининг юқори нуфузга эга эмаслиги, унинг ҳуқуқий ҳимояланмагани ҳамда фаолиятининг дахлсизлиги кафолатланмагани таълим сифатини жаҳон стандартлари даражасига кўтаришга имкон бермайди.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратилган сиёсатнинг асосий мақсадларидан бири ҳам шундан иборат.

Шундан келиб чиқиб, лойиҳада Кодекс янги 1975-модда билан тўлдирилмоқда. Яъни, унда таълим муассасаси педагогик ходимининг таълим олувчилар билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатишда ифодаланган унинг касбий фаолиятига аралашиш, худди шунингдек, таълим муассасаси педагогик ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик ўрнатиш назарда тутиляпти.

Шу билан бирга, “Таълим тўғрисида”ги Қонун 301-модда билан тўлдириляпти. Унда педагогик ходимларнинг касбий шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида эканини, шунингдек, педагогик ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга ҳамда хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслигини белгилаш таклиф этилмоқда.

Парламент аъзоларининг фикрича, мазкур ҳужжатни қабул қилиш натижасида ота-оналарнинг бола тарбияси учун масъулиятини кучайтиришга, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеи ошишига ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга эришилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси юзасидан қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда у концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?