Табиий экотизим: Экологик барқарорлик кафолати

09:39 22 Май 2018 Жамият
256 0
Фото: nacoesunidas.org

Биологик турларни сақлашнинг аҳамиятини чуқур англаш, халқаро ҳамжамиятнинг хабардорлигини ошириш мақсадида БМТ ташаббуси билан 22 май “Халқаро биологик хилмахиллик куни” деб эълон қилинган. Ушбу экологик сана бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам кенг нишонланади.

“Биологик хилмахиллик” тушунчаси ердаги ҳаётнинг турли-туманлигини, ҳайвонлар, ўсимликлар, микроорганизмлар, уларнинг генлари ва экотизимларини англатади. Унда маълум бир организм тўғрисида статистик маълумот эмас, балки биологик ўзаро муносабат ўз аксини топган. Шу маънода, жамиятнинг иқтисодий, экологик ҳамда маданий-эстетик эҳтиёжларини қондиришнинг ушбу салоҳиятли ресурси ранг-баранглигини таъминламасдан туриб, барқарор ривожланишга эришиб бўлмайди. Ачинарлиси, дунё бўйлаб ишлаб чиқариш, савдо, қишлоқ хўжалиги ва саноат тармоқларининг ривожланиши, уй-жой қурилиши, аҳоли ўсиши замонавий моделларининг тез ёйилиши боис биологик хилмахилликка инсон омилининг таъсири юқорилигича қолмоқда.

БМТ томонидан 1992 йилда Рио-де-Жанейрода имзоланган Биологик ранг-баранглик тўғрисидаги Конвенция экологик мувозанатни сақлашда давлатлардан кучли ирода ҳамда катта сиёсий кучни ишга солишда муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон мазкур халқаро ҳужжатга 1995 йилда қўшилгани, республика ҳукумати томонидан Ўзбекистон Республикасида Биологик хилмахилликни сақлаб қолиш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режаси тасдиқлангани диққатга сазовор.

Бугунги кунда Конвенция доирасидаги вазифаларни бажариш мақсадида мамлакатимиз умумий ер майдонининг 10 фоизини муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тоифасига киритиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Зеро, ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёси генофондини, экотизимлар барқарорлигини сақлаб қолишда муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимиз биохилмахиллиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ана шундай табиий ҳудудларда мужассам бўлиб, айни пайтда ўсимлик дунёсининг 4 минг 500 юксак тури мавжуд бўлса, шундан 324 таси, ҳайвонот оламининг эса 715 юксак тури учраса, шундан 184 таси Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, юртимизда мавжуд 8 та давлат қўриқхонаси, битта давлат биосфера резервати, 2 та табиат миллий боғи, 10 та давлат буюртма қўриқхонаси, 6 та табиат ёдгорлиги, 3 та ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш бўйича питомник фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бунда 30 га яқин қонунлар ҳамда юзлаб қонуности меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш бўйича муносабатларни тартибга солувчи мустаҳкам ҳуқуқий база яратилгани қўл келмоқда. Ўз навбатида, қонунчилигимиз янада такомиллаштирилиб, янги тушунчалар билан бойитилмоқда. Хусусан, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар тизимига биосфера резервати, сув муҳофазаси зоналари тушунчаси киритилди. Шунингдек, хусусий буюртмахоналар ва парваришхоналар яратишга рухсат берилди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик декларациясини тан олган ҳамда имзолаган томон сифатида, қолаверса, Миллий ривожланиш тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиб, ҳаётга жадал татбиқ қилиб келмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва экологик соҳаларда барқарор ривожини таъминлашга хизмат қилади.

Ислом ХУШВАҚТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоси.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар