Тадбиркор аёлларга имтиёзли кредитлар ажратилади

18:38 15 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
335 0

Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри ва Пискент туман ҳокимлигида «Аёл ва рақамли иқтисодиёт» мавзусидаги видеоконференция тарзида ташкил этилган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамкорлигида тадбиркор хотин-қизлар учун мўлжалланган ушбу анжуманда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, «Тадбиркор аёл» уюшмаси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вакиллари ҳамда Олмалиқ шаҳри ва Пискент туманида фаолият юритаётган 80 нафар ишбилармон хотин-қиз, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда бугунги кунда рақамли технологияларнинг тез ривожланаётгани, интернет тармоқлари жамиятимизнинг барча соҳаларига фаол кириб келаётгани, бундай вазиятда ҳар бир кишидан мукаммал билим ва уддабуронлик талаб этилиши таъкидланди. Чунки, меҳнат бозори ва бизнес ёнма-ён шаклланмоқда. Уларнинг талаби даражасида иш юритиш учун эса албатта рақамли иқтисодиёт кўникмалари, янги технологиялардан самарали фойдаланиш тажрибаси зарур. Чекка ҳудудларда яшовчи аёлларнинг бу борадаги фаоллиги айниқса муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам бу масала бугунги кунда энг долзарб жараёнга айланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Тошкент вилоятида тадбиркор аёллар учун экспертлар иштирокидаги ўқув тадбирлари, амалга оширилаётган барча лойиҳалар айнан ана шу масаланинг ечимини самарали ҳал этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бунда, электрон тижоратни ривожлантириш, Ўзбекистон қонунчилигини такомиллаштириш ва АКТ соҳасида халқаро минтақавий ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари каби энг муҳим мавзулар қамраб олинган.

Бўлиб ўтган семинар жараёнида Ўзбекистон Республикасида мавжуд электрон савдо механизмларининг фаолият тамойиллари, улардан фойдаланиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.

Семинарда Тўмарис лойиҳаси ҳам намойиш этилди. Унда, республика миқёсида 16 ёшдан катта қизлар ҳамда ногиронлиги бор аёллар учун компьютерда ишлаш асосларини ўргатиш кўзда тутилган. Шунингдек, уларни веб-дизайнер, дастурлаш, маъмурият иш юритувчиси ва бошқа касбларга бепул ўқитиш жараёнлари ҳам ушбу лойиҳа асосини ташкил этади.

Ҳар иккала ҳудудда бир ой давомида етакчи экспертлардан назарий билим ўрганган тадбиркор аёлларга лойиҳа якуни бўйича тегишли сертификатлар топширилди. Бу билан ўқув машғулотларида иштирок этган барча хотин-қизлар тегишли лойиҳа доирасида ишбилармонлар учун мўлжалланган мобил иловага уланиш имконига эга бўлдилар. Бу қулайлик туфайли улар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олиб, бизнес соҳасидаги ҳамкорлари билан тезкор мулоқотга киришиш имконига эга бўлдилар.

Ушбу тадбирнинг яна бир қулайлик тарафи шундаки, мавжуд лойиҳа доирасида энг яхши бизнес-режалар тақдим этган тадбиркор аёлларга имтиёзли кредитлар ажратиш кузда тутилган.

Шодиёр МУТАҲАРОВ
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?