Тадбир маънавий баркамоллик байрамига бағишланди

19:32 21 Октябр 2020 Жамият
144 0

Юқори Чирчиқ туманида Тошкент вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, ташкилот ва муассасалар вакиллари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, зиёлилар, таниқли ёзувчи ва шоирлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Бу ерга йиғилганлар она тилимизнинг беқиёс аҳамияти, халқаро ҳамжамият олдидаги нуфузи хусусида батафсил тўхталдилар.

—Бу мўътабар байрам мамлакатимизда илк бор кенг нишонланмоқда,-дейди вилоят ҳокими ўринбосари Сайфиддин Низомов. — Миллий давлатчилигимиз тарихида она тилимизнинг аҳамияти ниҳоятда беқиёсдир. У халқимизнинг бебаҳо бойлиги, ғурур ва ифтихоридир. Минглаб йиллар давомида бу тильда яратилган шоҳ асарларнинг бугунги кундаги аҳамиятига назар ташларканмиз, Президентимизнинг жорий йил 20 октябрдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда куни кеча — 19 октябрдаги «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорининг беқиёс аҳамияти, тарихий қадр-қиммати кўз олдимизда намоён бўлади.

— Дунёда байрамлар кўп. Лекин тил байрами бу бутун бир миллат, буюк бир давлат байрамидир!-дейди тадбирда сўзга чиққан сенатор Маҳмуд Тоҳир. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бугунги саодатли кунларга осонлик билан эришганимиз йўқ! Жафокаш халқимизнинг давлат мустақиллиги йўлидаги мардонавор курашлари эвазига тилимиз ҳам турли чекловлардан ғолиб бўлди.

Президентимизнинг Ўзбекистон халқига байрам табригида бундай жумлаларни ўқиймиз: «Бугунги кунда хорижий давлатлардаги 65 та олий ўқув юртида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилмоқда, ушбу соҳада илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган чет эллик олимлар сафи тобора кенгаймоқда». Бу сўзлар ҳар биримизнинг қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради. Бу сўзлар қадим туркий тилимизни дунёда ўз ўрни борлигини билдиради.

Тил байрамига бағишланган тадбирда вилоятда ижод қилаётган олимлар, ёзувчи ва шоирларнинг сўнгги йиллардаги ижод намуналари сифатида чоп этилган китоблари, шунингдек, луғатлар, илмий-оммабоп нашрлар кўргазмаси ҳам ўтказилди.

Вилоятда яшаб ижод этган, бугунги кунда ўз асарлари билан мамлакатимиз жамоатчилигига яхши таниш бўлган шоирларнинг Ватан ва тил қадри мадҳ этилган асарларидан намуналар ўқилиб, таниқли санъаткорлар ижросида қўшиқлар куйланди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ

(Халқ сўзи)
Нозим Абдуллоев олган суратлар.



Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?