Сувнинг ҳам тарозиси бор

09:31 12 Июль 2018 Жамият
201 0
Иллюстратив фото

Кексаларнинг ариқ сувида олма ювиб, тандирдан янги узилган кулчани оқизоқ қилиб еган болалик лаҳзаларини энтикиб эслаган ҳикоялари бугун ёшлар учун ғалати туюлиши мумкин. Ариқ сувидаям олма ювадими, нон оқизадими?..

Ҳозир бу чўпчакдек бир гап. Негаки, бугун ариқ сувига ишониб бўлмайди, унга кўпчилик ҳолларда касаллик манбаи сифатида қарашга ўрганиб қолганмиз. Бу муносабатни ўзимиз шакллантирганмиз.

Муқаддас китобда айтилишича, жаннатда тоза сувлар оқадиган ариқлар бўлар эмиш. Бу ҳақда барчамиз ўқиганмиз, эшитганмиз. Жаннатдаги кавсар булоқларидан қолишмайдиган сув манбаларини тоза сақлаш халқимизда эҳтимол шу боис қадрият даражасига етган. “Сувга тупурма”, “Сувга чиқинди ташлама” сингари ибора-нақллар халқимиз ҳаётида қонун-қоидага айланиб кетган.

Шаҳардаги маҳалламиздан оқиб ўтувчи ариқ сувидан ичиш учун фойдаланишганини ёши бир жойга бориб қолганлар армон билан эслашади. Биз кўчиб келганда уни маҳалладошларимиз фақат кир-пир ювишга ишлатишарди. Энди эса... айтишга тил бормайди, мабодо, ариқ суви қўлимизга тегиб қолса уйга кириб совунлаб ювамиз, негаки, ҳар турли чиқиндилар уюми тиқилиб ётган ариқдаги бу сув етти марта эмас, етмиш марта юмаласа ҳам тоза бўлишига ишонч қолмаган.

Ариқларнинг ифлосланиши кундан-кунга гўзаллашиб бораётган шаҳару қишлоқларимиз ҳуснига доғ бўлиб тушишидан ташқари одамлар қалбининг хиралашаётганидан дарак бераётгандек туйилади. Бу борадаги маданиятимиз бугун тарбияга муҳтожлик сезаётгандек. Ижтимоий тармоқлардан бирида Мўғулистонда қадимий турк қабиласи ҳаёти тўғрисида кичик бир хабар ўқиб қолдим. Улар сувга чиқинди ташлаш у ёқда турсин, ҳатто, ариққа қўл ювишни уят санашар экан.

Бизда-чи?.. Тасаввур қилинг, ариқнинг бошида кимдир юқумли касаллик билан оғриган беморга ишлатилган игнани сувга ташлади, берироқда бир болакай бу сувга қўлини ювди. Ёки кимдир ўлган товуғиними, итиними ариққа оқизди, ўлакса оқиб бориб бир жойга тиқилади, сасийди, бижғийди, микроб тарқатувчи манбага айланади. Айнан ана шундай ҳоллар оқибатида илгари вабо тарқаб, қанчадан-қанча одамларнинг умрига зомин бўлгани ҳақида тарихдан турли мисоллар келтириш мумкин.

— Ёшим олтмишга борди, — дейди Тошкент вилояти, Янгийўл туманининг Халқобод шаҳарчасида истиқомат қилувчи ўқитувчи-ижодкор Улуғбек Мустафоқулов. — Халқобод номи билан машҳур бўлган каналимизда бир пайтларзилолдек тоза сув тўлиб-тошиб оққанини яхши эслайман. Шу сувдан истеъмол қилардик, экинлар ҳам шундан сув ичарди. Раҳматли онам тил ва адабиёт ўқитувчиси эдилар, бахтимиз бор экан, зилолдек топ-тоза оқувчи сув бўйида яшаймиз, дердилар. Бугун эса... Канал қоп-қора бўтана бўлиб оқмоқда. Аҳоли эса идиш кўтариб қаерлардандир ичимлик суви излаб юришади, ичимлик суви йўқ деб шикоят ёзишдан ҳам эринишмайди. Бир маҳаллар шу каналдан ота-боболари сув ичишгани ҳеч кимнинг эсига ҳам келмайди. Тошкент шаҳридаги бозорлардан бири канал бошланишида жойлашган, бир нечакорхоналар, қолаверса, канал бўйида яшовчи аҳоли ҳам барча ахлатларни шу ерга ағдараверишини қандай баҳолайсиз? Уламоларимиз кийиниш, юриш-туриш, одоб билан бир қаторда, ўз ваъзларида атроф-муҳитга бўлган маънавий масъуллик хусусида сўз айтишса, бу ҳам имондан эканлигини эслатиб туришса, қани эди. Эътиқод, энг аввало, майда амаллардан бошланишига эътибор қаратиш фурсати етмадимикан?

Ариқ ва зовурларга аҳоли томонидан арава-арава ахлат ташланса ҳам, кимлардир сув йўлини торайтириб, ноқонуний қурилишлар қилса ҳам, ариқлар кўзи беркилиб кетса ҳам бировнинг иши йўқлиги ҳақида ижодкор-ўқитувчи куюниб гапирганича бор. Бундай ҳолатлар юртимизда суғориш тизимининг ишдан чиқишига сабаб бўлмоқда. Агар бунинг олди олинмаса, яқин орада минглаб гектар ерларга сув етказиб бериш жиддий муаммога айланади. Бу борада мутасадди ташкилотлар тартиб-қоидани тўғри йўлга қўядиган вақт аллақачон келган. Негаки, айрим ҳудудларда ариқ, каналларда сув кўплигидан аҳоли зарар кўрса, айрим ҳудудларда томорқа, хўжаликларга сув етиб бормаганидан унумдор ерлар қақраб ётибди. Бундан кўринадики, бугунги кунда ирригация тизими жиддий ислоҳотларга муҳтож.

— Сувни ифлослантириш куфрони неъмат, — дейдиФарғона вилоятининг Қўштепа тумани имом хатиби Турсунтоҳир Эрбўтаев. — Аллоҳ таоло бизга меҳрибон эканки, бошқа халқлардан ортиқ суйиб шундай неъматдан бебаҳра қилмаган. Бир неча йиллар олдин Саудия Арабистонидан водийга келган меҳмонлардан бири ариқдаги сувни кўриб жонҳолатда, тўхтатинг, беҳуда оқиб, увол кетяпти, деган экан. Сайёрамизнинг қайсидир бурчакларида одамлар бир томчи сувга зор, айрим жойларда одамлар шўр сув ичишга мажбур эканликларини унутмайлик. Энг ёмони, менга қаттиқ таъсир қилгани — бир куни елим халтада ташлаб юборилган тўрт-бешта патир ахлатларга аралашиб, ариқда оқиб келаётганини кўрганим бўлди. Ота-оналаримизнинг уруш пайтларидаги очлик, кепак нон ҳақидаги ҳикоялари нега дарҳол ёдимиздан кўтарилди экан? Аллоҳнинг бизга бўлган марҳамати, меҳрибонлигига нега бу қадар жоҳиллик билан жавоб берамиз!

— Одамларнинг ичимлик суви камайиб кетди, мутасаддилар бунинг чорасини кўрмаяпти, деган шикоятларини кўп эшитамиз, — дейди қўқонлик муҳандис Абдуҳамид Исаев. — Лекин биз ҳам аввал инсонийлик бурчларимизни бажариб қўйишимиз керакми-йўқми? Ота-боболаримиздан бизга ариқлар тўла ичимлик суви етиб келган экан, биздан кейинги авлодларимизга бу неъматни соф ҳолда етказишни қачон ўйлаймиз?

Президентимиз раислигида жорий йил 29 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сув хўжалиги тизими ходимлари ва фермер хўжаликларининг масъулиятини ошириш ҳақида сўз борди. 2018 йилнинг ёзги суғориш даврида кутилаётган сув танқислиги шароитида, ғўза, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан таъминлаш, сув манбаларидан оқилона фойдаланиш учун ўртага қўйилган масалалардан келиб чиқиб, ҳар бир вилоятда қатъий чора-тадбирлар белгиланди.

Сув истеъмолчилари уюшмаси ходимлари экинни суғориш билан боғлиқ муаммолар, камчиликлар мавжудлигидан ташвишда эканликларини кўп айтишади. Қаерда бўлмасин, катта-кичик ариқлар ёқалаб юрилса, уларнинг четларида бирорта дарахт кўрмайсиз. Илгари ёз чилласида сув ортиқча буғланиб кетмаслиги учун ариқ бўйларига қуюқ соя ташловчи толлар экиларди. Кейинги йилларда эса улар негадир аёвсиз кесиб ташланди. Бу эса сувнинг кўп қисми буғланиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ўртасида сувдан оқилона фойдаланиш, уни тўғри тақсимлаш сезилмайди, суғориш агротехникасига етарлича риоя қилинмайди. Сувнинг бошидаги фермер ундан хоҳлаганича фойдаланади, пастдаги фермерларнинг экин майдонлари қуриб-қовжирагани билан эса иши йўқ. Такрорий экин сифатида сувни кўп талаб қиладиган экинлар экилиши натижасида кимнингдир ғўза майдонига сув етиб бормайди. Натижада яхши ҳосил олишнинг имконияти камаяди. Айтиб ўтилганидек, сув танқислиги, унинг керакли миқдорда экинларга етиб бормаслиги аҳолининг сувга нисбатан нотўғри муносабати туфайли ҳам келиб чиқади. Шаҳар ва қишлоқлардаги анҳорлар, ариқлар, каналлар ахлатга тўлиб-тошиб, торайиб кетгани, йиллар давомида тозаланмагани кўп ҳолларда эътибордан четда қолмоқда.

Баъзан суғорма ерлардаги сувнинг эгаси йўқдек нохуш манзарага гувоҳ бўласиз. Қўқон шаҳридаги Навбаҳор ариғиҳовлиларга тошаверганидан аҳоли шикоят қилмаган жой қолмади. Ҳар йили ариқ тозалаб турилса-да, қўлбола тадбир билан бу юмушни уддалаб бўлмай қолган. Муаммо кўтарилганда, сув идорасидагилар бу ер шаҳар, ариқ бизнинг балансимизда эмас, илгари ғўза экилганда туманга қараган, дейишади. Қишлоқдагилар эса, сув шаҳарга қарайди, дейишади. Ҳозир бу ариқдан сувнинг бошидаги маҳалла фойдаланади, кейинги маҳалла ундан бебаҳра. Ариқнинг охири йўқ, кўмилиб кетган.

Данғара туманининг Найманча мавзесидаги олтита ариқнинг деярли барчаси аҳолининг ариқ қирғоғига ўзбошимчалик билан қурилган бино ва деворлари дастидан сув ўтказиш қобилиятини салкам 50 фоиз йўқотган. Қизилмушариқ анҳорида эса аҳвол анча жиддий, 1200 гектарга яқин майдонга сув етказиб берадиган мазкур ирригация тизими лимитдаги обиҳаётнинг ярмини ҳам сиғдиролмайди. Сув танқислиги сезилаётган айни кунларда вилоят бўйлаб кўрилаётган чораларни ўрганиш мақсадида туманларни айландик. Фурқат туманига қарашли “Фурқат келажаги” ММТП ҳудудидаги “Интеграл” фермер хўжалиги майдонида ишлаётган, йўл бўйида сув тарозиси ва сув пости қураётган, ариқларни тозалаётган одамларга дуч келдик.

— Туманимизда вегетация даврида сув танқислиги мавжуд бўлган минг гектар ерни аниқлаб олдик, — дейди Фурқат тумани ирригация бўлими бошлиғи Миркомил Мадаминов. — Пахта майдонларини сув танқислигидан асраш учун ер остига тушиб кетадиган коллектордан борган зах сувларни насос орқалисуғориш каналларига тортиб олиш ишларини ҳам олиб боряпмиз.

Туманда такрорий экинга сув кам талаб қиладиган экинлар экиб, шоли, макка майдонларини камайтиришга эришилмоқда. 4400 гектар ерга дуккакли экинлар, жумладан, мош экиш режалаштирилган. Мошга бир марта сув берилса кифоя.

Дарҳақиқат, бажариладиган ишлар кўлами кенг. Ҳар бир кун ва соат ғанимат, деҳқончиликда вақт кутиб турмайди. Сув тақсимотида тўғри режа қилганлар кузда ҳосилдан мамнун бўлади.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар