Таклиф: мактаб таътилларини ислоҳ қилса бўладими?

14:54 20 Август 2020 Жамият
452 0

Фото: ЎзА

Августнинг боши эди. Бешинчи синф ўқувчиси — жияним «Уфф, мактаб қачон бошланар экан» деб қолди. Унинг ёзги таътилга чиққанига мана 3 ой бўляпти. Сездимки, ўртоқлари билан деярли барча ўйинларни ўйнаб бўлган, энди зерикишни бошлади. Назаримда, у мактаб ҳаётидан, дарслардан ҳам анчайин узоқлашгандек. Ва шу аснода ўқувчиларнинг таътил муддати бунчалик узоқ давом этиши қанчалик тўғри экан дея ўйлаб қолдим.

Юртимиздаги мактабларни иситиш учун қанча-қанча маблағ сарфланади. Қолаверса, ҳамма таълим масканларида ва ҳар доим ҳам иситиш кўнгилдагидек бўлмаслиги оқибатида болаларнинг тез-тез шамоллаши кузатилади. Бу, эса аввало, фарзанд саломатлигига, қолаверса, оила бюджетига зарар келтиради.

Ёз ойидаги узоқ муддатли таътил эса болаларни ҳаддан ортиқ эркинликка ўргатиб қўйиши билан бирга бекорчи нарсаларга вақт сарфлашларига сабаб бўляпти. Агарда ўқув йилини 20 августдан бошлаб, ёзги дам олиш вақтини 20 июндан белгилаб, қишки таътил муддатини узайтирсак, ҳар тарафлама қулайликка эришишимиз мумкин. Негаки, дарсда қатнашиш учун ноқулай бўлган асосий жазирама кунлар саратондан бошланади.

Энди, бунинг ўзига яраша самарали томонларини кўриб чиқайлик. Масалан, агарда қишки таътил бир ой муддатга узайтирилса, фойдали бўлиши эҳтимоли юқори. Бир ой вақт мобайнида барча мактабларда иситиш харажатлари тежалади. Иқтисод қилинган маблағни эса мактабнинг моддий-техник базасини яхшилашга сарфлаш мумкин.

Бундан ташқари, қишда совуқ ва ноқулай об-ҳаво туфайли болаларнинг мактабга қатнашида ҳам муаммолар бўлиши табиий. Таътил эса қорли кунларда болажонларнинг қийналмасликларида ҳамда саломатликларини асрашда ҳам самарали усул саналади. Ўйлаб қаралса, 3 кун касал бўлиб қолган бола 3 кунлик дарсни ўзлаштиролмайди. Тенгдошларидан орқада қолади ва айнан билим олишда маълум бўшлиқлар юзага келади. Бундай муаммолар ўсиб келаётган авлоднинг келажагига жиддий таъсир ўтказмай қолмайди.

Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, Европада ёзги каникул 2 ой (июль-август ойлари) давом этади. Германияда таътил тизими « тез-тезу, аммо қисқа» тамойилига асосланган. Ёзги дам олиш узоғи билан 6 ҳафта бўлса, йил давомида ҳам қисқа таътиллар берилади. Барчани ўз таълим тажрибаси билан лол қолдирган Японияда эса ёзги таътил 40 кун бўлиб, 20 июлдан 31 августгача давом этади. Бундан кўринадики, таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш бош масала. Ёзги узоқ муддатли таътилнинг ўрнига қишки дам олиш вақтини узайтириш болалар учун ҳам, уларнинг ота-оналари учун ҳам, қолаверса, давлат учун ҳам керакли ва самаралидир.

... Кеча ўша жияним «Ўқишимиз бошланар экан, уррее!» деб қолди. Билдимки, унинг билим олишга иштиёқи баланд. Шундай экан ўқувчиларнинг айни ўқишга қизиқиши юқори, билимларни қабул қилиш қобилияти шаклланаётган давридан унумли фойдаланиш керак ва фикримча, таълим тизимида кенг кўламда олиб борилаётган янгиликлар, ўзгаришлар каби, мактаб таътилларини ислоҳ қилиш бўйича ҳам чуқур ўйлаб кўриш лозим.

Умид қиламизки, Халқ таълими вазирлиги ушбу таклиф бўйича ўз муносабатини билдиради.

Севинч АНВАРБEКОВА,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар
университети талабаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?