Талаба суриштируви: газета ўқимай қўйдик...ми?

11:07 01 Ноябрь 2019 Жамият
247 0

Онамнинг илтимослари билан бозордан нок олиб келишга бордим. Анчадан бери келмаганимгами, бозор ўзгариб кетгандай туйилди кўзимга. Бу ўзгариш мени хурсанд қилди. Бозор расталарини айланар эканман, газетага ўралган мевалар, сабзавотлар, гўшт, пистаю қурут ва ҳоказоларга қараб бордим. Эътиборимни нуқул ғижимланган, йиртилган, маҳсулотларни ўрашга хизмат қилаётган газета варақлари эътиборимни тортаверди. Ичимда бир савол қийнай бошлади. Газетани дунёга келиши, яшаши, ривожланиши учун қалам аҳли бор кучини, меҳнатини, ҳатто бутун умрини бағишлайди. Хўш, “товар”ини унга ўраб бераётган уста савдогарларимиз буни ҳис қилармикинлар? Бундай ҳолатни кўрган инсон эътиборсиз кетолмас экан. Саватчасига бир уюм газета варақларини супачадай тўшаб, устига чиройлик қилиб ноклар териб қўйган аёлга савол билан юзландик.

— Холажон, бу газеталарни ўқиганмисиз?

— Йўға, ўқимаганман. Ўғлим олиб келиб беради. Биз газетани саватларимиз учун ишлатамиз. Ўшанда мевалар ўзининг тетик ҳолатини йўқотмайди. Нок оласанми, қизим?..

Бу гаплар тинчимни ўғирлагандай бўлди гўё. Газета ўқимай қўйдикми, дея савол бердим ўзимга ўзим. Шундан сўнг ижтимоий сўровнома ўтказишга киришдим. Барчага берилган савол бир хил: Оммавий ахборот воситалари орасида матбуотнинг роли қандай? Газета ўқиб турасизми?

— Ҳа, мен баъзан газета ўқиб тураман. — дейди Умида Имамова. — Менинг фикрим шуки, матбуот доим яшайди. Боиси журналистика аввало ундан бошланган. Тўғри, унинг ўрнини бугун интернет босиб олмоқда. Лекин газета бу — тарих. Тарих эса бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин эмас.

Ҳар кимнинг ўз қараши, ҳақиқати бўлади ва у доим шу ҳақиқат билан яшайди. Яна бир юртдошимиз ҳам ўз қарашини қуйидагича баён қилди.

— Мен тикувчилик билан шуғулланаман. — дейди Дилсўз Ҳусанова. — Ҳар куни эртаю кеч қўлим тикишдан бўшамайди. Шунинг учун кўпроқ радио эшитаман. Гоҳида “Даракчи” газетасини ўқиб тураман. Ҳамма интернетга ипсиз боғланиб бораверса босма нашрлар ҳам аста-секин камайиб бораверса керак...

Саволга ҳар уч кишидан иккитаси “матбуот бора-бора йўқолиб кетади, унинг ўрнини босувчи ўриндош ОАВ лар пайдо бўлади ва улардан бири интернет” қабилидаги жавобларини берди афсуски. Шу ўринда устоз журналист Мухтор Худойқуловнинг қуйидаги олтин фикрлари ёдимизга тушади: “Матбуотнинг асосини реал воқелик ташкил этади, уни ўрганади, таҳлил қилади ҳамда унга қайтадан таъсир кўрсатади.” Шундай экан, одамлар газетага албатта қайтади яна. Бир парчадек кўринган варақларда инсон ҳуқуқларини ҳимоялаб турувчи қонунлар, янгиликлар батафсил шарҳланади. Тўғри, бу шарҳловларни, янгиликларни интернет орқали ҳам етказиш мумкин инсонга. Аммо газетанинг ўрни барибир алоҳида аҳамиятли. Чекка ҳудудларда чироқ ўчса интернет ҳам ўчади, алоқа бўлмаса “ўргимчак тўри” ҳам яхши ишламайди. Газета эса ўчмайди ҳам, тўхтамайди ҳам.

Бунга сизнинг фикрингиз қандай, азиз ўқувчи?

Шоҳиста ПИРИМОВА, ЎзМУ талабаси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019