Тадеуш Бодио: Ўзбекистон Президенти инқироз шароитида мамлакатни бошқариш қобилиятини намойиш этмоқда

20:27 11 Сентябр 2020 Сиёсат
238 0

Варшава университети қошидаги Сиёсатшунослик институтининг Шарқшунослик факультети раҳбари, профессор Т.Бодио илмий-тадқиқот ишлари якуни бўйича «Marshalek» холдинги томонидан чоп этилган "Nowa polityka Wschodnia« ("Янги Шарқ сиёсати") тўпламида "Ўзбекистон: давлат тўлиқ қайта қуриш жараёнида« сарлавҳали мақоласини эълон қилди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.

Муаллиф ўз изланишларида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини чуқур ва объектив таҳлил қилган.

Полшалик мутахассис ислоҳотлар меъмори – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фаолияти ушбу жараёнда ҳал қилувчи роль ўйнаганини қайд этади. Давлатимиз раҳбари сиёсати ва у томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар трансформацион етакчилик моделига мос келиши таъкидланган. У давлат раҳбари ватанпарварлик руҳидаги ислоҳотларни амалга ошираётганини қайд этиб, жамият кутган умидлар эканини билдиради. Шу билан бирга, ушбу жараён юқори масъулиятга эга эканини айтади.

Муаллиф Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётнинг барча муҳим соҳаларига таъсир кўрсатган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар ҳақида ёзади. У ислоҳотлардан кўзланган мақсад – замонавий стандартлар ва кўп миллатли Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига тўлиқ мос келадиган модель асосида давлат қуриш, эканини таъкидлайди.

«Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясига ҳам мос келадиган ушбу ислоҳотлар Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида кенг қамровли битим тузиш бўйича музокаралар учун туртки бўлди», дейди муаллиф.

Т.Бодио Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар фаолияти натижалари Ўзбекистон жамиятида кенг эътироф этилаётганини таъкидлайди. Шунингдек, полшалик эксперт илмий изланишлари хулосасида халқаро экспертлар ҳамжамиятининг баҳоларини ҳам келтиради: “Strateg East” марказининг (Вашингтон) СССР қулаганидан кейин унинг ўрнида ташкил топган мамлакатларда ҳуқуқий давлат ва иқтисодий ўзгаришларга 2018 йилда берган юқори баҳоси; "The Economist« нашрининг 2019 йил декабрда мамлакатдаги ўзгаришлар ва янги ҳукумат интилишларини инобатга олиб, Ўзбекистонни "Йил мамлакати" деб топгани; Ўзбекистон Президентининг 2020 йил бошида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши томонидан "Турк дунёси"нинг тикланишига қўшган улкан ҳиссаси учун мукофоти билан тақдирлангани шулар жумласидан.

Муаллифнинг фикрига кўра, бу Ўзбекистон Президенти томонидан бошланган ислоҳотларни амалга оширишда, биринчи навбатда, ҳокимиятни тақсимлаш тамойилларини такомиллаштириш ва бюрократияни қисқартириш, ижтимоий-иқтисодий ҳаётни либераллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилинишини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари фаолияти, қонун устуворлиги ва хизматлар фаолияти, жамоат тартиби, молиявий сиёсат соҳасида ютуқларга эришилганининг далилидир.

Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинишидан олдин хорижий институт ва экспертлар билан кенг кўламли маслаҳатлашувлар ўтказилган. Чуқур инқирознинг олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатлари ва мамлакатда тўпланиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳисобга олган ҳолда ушбу ҳужжатнинг ишлаб чиқилгани Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Полшалик мутахассис таҳлилида акс этган яна бир муҳим ҳужжат бу – 2017 йилда бошланган ислоҳотларни давом эттиришга қаратилган ва етти устувор йўналишдан иборат, 2019 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси. Ислоҳотларнинг асосий мақсади, муаллифнинг фикрига кўра, Ўзбекистонни дунёнинг юқори даражада ривожланган давлатлари қаторига киритишдир.

Профессор Т.Бодио сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар асосий натижаларини таҳлил қилар экан, давлат билан жамият ўртасида ўрнатилган мулоқот ҳукуматга бўлган ишончни кучайтириш, бюрократия ва коррупцияга қарши курашиш жараёнига туртки берганини айтади. Шунингдек, ҳокимиятнинг очиқлигини таъминлаш, давлат бошқаруви ислоҳотларини самарали амалга ошириш, инсон ресурсларини янада кучайтириш, маъмурий-тақсимотни қайта кўриб чиқиш, давлатнинг иқтисодиётдаги монополистик тутумини чеклаш ва бозор механизмларини жорий этишга имкон яратгани қайд этилади.

Тараққиёт қуйидаги йўналишларда қайд этилади: қонунчилик ва институтларни бозор иқтисодиёти стандартларига мослаштириш; бошқарув тизимига рақамли технологияларни жорий этиш; иқтисодий мониторинг ва статистика хизматларини қайта қуриш; маҳсулот ва хизматларнинг тўлиқ ҳуқуқли бозорини яратиш; бюджет маблағларини тақсимлашни мақсадли ташкил қилиш; халқаро молия бозори билан интеграциялашув; банк тизимини қайта қуриш ва диверсификация қилиш; миллий валютани конвертация қилиш; чет эл инвестициялари учун қулай шароит яратиш; нархларни эркинлаштириш ва солиқ тизимини соддалаштириш; солиқ тизими ҳамда хизматларини такомиллаштириш; меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда таълим тизимини ислоҳ қилиш; хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий ҳамда касбий фаоллаштириш; алоқа ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш; коррупцияни тугатиш; тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш; кредит сиёсатини такомиллаштириш.

Таҳлилларда, Ўзбекистон инвестиция учун қулай шароит яратиш бўйича дунёнинг энг яхши ўнта давлати қаторига киргани, Жаҳон банки ҳисоботига кўра, "Doing Business" рейтингида Ўзбекистон 190 мамлакат ичида 69-ўринга кўтарилганига юзасидан фикрлар ҳам келтирилади.

Полшалик мутахассис ташқи сиёсатдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатни “яккалаш" (изоляция)дан бош тортиб, давлатнинг глобаллашаётган дунё учун очилишини бу соҳадаги туб бурилиш, деб атайди. Ўзбекистондаги жўшқин фаолият, минтақада ҳамда халқаро майдонда ишонч ва мамлакат обрўсини мустаҳкамлаш сиёсатининг ижобий самараси қайд этилди.

«Жаҳон ва минтақавий кучлар билан ҳамкорлик мувозанатли, давлат манфаатларига жавоб берадиган тарзда олиб борилмоқда, қатор халқаро шериклар билан тижорат ва инвестициялар соҳасида ҳамкорлик муваффақиятли давом этмоқда. Қўшни давлатлар билан конструктив сиёсий мулоқот ўрнатиш, чегараларни делимитация қилиш, аҳоли миграцияси, транзит йўлларининг логистика масалалари, энергетика, экология ва сув таъминоти билан боғлиқ тарихий келишмовчиликлар туфайли юзага келган можаролар ва зиддиятларни бартараф этиш – Осиё интеграцияси учун қулай бўлган сиёсий муҳит ўзгаришига ва минтақа ривожланишини оширишга таъсир қилмоқда», дея баҳолайди мутахассис.

Муаллиф Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиё давлатларига нисбатан сиёсатнинг минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида қайта кўриб чиқилиши натижасида амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегиясининг сезиларли фойда келтиришига ишонч билдиради. Унинг фикрига кўра, сўнгги йиллардаги минтақавий ҳамкорлик натижалари Ўзбекистон раҳбари томонидан ишлаб чиқилган «Ҳамкорлик рақобатдан яхшироқ» шиорининг тўғрилигини тасдиқлайди.

Шунингдек, у Полша Ўзбекистондаги ислоҳотларга ижобий муносабатда бўлиб, иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб бораётганини таъкидлайди. 2019 йилда ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажми деярли 120 фоизга ўсиб, пандемия шароитига қарамасдан, савдо айланмаси 2020 йилнинг биринчи ярмида 131,8 фоизга ўсганини мамнуният билан қайд этади. Мамлакатлар ўртасида дипломатик, шунингдек, таълим, фан, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик фаоллашгани айтилади.

Муаллиф Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда амалга оширилган ўзгаришлар таҳлилини сарҳисоб қилиб, мамлакат Президенти ўз ҳаракатлари билан мустақил Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очганини маълум қилади.

«Давлат раҳбари ўз фаолиятини мамлакат олдидаги хизмати сифатида қабул қилади. Бу келажакка қаратилган ислоҳотларни амалга оширишга бўлган қатъиятдан далолат. Президент ижро ҳокимиятидаги камчиликлар, ислоҳотларни кечиктиргани учун давлатнинг юқори мансабдор шахсларига танқидий фикрларини очиқ баён қилади. У инқироз шароитида бошқариш қобилиятини намойиш эта олган, одамлар ва улар муаммоларига очиқ муносабатда бўлган тизим раҳбаридир».

Мақола муаллифининг таъкидлашича, мамлакат Президенти замонавий бошқарув тизимини юқори баҳолаб, «Рақамли Ўзбекистон» концепциясини амалга оширмоқда. У Ўзбекистонни ўзгартирмоқда, давлат ҳокимиятига бўлган ишончни тиклашга ва жамият субъективлиги чегараларини кенгайтиришга катта аҳамият беряпти. Давлат раҳбари сиёсий маркетинг афзалликларини қадрлайди, ўз мамлакатининг халқаро майдондаги обрўси ҳақида қайғуради.

Муаллиф ҳақида қисқача: Тадеуш Бодио фалсафа доктори, 2009 йилдан буён Варшава университети қошидаги Сиёсатшунослик институтининг Шарқшунослик факультети раҳбари. 2005-2008 йилларда Шарқшунослик лойиҳасини бошқарган. Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларида сиёсий фанлар назарияси ва методологияси, сиёсат психологияси, трансформация назарияси ҳамда амалиёти бўйича мутахассис.

У Ўзбекистонда ҳам маърузалар қилиб, маслаҳат учрашувлари ўтказган. Полша ҳукуматининг Ўзбекистондаги стипендиантлари диплом ишларининг илмий раҳбари. Ўзбекистонлик қатор номзодлик ва докторлик диссертациясига номзодлар тақризчиси. Халқаро конференция ва илмий семинарлар, шу жумладан Ўзбекистон Конституцияси ва Орол денгизига бағишланган Полша – Ўзбекистон конференциялари ташкилотчиси ва ҳамкори. 2013 йилдан бери «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» (Ўзбекистон) журналининг таҳрир кенгаши аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?