Тадбиркор ўз маблағлари ҳисобидан маҳаллани асфальт қилиб берди

10:32 02 Октябр 2019 Жамият
61 0

Бағдодлик якка тартибда фаолият юритувчи тадбиркор Шарофиддин Қосимов бир неча йил давомида жамғариб борган маблағи ҳисобидан “Самарқанд” МФЙ ҳудудидаги “Якка тут” кўчасига асфальт ётқизилишига ҳомийлик қилди. 14 хўжаликнинг бу манзилга кўчиб ўтганига 15 йилдан кўпроқ вақт бўлди. Бироқ маҳалла ҳалигача асфальтланмаган, аҳоли саратонда чанг, қаҳратонда лой кечишга мажбур эди. Бозорда савдо-сотиқ билан, томорқасида чорвачилик билан машғул бўлган Шарофиддин Қосимов “Мендан кетсин – маҳалламга етсин”, дея улуғ савобли ишга қўл урди.

– Ҳаётга бир марта келамиз! – дея гапнинг дангалига кўчиб қўя қолди тадбиркор. – Шу юртда яшаб, кўп яхши кунларни кўрдик. Ота-онамиз, фарзандларимиз, бошқа яқинларимиз – ҳаммаси соғ-саломат. Шунинг шукронаси учун бу ишга қўл урдик. Биздан ҳам нимадир қолсин, деган ниятдаман. Бундан кейин ҳам туманимизнинг гуллаб-яшнаши учун, маҳалладошларим оғирини енгиллатиш учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан.

Шарофиддин ака бу эзгу ишни “хўжам кўрсин” учун қилмади, шунчаки, элга эш бўлиш истаги унинг юрагини оловлантирди. 200 метр йўлга 20 миллион сўмдан ортиқ маблағни асфальт қилиб ётқизиб қўйди. Унинг айтишича, “Якка тут” томонларда аҳоли шахсий томорқаларини суғоришда муаммо бор – айни кунларда ана шу масала ечими устида бош қотиряпти акамиз.

Бундан 4 йил аввал Умра зиёратида бўлиб қайтган Солияхон ая бугун ўғлининг саъй-ҳаракатидан мамнун.

– Дадаси иккимиз болам билан фахрланиб ўтирибмиз-да, айнанай. Худо ҳар кимнинг ҳам дастига барака берсин экан. Давлат қачон маҳалламни аспаллаб беради, қачон сув чиқариб беради, деб ўтирадиган замонмас ҳозир! Топган – тўрваси билан, топмаган – шўрваси билан, дегандай ҳамма бир ёқадан бош чиқарса, ҳал бўлмайдиган муаммо йўқ, болам. Бу эзгуликлар бир кунмас бир кун мевасини беради, - дейди онахон.

Кайвони онанинг гаплари рост чиқди – эзгулик кечанинг ўзидаёқ мева берди. Шарофиддин аканинг жонбозлиги туман ҳокимлигига қадар етиб борди. Тайинки, бу хабардан севинган ҳоким тадбиркорга самимий миннатдорлик билдирди, эгнига миллий чопон ташлаб, ота-онасига минг раҳмат шу инсоннинг, дея кўпчиликка ўрнак тариқасида кўрсатди.

Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019