Табиатдан эҳсон кутиб ўтиришнинг вақти ўтди

15:18 25 Январь 2019 Жамият
591 0

Фото: «Халқ сўзи»

Об-ҳавонинг авзойига қараб, деҳқонларнинг егани ичига тушмаяпти. Ёғингарчилик кам. Ер айтарли қор кўрмади. Сув захираси қандай бўларкан-а? Тирикчилиги экин-тикин билан боғлиқ одамлар шундан хавотирга тушиб қолишган.

Ўзингиз ўйланг, қишнинг чилласида бодом гулласа... Бу яхшилик аломати эмас-да! Шу боис бугун қишлоқ хўжалиги ходимларининг кўзи кўкка тикилган.

Хўш, бу йилги мавсумда обиҳаёт миқдори қандай бўлади?

“Ўзгидромет” маркази маълумотларига қараганда, айни пайтда, аниқроғи, январнинг биринчи ўн кунлигида асосий майдонларда ёғингарчилик миқдори, қор захиралари кўп йиллик меъёр даражасида. Аммо мавсумда сув захираси қандай бўлиши ҳақида фикр билдиришга ҳали эрта. Одатда бу борада апрель ойларида тугал хулоса ясалади. Шундай бўлса-да, соҳа мутахассислари сув таъминоти 2018 йилдагига нисбатан яхши бўлишини айтишмоқда. Январь ва февраль ойларида қор-ёмғирли кунлар кутилаётган экан.

Ёғсин, ёмғир, қор ёғсин, сув мўл бўлсин. Лекин ҳақиқат кўзига тик боқадиган бўлсак, қурғоқчиликка мойил минтақамизда сув муаммоси тез-тез такрорланиши эҳтимоли анча юқори. Аграр соҳа шунга мослашмаса, демакки, суғоришнинг тежамкор технологиялари қўлланилмаса, ривожланиши душвор.

Тежамкор технология нега оммалашмади?

Экспертларнинг сув нефтдан ҳам қиммат бойликка айланиши ҳақидаги башоратлари келажакда эмас, бугунги ҳаётимиздаёқ исботини топаётгандек. Сабаби иқлим ўзгариши оқибатида обиҳаёт ресурслари тобора камайиб, унга бўлган эҳтиёж эса кун сайин ортмоқда. Бинобарин, ушбу неъматсиз наинки қишлоқ хўжалиги ва саноат истиқболи, балки кундалик турмушимизни ҳам тасаввур қилиб бўлмайди. Бу эса сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, амалиётга тежамкор технологияларни кенг қўллашни тақозо қилаётир.

Аграр соҳа ривожланган давлатларда аллақачон тежамкорлик энг долзарб вазифалардан бирига айланган. Сув манбаларининг 80 фоизидан ортиғи қўшни ­давлатларда шаклланадиган Ўзбекистонда-чи?

Афсуски, бу борада ҳали мақтана олмаймиз. Гарчи охирги ўн йилликда суғоришда тежамкор усулларни қўллаш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар бошланган бўлса-да, айтарли ижобий натижага эришилмади. Республикамиз бўйича 328 минг гектар экин майдонларида ана шундай технологиялар жорий қилинган, холос.

Деҳқончилик истиқболи сифатида ­қаралаётган томчилатиб суғориш эса атиги 43 минг гектарда қўлланиляпти. Бу ­суғориладиган экин майдонларининг бор-йўғи 1 фоизи, деганидир. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, мазкур рақам Исроилда 74 фоиз (140,6 минг гектар), Туркия (340 минг гектар) ва Саудия Арабистони (731 минг гектар)да 17 фоиз, Хитойда 9,7 фоиз (5 миллион 270 минг гектар), АҚШда 7,3 фоиз (1 миллион 640 минг гектар), Ҳиндистонда 6 фоиз (2 миллион 180 минг гектар), Испанияда 5 фоиз (1 миллион 897 минг гектар)га етказилган. Биздаги муаммо нимада?

— Мамлакатимизда бу усул тезда ­оммалашмаганини фермерларнинг иқтисодий имконияти чекланганлиги билан изоҳлаш мумкин, — дейди Ўзбекистон ­Республикаси сув хўжалиги вазири ўринбосари ­Равшан Мамутов. — Яъни ҳозир бир гектар майдонни томчилатиб суғоришга ўтказиш учун 20 миллион сўм сарф қилиш керак бўлади. Шунинг учун аксарият фермерлар, оз бўлсаям, сув бор-ку, дея томчилатиб суғоришни қўллашга ҳафсала қилишмаган. Кейинги йилларда пахта харид нархининг кескин оширилгани, моддий-техника базаси ­мустаҳкамланаётгани, энг асосийси, ­тежамкор технологияларни қўллаётган фермерлар давлат томонидан қўллаб-­қувватланаётгани унга бўлган қизиқишни кучайтирмоқда.

Фото: «Халқ сўзи»

Масалалар ечимига йўл очилди

Чиндан ҳам, томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш ўз-ўзидан бўлмайди. Артезиан қудуқ қазиш, тиндириш ҳовузи қуриш, сувни далагача етказиб бериш учун ускуналар, қувурлар, тақсимлаш шланглари сотиб олиш... Табиийки, булар каттагина харажат талаб қилади. Шу боис аксарият фермерлар бу усулдан ўзларини узоқ ­тутиб келган.

Президентимизнинг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори янги усулни жорий этишдаги ана шундай иқтисодий масалалар ечимига йўл очиб берди.

Гап шундаки, бундай лойиҳа ташаббускорларига пахта етиштириладиган майдоннинг ҳар бир гектари учун Давлат ­бюджетидан 8 миллион сўмдан субсидия тақдим этилади. Бундан ташқари, зарур ­ускуна ва жиҳозлар учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг муайян қисми Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ­давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Томчилатиб суғориш технологиясини ­жорий қилиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хом ашёлар 2021 йилга қадар божхона тўловидан озод этилди.

Шу каби имтиёзлар ерга, сувга ­беэътибор бўлмаганларни ташаббус кўрсатишга ундаётгани табиий.

— Очиғи, шу пайтгача сувни ҳуда-­беҳуда оқизаверган эканмиз, — дейди Юқори Чирчиқ туманилик фермер Тўлқин Тўраев. — Аслида, томчилатиб суғориш сувдан ташқари, бошқа харажатларни ҳам камайтирар экан. 158 гектар экин майдонимиз бор. Берилаётган имтиёзлардан фойдаланиб, секин-аста тўлиқ шу усулни қўллаш ниятидамиз.

Кам сув сарфлаб, кўп ҳосил олиш имконияти

Сувдан тежаб-тергаб фойдаланишнинг усуллари кўп. Эгилувчан қувурлар орқали, эгатларга плёнка тўшаб, ёмғирлатиб, томчилатиб суғориш шулар сирасига ­киради. Томчилатиб суғориш улар ­орасида энг самаралиси, деб топилмоқда. Сабаби у қўлланилганда, сувнинг 90 фоизи экин илдизига етиб боради.

— Шу пайтгача ғўза қатор ораларида нам қочмаслиги учун суғориларди, — дейди Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ­раиси Актам Ҳайитов. — 8 — 10 мартагача культивация қилинган. Бу ҳам қўшимча сарф-харажат-ку? Эндиликда томчилатиб суғоришни жорий этиш орқали қатор ораларида бу тадбирни 1-2 марта ўтказиш мумкин. Энг муҳими, фақат экиннинг ўзини суғориш ҳисобига сув кескин тежалади. Шу каби афзалликлари туфайли икки йил ичида қарийб 24 минг гектарда томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинади. Яъни 192 та фермер хўжалигининг салкам 10 минг гектар,48 та пахтачилик кластерининг 14 минг гектардан зиёд майдонларида пахта томчилатиб суғориш усуллари орқали етиштирилади.

Бугун томчилатиб суғориш технология­сига зўр берилаётгани бежиз эмас. Чунки у табиий ва моддий ресурсларни тежаш, ҳосилдорликни ошириш имконини беради. Шўртан газ-кимё мажмуаси томонидан Қашқадарё вилоятида, “Peng — Sheng” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси ­томонидан Сирдарё вилоятида, шунингдек, Самарқанд вилоятида “Иштихон нурли давр” фермер хўжалигида ўтказилган тажрибалар натижаси бунга яққол ­мисол бўла олади.

Гап шундаки, томчилатиб суғориш технологияси қўлланилиши туфайли уруғлик чигит сарфи гектарига ўртача 40 фоиз, ёнилғи 60 фоиз, сув сарфи 50 фоиз тежалиб, минерал ўғитлар самарадорлиги 30 фоиз ортган. Ғўзанинг биологик пишиб етилиш даври эса 12 — 15 кунга тезлашиб, ҳосилдорлик 45 — 50 центнерга етган. ­Ваҳоланки, анъанавий усулда ушбу ­рақам 26,5 центнерни ташкил этган, холос.

Энг асосий кўрсаткич — рентабеллик анъанавий усулда 1,7 фоизни ташкил қилса, томчилатиб суғориш шарофати ­билан у 7 — 10 фоиз кўтарилган. Мана, сизга янги технологиянинг афзаллиги!

Томчилатиб суғоришнинг шу каби афзалликлари кўп экан, уни оммалаштириш учун зарур ускуна ва бутловчи буюмлар муаммо бўлмайдими? Ёки яна чет элникига кўз тикиб ўтирамизми?

Йўқ, албатта. Ҳозирги пайтда юртимизда айнан томчилатиб суғориш ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ўндан ортиқ қувватлар фаолият юритмоқда. “Eco Drip Lux”, “Acar-Мak-San”, “Peng — Sheng”, “Pipetechnologies”, “Agrodrip”, “Debyut”, “Exim Plast”, Шўртан газ-кимё, “Махсус полимер заводи” корхоналари шулар сирасига киради.

Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу субъектлар тўлиқ қувват билан ишласа, пахтачиликда йилига 15 — 20 минг гектар, боғдорчиликда эса 60 — 70 минг гектарда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш мумкин экан. Демак, мавжуд имкониятдан оқилона фойдаланиш, фермер ва боғбонларни рағбатлантириш йўлларини қўллаб бўлса ҳам суғоришнинг тежамкор усулларини кенгроқ ёйиш зарур. Шундагина табиатдан эҳсон кутиб ўтирмасдан, кам сув эвазига мўл ҳосил етиштириш мумкин. Зеро, иқлим ўзгаришлари асоратлари яққол сезилаётган ҳозирги замонда айбни фақат табиатга ағдариш билан иш битмайди. Муваффақиятлар эшиги унинг оқибатларини юмшатиш, янги ва инновацион технологияларни жадал қўллаш орқалигина очилади.

Саид РАҲМОНОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019