Таҳдиди ортаётган хасталик. Мамлакатимизда уни бартараф этиш мақсадида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

15:25 25 Июнь 2018 Жамият
305 0
Фото: snatchnews.com

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 22 июнда имзоланган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ўта муҳим масалаларни қамраб олганлиги боис кенг жамоатчилик, айниқса, соҳа мутахассислари томонидан катта мамнуният ила кутиб олинди. Зеро, одамнинг иммунитет танқислиги вируси хасталиги бутун дунёда миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган, кўплаб оилаларнинг осойишталигини бузаётган хасталиклар сирасига киради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ер юзида ушбу касалликдан азият чекаётганлар қарийб 34 миллион нафарни ташкил этмоқда.

Мамлакатимизда ушбу хасталикнинг олдини олиш борасида зарур тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим қадам бўлди. Мазкур ҳужжат асосида 2018 йилда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш Давлат дастури тасдиқланди. 1 июлдан бошлаб ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш билан шуғулланувчи туманлараро диагностика лабораториялари ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказлари таркибига киритилади ва марказларга ушбу лабораторияларни молиялаштириш, моддий-техник таъминлаш ҳамда фаолиятига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш вазифалари юклатилди.

Бундай ғамхўрлик даволанишга муҳтож шахсларни узлуксиз дори-дармон билан таъминлаш, уларнинг соғлигини тиклаш, ҳаёт сифатини яхшилаш ҳамда ўзига бўлган ишончини орттиришга имкон яратади, ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш мақсадида текширувлар сонининг ортишига олиб келади. Шунингдек, аҳоли ва ОИВ юқиш хавфи юқори бўлган гуруҳлар орасида ушбу хасталик профилактикаси, диагностикаси ва даволаш тадбирларини такомиллаштириш мақсадида бемор оналардан туғилган 6 ойликкача бўлган болаларни сунъий озиқлантириш воситалари билан таъминлаш ҳам назарда тутилган. Бу эса ОИВ инфекциясини онадан болага юқишининг олдини олиш имконини беради.

Бундан ташқари, Республика ва ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказларининг янги штат бирликлари ишлаб чиқилишини назарда тутувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тайёрланиши, ушбу соҳада фаолият олиб борувчи кадрлар салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади. Бунда соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш, замонавий тиббиёт янгиликларидан бохабар бўлган ҳолда ўз билим ва тажрибаларини орттириб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Янги ҳужжатда тизимдаги камчиликлар, ҳал этилиши лозим бўлган масалалар тўла-тўкис қамраб олиниб, уларга ечим топиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ва мутасаддилар белгилангани айни муддао бўлди. Бинобарин, халқимизда ҳар қандай хасталикни даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул, деган гап бор. Ишончимиз комилки, ўз ҳаёти, фарзандлари келажагини ўйлаган онгли инсон бирор бир хасталикни атай ўзига юқтирмайди. Барча касалликлар баъзан эҳтиётсизлик ёхуд тасодиф сабаб келиб чиқади. Ваҳоланки, соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш касалликка зарба беришнинг асосий шартидир. Шу боис ҳам аҳоли, айниқса, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари орасида ОИВ инфекцияси, унинг юқиши сабаблари, профилактикаси бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш, қолаверса, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари ходимлари орасида ҳам тушунтириш-тарғибот ишларининг тўғри йўлга қўйилиши хавфли гуруҳлар ўртасида касаллик тарқалишининг олдини олади ва келажакда соғлом фарзандлар дунёга келишига имкон яратади.
Ғулом РАЖАБОВ,
Республика ОИТСга қарши
кураш маркази директори ўринбосари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар