Табиат муҳофазаси — ҳаёт-мамот масаласи

12:47 19 Июнь 2018 Жамият
278 0

Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида чўлланиш даражаси юқори. Умуман, юртимизда 22 миллион гектар ер чўлланишга мойил ҳисобланса, мавжуд яйловларнинг 43 фоизиинқирозга учраб бўлган. Шу билан бирга, суғориладиган ерлар ҳам йилдан-йилга қисқармоқда. Орол денгизининг қуриган ҳудудидан туз ва бошқа минерал моддаларнинг шамол орқали тарқалиши эса вазиятни тобора мураккаблаштиряпти. Негаки, кейинги 50 йил мобайнида жаҳондаги энг йирик сув ҳавзаларидан бири бутунлай йўқолиб бораётир.

Ўтган асрнинг охирларига келиб, инсоният ғоят мураккаб экологик муаммолар қаршисида турганлигини англаб етди. Иқлим ўзгариши, озон қатламининг емирилиши, чўлланиш ва ерлар деградацияси, биохилмахиллик камайиши, ичимлик суви етишмаслиги, ўрмонлар қисқариши каби масалалар ниҳоятда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, бугунги кунда чўлланиш дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларига дахл қиляпти. Ачинарлиси, бу кўп жиҳатдан инсон омилига боғлиқ бўлиб қолаётир. Яъни табиат мулкидан аёвсиз фойдаланилиши, тупроқ ва шамол эррозияси жараённи янада тезлаштираяпти. Шу боис мазкур долзарб масалага жаҳон ҳамжамияти эътиборини янада кенгроқ жалб этиш, экологик муаммога қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 1994 йилда БМТ томонидан Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича Конвенция қабул қилиниб, 17 июнь санаси “Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни” сифатида белгиланди.

Ўзбекистон — Евросиё материгининг марказий қисмида, денгиз ва океанлардан узоқда жойлашган. У Жануб ва Шарқ томондан баланд тоғлар билан ўралган бўлиб, ҳудудининг 80 фоизи чўл ва чала чўллардан иборат. Ёз вақтида кучли қуёш нури таъсирида қизиб кетган чўллар устида тропик тўзон ҳаво массаси шаклланади. Ҳавонинг ўртача ойлик ҳарорати 28-30 даражани ташкил қилса, энг юқори кўрсаткич 50 даражагача етади. Таассуфки, бугунги кунда республикамизнинг фақат қурғоқчил ҳудудларида эмас, балки тоғли ҳудудларда ҳам чўлланиш ҳолати кузатилмоқда.

Ҳозирги кунда Орол ҳавзасига қуйиладиган сув оқими 12,7 километр кубга тенг бўлиб, бу ўтган асрнинг 60-йилларидагига нисбатан 4,5 баробар камдир. Денгизнинг чекинган қисмидаги 5,5 миллион гектардан зиёд майдонда пайдо бўлган янги Оролқум саҳросидан чанг ва зарарли тузлар кўтарилиб, қум бўронлари, кучли шамоллар орқали минглаб километр масофага тарқалиши аҳоли саломатлиги ҳамда атроф-муҳитга жиддий таҳдид солмоқда. Кузатишлардан маълум бўлишича, кўтарилаётган чангли булутлар ҳажми узунасига 400 километр, энига эса 40 километрга етади. Бу жойда бир йилда ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошадиган кунлар икки баравар кўпайган.

Шу маънода, жорий йилнинг 7-8 июнь кунлари пойтахтимизда “Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзуида халқаро конференция ташкил этилиб, унда кўплаб ташкилотлар, экологлар қатнашгани, мазкур глобал муаммонинг таъсирини камайтириш, оқибатини юмшатиш бўйича музокаралар ўтказилгани жуда муҳимдир. Нуфузли тадбирда қабул қилинган якуний ҳужжат, шунингдек, конференция материаллари тўплами Марказий Осиё республикалари ва хорижий давлатлар парламентлари ҳамда ҳукуматларига, халқаро ва жамоат ташкилотларига йўлланди.

Бундан ташқари, айни пайтда мамлакатимизда чўлланишга қарши курашнинг Миллий дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан, ерлар деградацияси ҳажмини қисқартириш ёки унинг олдини олиш, қисман деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, чўлланишга дучор бўлган ерларни қайта тиклаш бўйича муайян ишлар амалга оширилиши белгилаб олинган. Бинобарин, чўлланишга қарши чора-тадбирлар республикамизнинг барқарор ривожланиши асосларидан бири ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, бугун табиат инсониятнинг бойлиги эмас, аксинча, инсон унинг бир бўлаги холос. Шу боис унга эҳтиёткор муносабатда бўлиш келажак учун қўйилган муҳим қадам эканини барчамиз яхши тушуниб етмоғимиз даркор.

Собит ТУРСУНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзоси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар