Тафаккур бирла билмиш одамизод

15:54 24 Январь 2019 Маданият
616 0

Умар Ҳайём рубоийларидан бирида ёзади:

Эй ғофил, билмайсан — бу олам ҳечдир,

Негизинг шамолу, бир тутам — ҳечдир.

Икки йўқлик аро қолмиш борлиғинг,

Атрофинг йўқлигу, ўрта ҳам ҳечдир.

Инсон даъфатан ўйлашга мажбур бўлади: наҳот биз яшаётган олам, бизнинг умримиз, қувончу қайғуларимиз, фаолиятимиз ҲЕЧЛИК, ЙЎҚЛИК узра бўлса? Унда бу оламда яшамоқнинг маъноси не? Пировардида, бу ўй-тушунча инсонни тушкунлик гирдоби сари етаклайди... Худди шу тушкунликдан сизни Ҳазрат Навоийнинг оламга берган таърифи, тўғрироғи ОГОҲНОМАСИ тортиб чиқаради:

Эй кўнгил, боқмагил жаҳон ишиға,

Ки жаҳон қилмади вафо кишиға.

Биз улуғрак кесак эрур бу

Ки эрур кўпраги сув ичра ниҳон.

Ҳа, Ҳазрат Навоий бу оламни сув устидаги улкан кесакка менгзатмоқдалар! Нега айнан кесакка? Сув устида сузиб юриши мумкин бўлган, сувга чўкмайдиган бирор буюмга эмас? Шоир учун бундан осони йўқ-ку! Кўп қисми сув ичига ботиб турган кесак устида турганини ҳис қилган тингловчи, яъни сизу бизни ҳушёр торттирмоқ учун. Олам, одам, умр ҳақида тафаккур эттирмоқ учун. Зеро, кесак ҳали замон эриб кетиши, сувга ғарқ бўлмоғимиз ҳеч гап эмас: “Эй инсон! Ғарқ бўлмоғинг тайин бир омонатгина жойда осмонўпар орзу иморатларини қурмоқдасан? УМРдек бебаҳо неъмат сенга шунинг учун берилдими?” демоқчилар мутафаккир шоир...

Дарвоқе,УМР нима? “Умр” арабча сўз бўлиб, унинг луғавий маъноси “обод бўлиш”дир. Хўш, инсоннинг умри қандай қилиб обод бўлади? Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонга жон ато этган, унга ҳаёт берган. Онадан туғилган чақалоқ йиғладими, демак, унинг жони бор. Аллоҳ таоло шу берган жон неъматига вақт неъматини ҳам қўшса, иккови қўшилиб умр бўлади. Жонни берсаю, вақт бермаса, бола онадан туғилиши билан ўлиб қолади. Демак, умрнинг формуласи: “ҲАЁТ+ВАҚТ=УМР” экан” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Хислатли ҳикматлар шарҳи”дан). Демак, ҳаётни эзгуликлар билан ўтказиш, вақтнинг қадрига етиш; Одамнинг оламни обод этиши муҳим экан-да! Ҳазрат Навоий бизга ана шу ободликнинг шартларини Олам ва Одам ўртасидаги нозик муносабатларни, муҳим йўл-йўриқларни кўрсатадилар. Аввало:

Бўлмаса имон била кетмак иши,

Англаки, они деса бўлмас киши.

Ахир, Яратганнинг биру борлигига, ҳар ненинг, жумладан, умрнинг ҳисоб-китобига, яхшилик ҳам ёмонлик ҳам жавобсиз қолмаслигига... сидқидилдан ишонмаган кишининг бу оламдаги одамийлиги ҳақида сўз юритиш абас эмасми? Ва Навоий таъбири билан айтганда уни “одам” дейиш мумкинми?

Одам авлодида камдир одамийлик шеваси,

Одам эрмас улки майли одамийзод айлагай.

Мутасаввуфларнинг Маломатия деб номланган вакиллари фаолиятида нафсни давомли тергаш, афсус-надомат, ўзни ўта хокисор тутиш етакчилик.

