Талабалар билимини баҳолашда адолат бош мезон бўлиши керак

14:40 13 Август 2018 Жамият
346 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Бугунги кунда Ўзбекистон таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг нозик нуқталаридан бири – ОТМлардаги жорий, оралиқ, якуний ва битирув имтиҳонларнинг адолатли ўтказиш масаласидир.

Маълумки, ҳозирги вақтдаги амалдаги имтиҳонлар тизими Ғарбда 1950-йиллардан бери мавжуд бўлиб келган тизимдан қўпол нусха кўчириш бўлиб, бу тизим билан талабалар билимини адолатли баҳолашга эришилмади ва “маҳаллий шароитларга” мослаштириб олган баъзи касбдошларимиз уни коррупцион схемага айлантирдилар, бу ҳол анча кенг ёйилди, ва натижа ўлароқ, шундай ҳам абгор бўлган таълим тизимини адолатсиз, жиддиятсиз, енгил-елпи ва коррупция аралашган синов, имтиҳон ва аттестация тизими ёрдамида чалажон аҳволга олиб келдик. Яъни, олий таълим тизимида ўқитишни ташкил этиш жараёни ва таълим олаётган талабалар билимини баҳолаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти, бунга боғлиқ равишда профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини, билимини ва педагогик кўникмасини баҳолашнинг замонавий тизими мавжуд эмаслиги ҳам таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда.

Аслида ОТМдаги синов, имтиҳон ва аттестация тизими нима учун керак ва у таълим сифатини оширишда қандай ўрин тутади? Имтиҳон – таълим дастуримга киритилган предметлар бўйича талабанинг семестр давомида олган билимларини ҳам назарий, ҳам амалий тарафларини объектив баҳолаш демакдир. Объектив баҳолаш эса унинг шакли ва давомийлигидан қатъий назар, талабанинг ўзлаштириш даражасини тўғри ва одилона қайд этиши зарур. Ҳаққоний, адолатли баҳолаш тизими олий таълим тизимини тутиб турган устунлардан бири, шунинг учун бутун дунёда объектив баҳолаш тизимини барпо этиш ва уни мукаммаллаштириб бориш университет ва бошқа ОТМларининг асосий вазифаларидан биридир.

Қолаверса, талабанинг билим ва кўникмалари тўғри ва адолатли баҳоланиши унда ижтимоий адолатга, таълим тизимига, ОТМдаги ўз устозлари ишонч ва қонун-қоидаларга итоат руҳини руҳини тарбиялайди, қолаверса, ўзининг билим савияси ҳақидаги реал тасаввурни шакллантириб, уни янада ўқиб-изланишга, ўзи устида ишлашга йўналтиради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 июнда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида ҳаққоний таъкидланганидек, бугунги кунда “... олий таълим тизимида ўқитишни ташкил этиш жараёни, таълим олаётган талабалар билимини баҳолаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти”.

Қарорда олий таълим муассасалари (ОТМ)да таълим сифатини оширишга тўсиқ бўлиб келаётган бир қатор муаммолар, бугунги кунда учраётган оғриқли нуқталар очиқ-ойдин санаб ўтилган, шулардан бири - талабалар билимини баҳолаш тизимининг эскирганлиги ва бугунги талабларга жавоб бермаётганлигидир. Ҳақиқатан ҳам, таълим сифатини кўрсатувчи ягона омил –баҳолашнинг рейтинг тизими орқали аниқланувчи талабанинг билими ва касбий компетенциясидир. Бинобарин, талабанинг билими давлат таълим стандартида белгиланган талабга жавоб берадими, йўқми, фақат шуни адолатли ва тизимли равишда текшириш керак.

Шу туфайли Президентимиз тарафидан қабул қилинган Қарорда юқорида тилга олиб ўтилган ҳолатларга барҳам бериш учун баҳолаш тизими ва мезонларини узлуксиз таълим тизимининг босқичларига мувофиқлаштириш ҳамда таълим йўналишларининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда талабалар билимини баҳолашнинг замонавий, шаффоф ва адолатли (автоматлаштирилган, портфолио, тест синовлари, ижодий иш, антиплагиат ва ҳ.к.) усулларини, шу жумладан муайян фандан дарс берган педагогнинг якуний назорат жараёнларидаги иштирокини истисно этадиган тизимни жорий этиш хусусида жуда муҳим кўрсатмалар берилган.

