Тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлашнинг янги тизими ишга тушди

11:54 11 Июнь 2019 Жамият
261 0

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлар, жумладан, хорижий инвесторлар мурожаатлари билан ишлашнинг алоҳида тартибини белгилаб, мурожаатлар тарихини кўриш, таҳлил қилиш имконини берувчи ягона электрон тизим жорий қилишга имконият яратди. 1 июндан эса мурожаатларни қайд этишнинг ягона платформаси ишга туширилди. Шунингдек, жойларда Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳам фаолият кўрсата бошлади. Ушбу Фармоннинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш ҳамда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиш бўйича республика ишчи гуруҳи белгиланган жадвал асосида вилоятларга ташриф буюрмоқда.

Ишчи гуруҳининг Наманган вилоятидаги дастлабки тадбири Чуст туманида - Чуст, Тўрақўрғон ва Поп тумани тадбиркорлари иштирокида ташкил этилди. Бош вазир қабулхонасининг вилоят бўлими бошлиғи Фарҳод Мадраҳимов бу ерга тўпланган уч юз нафардан зиёд тадбиркорлик субъекти раҳбарлари ва ишбилармонларни Фармон мазмун-моҳияти билан таништириб,мурожаатларни йўллаш, уларнинг кўриб чиқилиш тартиби ва муддатлари тўғрисида атрофлича тушунча берди. Бунда, хусусан, тадбиркорлар Бош вазирга мурожаатларини интернет саҳифаси ёрдамида онлайн тарзда, бевосита жойлардаги қабулхоналарга ташриф буюриш, шунингдек, савдо-саноат палатаси Call Center хизматининг қисқа рақамларига қўнғироқ орқали йўллашлари мумкинлиги алоҳида таъкидланди. Келиб тушган мурожаатлар ягона портал базасида жамланади ва уларни кўриб чиқиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш тегишли ваколатли ходимлар, ташкилот ва давлат органларига йўналтирилади. Масъул идоралар томонидан мурожаатлар икки кунлик қисқа ва 7 кунлик ўрта муддатларда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган.

Учрашув давомида тадбиркорларнинг ўз бизнесини юритиш, ривожлантириш ва кенгайтириш йўлида юзага келаётган муаммолари тингланди. Ўртага қўйилган масалаларнинг асосий қисми ишлаб чиқариш, хизмат соҳасини йўлга қўйиш учун ер майдони ажратиш, молиявий муассасалар билан ишлашга тааллуқли эканлиги инобатга олинса, жойларда ҳали-ҳамон мурожаатларни кўриб чиқишда расмиятчилик ҳолатлари мавжуд эканлиги, айрим раҳбарлар масъулиятни ўзидан соқит қилиш орқали сансалорликкайўл қўйишда давом этаётганликлари кўзга ташланади.

-Яқин вақтга қадар тадбиркорларнинг давлат идоралари билан тўғридан-тўғри ишлаш имкониятлари чекланган эди, -дейди “Наманганцемент”масъулияти чекланган жамияти раҳбари Асадулла Ғайбуллаев. – Бўлмаса, бир кеча кундузда 700 тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга корхонамиз битказилаётганига қарамай “Узтрансгаз”дан ёқилғи учун керакли лимитни ололмай юрмасдик. Гап шундаки, айни масалада бу ташкилотга мурожаат қилганимизга уч ойдан ошганига қарамай,амалий жавоб йўқ. Ваҳоланки, бизнес режага мувофиқ 20 июндан технологик линияни синовдан ўтказишимиз, бунинг учун табиий газ керак.

Дорихона йўналишида фаолият олиб бораётган чустлик тадбиркор Алижон Ҳасанов банк муассасаси билан муносабатда дуч келаётган муаммоси хусусида гапирди.

- “Ҳамкорбанк”нинг Наманган филиали мижозиман,-дейди у. – Илгари савдодан тушган нақд пулни шу банкка топшириб келганман. Йўл олис бўлгани учун бу масалада “Агробанк”нинг Чуст туман бўлими билан ишламоқчи бўлдим. Бироқ, бу ерда топширилган суммани керакли жойга ўтказиш учун бир фоизлик тўловни амалга оширишни талаб қилишяпти. Қизиқ, банкка нақд пул топшириб, устига устак яна тўлов қилсам.

Поплик Саодат Мирзаева битказаётган хусусий шифохонасига жиҳоз сотиб олишда имтиёзли кредит олишда ёрдам сўради. Унинг масаласига шу жойнинг ўзида ойдинлик киритилди.Агар унинг бизнес лойиҳаси “Ҳар бир оила тадбиркор” дастурига мувофиқ келса, 200 миллион сўмгача бўлган кредитни йиллик 8 фоиз устама билан олиши мумкин. Опанинг шифохонаси учун канализация тармоғига ер ажратиш эса Поп туман ҳокимлигига топширилди.Тўрақўрғон туманидаги “Сарой садаф” хусусий фирмаси раҳбари Нуриддин Исмоиловнинг саволига жавобан қуриб битказган биносида мактабгача тарбия муассасаси ташкил этиш учун молиявий кўмак масаласида қаерга мурожаат қилиши зарурлиги тушунтирилди. Яна бир тўрақўрғонлик тадбиркор- “Голдмиксиндуст” МЧЖ раҳбари Шоир Худойбердиев ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун зарур бўлган ер майдонини танлов орқали оладиган бўлди.

Хуллас, тадбиркорларнинг анча-мунча муаммолари йиғилиб қолган экан. Учрашув давомида уларнинг 46 нафари ўз дардини ўртага ташлади. Уч кишининг муаммоси тадбир чоғидаёқ ечимини топди. Қолган масалалар эса ижро муддатларини белгилаган ҳолда тегишлилигича туман, вилоят, республика идораларига бириктирилди.

Худди шундай учрашув – мулоқот вилоят марказида ҳам ташкил этилди. Наманган шаҳри, Наманган ва Мингбулоқ тумани тадбиркорлари жамланган тадбир иштирокчилари Президент Фармонида кўзда тутилган вазифалар моҳиятидан тўла хабардор қилинди. Шунингдек, ўз бизнесини йўлга қўйиш, кредит, ер майдони олиш ва бошқа масалаларда мурожаат қилган бир қатор иштирокчилар муаммоларининг асосий қисми жойида ҳал қилинди. Эндиликда уларнинг барчаси Бош вазир Қабулхонаси ягона электрон тизимига киритилиб, назорати олиб борилади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. ”Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019