Энди Навоийнинг ушбу байтига диққат қилайлик:

Оҳки, умр ўтти жаҳолат била,

Қолдим ўлум вақти хижолат била.

Бутун умрини илм-маърифат, хайр-баракот билан ўтказган шоирнинг эй воҳ, умрим жоҳиллик билан ўтиб кетди. Ўлим пайти етганда эса фақат хижолат билан бирга қолдим, дейишлари аслида бизга тутилган ойна эмасмикан? Башарти шундай бўлса, биз шоиримиздан ранжишга ҳеч ҳам ҳақимиз йўқ. Фақат ибратланиб, тегишли хулоса чиқариб, яна ўзларининг бир ўгитларига амал қиламиз, холос:

Киши айбинг деса, дам урмағилким, ул эрур кўзгу,

Чу кўзгу тийра бўлди, айбинг ўзга зоҳир айларму?!

Ҳазрат Навоийнинг умр мазмун-моҳияти ҳақидаги яна бир таърифлари оддий, содда, самимий, таъсирли, ибратлидир:

Умр эрур тақвои тоат учун,

Тенгри буюрғанға итоат учун.

“Тақво”га берилган изоҳлардан бирида “оёқ яланг ҳолда тиканли йўлларда юрганда қанчалик эҳтиёт бўлинса, тақводор гуноҳ-маъсиятлардан, ёмонликлардан ўзини ана шундай эҳтиёт қилмоғи, ҳушёр бўлмоғи ва доимий яхшилик томон юз бурмоғи...” таъкидланади. Бунга эришмоқ учун эса Навоий айтганларидек, “Тенгри буюрғанға итоат этмоқ” мақсадга мувофиқроқдир.

Ҳазрат Навоий одамни бу оламга ибрат назари билан қарашга, унда яширин сир-асрор, ҳикматларни, унга берилган бебаҳо неъмат — ақл билан идрок этишга чорлайдилар:

Олам аро ҳар не ҳувайдодурур,

Сири анинг зимнида пайдодурур.

Яъни, оламда неки кўзга кўринса, сир-асрори унинг замирида мавжуддир, демоқчи шоир. Бу байтнинг мазмун-моҳиятини яна-да равшанроқ тушуниш учун ўтган асрда яшаб ижод этган адиб Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо ал-Жазарийнинг “Ҳақиқатлар уруғи” рисоласидаги айрим нукталарга назар соламиз: “Мени таниган-билганларга яхши маълумки, мендек мискин учун энг яхши дўст китоб бўлиб, бундан аълороқ дўсти қадрдон топганимча йўқ. Китоблар ичида Табиат китобига дўстлигим ўзгача... Бу муҳташам меҳмонхонага (яъни бу оламга. – А.Т.) қўнган ҳар бир зиёратчи-йўловчига дуч келганингизда, улар дилидан сукутни ва устидан лоқайдлик пардасини олиб ташлагимиз келади. Олам офтоби куйдирмасин деб бир қарич пастга тушмайди, совуқ қотмасин дея бир қарич юқори ҳам кўтарилмайди”.

Оламда ҳувайдо бўлиб, бизни тафаккурга, ҳайратга солувчи воқеа-ҳодисалар озми? Навоий ҳам юқоридаги байти орқали бу оламга ибрат назари билан боқмоққа, ғафлат, лоқайдликдан узоқ бўлмоққа чақирмаяптиларми?! Тафаккурга чорламаяптиларми?! Зеро:

Деди: Ҳар ишни қилмиш одамизод,

Тафаккур бирла билмиш одамизод.

Яъни, одам фарзанди нима иш қилган бўлса, барчасини тафаккур туфайли, тафаккур ёрдамида амалга оширгандир.

Ҳазрат Навоий бу олам ичра умргузаронлик қилаётган одамларга икки дунё саодатига калит бўлувчи ушбу ҳикматни ҳам тақдим этадилар:

Киши ўзлукни қўймай Они топмас,

Тенгиз кечмай дури яктони топмас.

Ҳа, Яратганни танимоқ, Унинг розилигига эришмоқнинг шартларидан бири – нафсни тарбиялаш, нафсоний орзу-ҳаваслардан воз кечиш, қалбини кибр, нифоқ, ҳасад каби маънавий иллатлардан тозалашдир. Зеро, нафс орзу-истаклари чексиздир. Нафс фақат ўзини ўйлайди. Ваҳоланки, нафс учун фойдали туюлган нарса инсон ва жамиятга зарар келтириши мумкин... Демак, биз зарарли, фойдасиз феъл-атвор, амалларимизни тарк этишимиз лозим. Бу эса риёзат денгизидан кучли ирода, ихлос, завқ-шавқ, муҳаббат билан кечиб ўтмоқни ҳам тақазо этади. Шунда излаган “Дури якто”ни ҳам топгаймиз.

Бу саодатга эришиш учун баъзан кутилмаган хатти-ҳаракат, жасорат, фидойилик ҳам лозим. Алишер Навоий “Садди Искандарий”даги қаҳрамонларидан бирига таъриф берар экан, ёзади:

Гаҳи бўлди даврон била тундхў,

Гаҳи чархи гардонға деди: “Туфу!”

Яъни, гоҳида даврон билан ораси бузилди, у билан келишмай қолди, гоҳида эса бу чархи кажрафторнинг юзига “Туфу!” дея тупурди.

Умрини халқимизнинг илм-маърифати, маънавиятига бахш этган, бир сўз билан айтганда, баракали умр ўтказган муҳтарам олим Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ёзадилар: “...Мўмин-мусулмон инсон умрининг бугуни кечасидан, эртаси бугунидан афзал бўлади. Ана шунда умр неъматининг шукрини адо этган бўлади, умр савдоси деган буюк савдода фойда кўрган бўлади, касодга учрамайди...

...Бир кун эмас, бир ҳафта эмас, бир ой эмас, бир йил эмас, бутун умрини зое қилаётганлар бор. На ўзига фойда, на оиласига фойда, на жамиятга фойда, на халқига фойда... Бу исроф охир-оқибат қаерга олиб боради? Бу саволга жавоб ахтариш, чуқур ўйлаш керак. Ҳаёт жиддиятдан иборат экани, умрнинг ҳар бир лаҳзаси учун савол-жавоб борлиги ёдимиздан бир лаҳза ҳам чиқмаслиги керак”.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги байти юқоридаги ҳикматнинг, таъбир жоиз бўлса “Огоҳнома”нинг назмдаги гўзал бадиий ифодаси ўлароқ жаранглайди:

Умрға чун эътимоде йўқтур, эй ғофул кўнгул,

Ою йилни неча маст ўткаргасен, бир ҳам ойил.

Эътимод – ишонч, ойилмоқ – ўзига келиш, хушёр тортиш демакдир.

Эй инсон! Ахир умрга ишонч йўқ; неча йил умр кўришинг номаълум. Қачонгача ой-у йилларни беҳудага, бефойда ўтказиб зое қиласан? Бу ғафлатдан, бу мастликдан қачон уйғонасан, қачон ўзингга келасан? — демоқчилар ҳазрат Навоий. Бошқа бир ҳикматларида бу каби мастлик, ғофиллик, лоқайдлик хасталикларига маънавий шифо бўлгулик қуйидаги ўгитларни тақдим этадилар:

Уйқу неча ишрату суруринг бирла,

Кўзунг қаро айламак ғуруринг бирла,

Тийра кеча тоат эт ҳузуринг бирла,

Қабринг уйини ёрут бу нурунг бирла.

Яъни, қачонгача кайфу сафо ва уйқу билан умрингни беҳуда ўтказасан, ахир? Ғурурга маст бўлиб кўзингни зулмат пардасига ўрайсан? Ундан кўра, қоронғу кечаларда ихлос билан ибодат қилиб, тоат нури билан қабрингни мунаввар эт, дейди улуғ мутафаккир.

Абдумурод ТИЛАВОВ, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, филология фанлари номзоди


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019