Шуни таъкидлаш керакки, фанлардан дарс берган ўқитувчи-педагогларнинг якуний назорат жараёнидаги иштирокини истисно қиладиган тизимнинг қўлланилиши таълим тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлайди.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, жорий ва оралиқ баҳолаш жараёнлари талабанинг мантиқий фикрлаш тарзини, олган билимларини тизимли баён қилиш маҳоратини ошириш мақсадида таълим берган профессор-ўқитувчи билан юзма-юз мулоқот, суҳбат, коллоквиум тарзида ўтказиш мақсадга мувофиқ ва бунда талаба градация (баҳолаш) учун қўйиладиган 100 балнинг энг кўп 50 фоизини тўплаши мумкин. Баҳолашни циклик тарзда бошидан охиригача дарс берган проф.-ўқитувчининг инон-ихтиёрига қўйиб бериш ҳамиша ҳам кутилган натижаларни беравермайди. Талабанинг билимини объектив баҳолашни ошириш ҳамда берилган дарснинг сифатини аниқлаш мақсадида якуний баҳолашларни бошқа профессор-ўқитувчилар ёки умумий курс материалларини ўз ичига олган тестлар ёрдамида, рейтинг баҳолашнинг компьютер тизими орқали амалга ошириш мумкин. Талаба градация (баҳолаш) учун қўйиладиган 100 балнинг 50 фоизини ана шу тизимда тўплаганида:

Талабанинг бундан олдинги босқичда олган баҳоларининг (балларининг) объективлиги аниқлаш;

Профессор-ўқитувчининг талабаларга қўйган баҳоларининг (балларининг) объективлиги ва асосланганлиги аниқлаш;

Талабага предмет бўйича берилган билимларнинг ҳажми ва унинг бу предметни ўзлаштиришда эришган кўрсаткичини қиёсий баҳолаш имкониятига эга бўлинади.

Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозир ОТМлардаги рейтинг баҳолаш тизими ўзининг самарасизлиги, нообъективлиги билан катта муаммога айланди. Бирор мавзуда 10-15 минут гапира олмайдиган, 1 бет маълумотни ўз фикрлари билан қоғозга туширолмайдиган талабанинг ҳеч қандай академик қарздорликсиз курсдан-курсга “муваффақиятли равишда” ўтиши, ОТМларни битириб кетиши ана шу рейтинг тизими “ёрдамида” юз бермоқда. Бу тизимни жиддий янгиламасдан ва ўзгартирмасдан олий таълим тизимдаги ислоҳотларда муваффақиятга эришиш қийин.

Талабалар билим ва кўникмаларини баҳолашнинг янги тизимини жорий қилиш, албатта, игнадан ип ўтказгандек сип-силлиқ бормайди. Йиллар давомида шаклланган мавжуд тизимни бир ҳамла билан ўзгартириш қийин, аммо бу ишни якуний назоратларни муайян фандан дарс берган педагогнинг якуний назорат жараёнларидаги иштирокини истисно этадиган тизимни жорий этиш билан бошланиши ва амалиётнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда муттасил такомиллаштирилиб борилиши керак.

