Тадбиркорларнинг манфаати доимо устувор бўлмоғи керак

14:24 18 Август 2020 Сиёсат
275 0

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда муҳим омилдир. Шу боис, сўнгги йилларда ушбу соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз томонидан кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Негаки, тадбиркор деганда, биз рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонларни тушунамиз. Шу жиҳатдан, бугун мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасининг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкамланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 17 августдаги «Хоразм вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам вилоятнинг мавжуд саноат ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш чоралари белгилаб берилган.

Қарорнинг аҳамиятли томони шундаки, унга биноан «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖнинг “NBU Invest Group” МЧЖ, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг “PSB Capital” МЧЖ ҳамда «Асака» АТБнинг “Asaka Capital Invest” МЧЖ инвестиция компаниялари таъсисчилигида “Khorezm Invest Project” МЧЖ инвестиция компанияси(кейинги ўринларда – инвестиция компанияси) ташкил этилмоқда.

Шу билан бирга, Хоразм вилоятида 2020-2022 йилларда амалга ошириладиган умумий қиймати 2,2 триллион сўмлик 84 та инвестиция лойиҳасининг манзилли ҳамда вилоятда амалга ошириладиган умумий қиймати 516,8 миллион долларлик 26 та истиқболли инвестиция лойиҳасининг рўйхати тасдиқланди.

Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузурида эса юридик шахс ташкил этмасдан Инфратузилма жамғармаси ташкил этилди. Давлат, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари томонидан ажратиладиган грант ва кредит маблағлари Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди.

Эндиликда жамғарма маблағлари «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонасининг кенгайтирилган ҳудудларида инфратузилма қурилишини молиялаштиришга йўналтирилади.

Мазкур қарор билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб экспорт қатновларда Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳри ўртасида экспорт қилувчиларга темир йўл юк қатнови тарифларига 50 фоиз чегирма жорий этилади.

Яна бир муҳим янгилик – Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонасининг кенгайтирилган ҳудудларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш учун инвестиция компаниясига 10 йил муддатга 2,5 фоиз ставкасида 13 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағлар ажратилади.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратиладиган маблағларни сўндиришда «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш харажатлари тегишли равишда инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари томонидан мутаносиб равишда ажратилган ер майдони кўламидан келиб чиқиб босқичма-босқич қопланади. Сўндириш учун маблағлар етарли бўлмаган тақдирда эса инвестиция компанияси томонидан қайтарилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарорнинг қабул қилиниши тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади. Зеро, одамларнинг тадбиркор бўлишга интилишига амалий ёрдам берилса, бунёдкорлик янада кенг қулоч ёзади.

Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
OʼzLiDeP фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?