“Тайвань товуқчилик қироли” Наманганда йирик товуқчилик комплекси қуради

10:06 07 Ноябрь 2019 Жамият
768 0

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров кеча Тайваннинг Kai Shing Trading Co. Ltd компанияси директорлар кенгаши раиси Тэн Сюэкайни қабул қилди. Шарқий Осиёда “Тайвань товуқчилик қироли” сифатида кенг танилган Тэн Сюэкай Наманган вилоятида йирик паррандачилик комплекси қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда. Вилоятда МЧЖ шаклидаги “Kai Shing Namangan” хорижий корхонаси рўйхатдан ўтказилди.

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда Наманган вилоят ҳокимлиги билан “Kai Shing Namangan ” хорижий корхонаси ўртасида ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича инвестицион келишув имзоланди.

Келишувга кўра, паррандачилик комплекси, иссиқхона, кушхона, озуқа ва органик чиқиндиларни қайта ишлаш заводи каби бўлимлардан иборат ушбу йирик лойиҳа учун “Kai Shing Namangan” хорижий корхонасига вилоятда 550 гектар ер ажратилади. Инвестор ушбу лойиҳа учун 30 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан хорижий инвестиция киритишни режалаштирган.

Эътиборли жиҳати,мазкур корхонада махсус зотли товуқларни очиқ осмон остида етиштириш йўлга қўйилади. Унинг катта қисмини Хитойда машҳур “Император товуқ эссенцияси” ишлаб чиқаришга йўналтирилади ҳамда Чин юртига экспорт қилинади. Қолган қисми “Ҳалол” сертификати билан Араб давлатларига ҳамда ички бозорга сотилади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.
“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?