Бу ҳол, зинҳор ОТМлардаги профессор-ўқитувчиларга ишончсизлик дегани эмас. Жаҳон таълим тарихида бундай кескин бурилишлар ва талабалар билимини баҳолашдаги адолат меъёрларини бузадиган ҳолатларга қарши кўрилган чоралар кўплаб учратамиз. Сингапур, Жанубий Корея, Туркия, Чили каби мамлакатларда яқин ўтмишда олий таълим тизимини такомиллаштиришда, коррупция ва бошқа ноқонуний ҳолларнинг олий таълим тизимидан сиқиб чиқарилишида бундай йўлларга мурожаат қилинган. Бинобарин, бизнинг таълим тизимимизнинг ўзига хос хусусиятлари, талабалар ва проф.-ўқитувчиларининг менталитети ва тафаккур тарзидан келиб чиққан ҳолда, эски тизимдан қолган таниш-билишчилик, тамагирлик, “телефон ҳуқуқи” каби ғайриқонуний ҳолатларни бутунлай йўқотиш ва энг муҳими, мамлакатга бугунги кун талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрларни тайёрлаб бериш учун бу ишни бугун қилишимиз керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида “талабанинг ўзлаштириш даражаси – профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони” тамойили жорий этилиши белгилаб қўйилган. Бу эса айрим ўқитувчиларнинг кўр-кўрона дарс ўтиб, ўзининг ҳам, талабанинг ҳам вақтини ўғирлашдек оғир оқибатларни бартараф қилишга имкон беради. Бунда ушбу тамойил талабларига жавоб бермайдиган профессор-ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган чоралар кўриш белгиланган.

Ваҳоланки, бугунги мавжуд тизимда профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини, билимини ва педагогик кўникмасини баҳолашнинг замонавий тизими мавжуд эмас, виждонан ва ташаббус билан ишлайдиган, замонавий билимларнинг катта захирасига эга домлалар билан бир қаторда бир замонлар қўлга киритган номзодлик, докторлик даражаси билан кифояланган, ОТМдаги фаолиятини шахсий манфаат йўлига буриб юборган ўқитувчилар айни маошни олмоқда, айни ижтимоий муҳофаза

имкониятларидан фойдаланмоқда. Мавжуд аттестация тизими билан бирорта замонавий талабга жавоб бермайдиган профессор-ўқитувчини ОТМдан четлаштиришнинг ҳеч иложи йўқ. Шу туфайли талабаларнинг билим ва кўникмасини баҳолашнинг одилона тизимини барпо этиш билан бир қаторда профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини, билимини ва педагогик кўникмасини баҳолашнинг замонавий тизимини ҳам барпо этиш зарур. Чет эл университетларида ўз билимлари ва касбий маҳоратини такомиллаштириб бормайдиган профессор-ўқитувчи ҳатто бир муддат (4-5 йил) ҳам ишлай олмайди. Талабалар томонидан анкета сўровларида домлага берилган баҳо ва ўқитувчининг сўнгги пайтларда эълон қилган илмий ва услубий ишларининг таҳлили профессор-ўқитувчини ОТМдан муддатидан олдин четлаштиришга асос бўла олади. Бизда эса бунинг тамоман терси – бундан 20 йил олдин олинган диплом ва 100 нусхада чоп этилган услубий қўлланма билан ҳар қачон танловлардан ўтаверасиз... Чунки профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини, билимини ва педагогик кўникмасини баҳолаш тизими йўқ ва мавжуд мезонлар жуда эскирган.

Шунингдек, талабалар билимини объектив ва масштабли (кенг қамровли) баҳолаш технологияси бўйича кадрлар тайёрланиши, илмий марказ ва лабораториялар барпо этилиши энг долзарб вазифалардандир. Бизда айнан ана шу тизимнинг ва малакали кадрларнинг мавжуд эмаслиги учун бу борадаги ишларимиз чет эл тажрибасидан қўпол нусха кўчириш ёки “синаб кўриб, хатони тузатиш” тамойили билан чекланиб қолмоқдамиз. Бошланғич ўлароқ, ҳозирда 2 ой давом этадиган профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириш жараёни доирасида керакли-кераксиз нарсаларни мажбурлаб ўргатиш ўрнига профессор-ўқитувчиларимизга рейтинг баҳолаш тизимининг замонавий усулларини ўргатсалар эди, нур устига аъло нур бўлар эди.

Хуллас, ОТМлардаги талабалар билимини баҳолаш тизими ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини, билимини ва педагогик кўникмасини баҳолаш тизими инқилобий ўзгаришларга муҳтож. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида кўрсатилган чора-тадбирларни собитқадамлик билан ҳаётга жорий этиш ва ошкоралик, шаффофлик, жамоатчилик назорати билан олий таълимда бу инқилобий ўзгаришларни амалга ошириш мумкин ва лозим.

Ж.Элтазаров, СамДУ филология факультети декани


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар