Таиландда сув босган ғорда қамалиб қолган болаларнинг 8 нафари қутқарилди

15:35 10 Июль 2018 Дунё
378 0
Фото: ТАСС

Таиландда сув босган ғорда қамалиб қолган болаларни қутқариш амалиёти давом этмоқда. Вазиятни воқеа жойидан кузатаётган оммавий ахборот воситалари шу вақтгача 8 боланинг ғордан чиқарилганини айтаяпти. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қутқарилган болалар тез тиббий ёрдам машинаси билан шифохона олиб кетилган.

Маълумот учун, болалар жон сақлаётган жойга қуруқликда юриб ва сув остида сузиб бориб келиш ўртача 11 соат вақтни олади. Бироқ айни дамда ғорда сувнинг тортилиши ушбу вақтни қисқартирган ва қутқариш учун мос шароит юзага келган. Ғорнинг сувга тўлган айрим қисмлари ўта тор ва у ердан фақат бир киши сузиб ўта олиши мумкин. Бу қутқарув ишларини янада қийинлаштиради. Ғордаги болаларга керакли жиҳозларни етказиб бериб қайтаётган ғаввослардан бири ғорнинг тор қисмидан ўтиш чоғида ҳаво етишмаслигидан ҳалок бўлган.

Қутқариш чоғида ҳалок бўлган ғаввос. Фото: Комсомольская правда

Эслатиб ўтамиз, 12 бола ва уларнинг мураббийи 23 июн куни саёҳатга кетиб Кхао Луанг ғорлар мажмуасида йўқолиб қолганди. Қутқарувчилар уларни орадан 9 кун ўтиб, 2 июль куни сув билан тўлган ғорнинг кичик қоясида жон сақлаётган ҳолатда топишган.

Ғор йўллари муссон ёмғирлари натижасида сув ва бошқа жисмлар билан тўлиб қолгани натижасида болаларни ундан олиб чиқиш осон бўлмаслиги айтилган. Ҳукумат ғордан кечаю кундуз тинмасдан сувларни насослар ёрдамида тортиб олмоқда. Бу қутқарув ишларига қулай шароитнинг яратилишига олиб келиши мумкин.

Ҳукумат қутқариш ишларининг бир неча вариантларини кўриб чиққан. Уларнинг орасида муссон ёмғирлари тингунча бир неча ой кутиш чораси ҳам бор эди. Болалар сузишни ва сув остига шўнғишни билмагани учун ҳам уларга сузишни ўргатиш ва ундан сўнг қутқариш ишларини бошлаш мумкинлиги ҳам айтилган. Бироқ ҳукумат болаларни тезроқ чиқариб олиш учун, уларни икки ғаввос ёрдамида, махсус арқонга боғлаган ҳолатда чиқариб олиш йўлини танлаган. Бунда болалар сақланиб турган ғорда ҳаво сифатининг бузилиши ва бир неча ой давом этадиган муссон ёмғирларининг кутилмаган оқибатлар олиб келиши мумкинлигини инобатга олинган.

Khaosod маҳаллий нашрида ёзилишича, бугун қутқарув амалиётининг сўнгги босқичига киришилган. Мазкур жараёнга 19 нафар ғаввос жалб этилган.

“Агар барчаси режа бўйича кетса, бугун қолган тўрт нафар бола, шифокорлар, мураббий ва ғаввослар чиқариб олинади”, дейди операция раҳбари Чианграй Наронгсак Осоттханакон.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар