Сувни лойқалатишдан ким манфаатдор? (видео)

16:07 15 Август 2019 Жамият
129 0

Кеча Фейсбукдаги “Коммуналка” саҳифасида Самарқанд вилоятининг Тойлоқ тумани Қўтирбулоқ қишлоғида ички ишлар идоралари ходимларининг маҳаллий аҳолига ёмон муносабатда бўлгани, мазкур ҳолат қишлоқ одамларининг кўчмас мулкини ноқонуний бузишга қаршилиги сабаб эканлиги ҳақида хабар ва видео жойлаштирилди. Кейинчалик бу ижтимоий тармоқларда турлича талқин этилди.

Хўш, аслида Қўтирбулоқда нима бўлган эди?

Ушбу саволга аввало Тойлоқ тумани ички ишлар бўлими жавоб берди. Бўлим томонидан тақдим этилган маълумотномада қайд этилишича, Тойлоқ тумани ҳокимининг 2009 йил 29 декабрдаги 990-Қ сонли қарори билан Самарқанд шаҳридаги “Афсона Травел” туристик фирмасига сайёҳлар дам олиш комплекси ва миллий сувинерлар ишлаб чиқариш шохобчалари қуриш учун 1,0 га ер майдони ажратилган. Ушбу қарор Самарқанд вилоят ҳокимининг 2010 йил 1 ноябрдаги 140-Қ сонли қарори билан тасдиқланган ва жойида мутахассислар томонидан ер майдони чегаралари аниқланиб ўлчаб бериш далолатномаси тузилган.

Тойлоқ туман ҳокимининг 2018 йил 30 январдаги 85-Қ сонли қарори билан “Афсона Травел” МЧЖ томонидан қуриб битказилган маъмурий бинога эгалик ҳуқуқи тикланган.

Ўтказилган текширишлар давомида Қўтирбулоқ қишлоғида яшовчи Суюнов Жахонгир Шермаматович томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда “Афсона Травел” МЧЖга тегишли ер майдонининг 0,12 гектар қисми ҳамда ҳудудга туташ бўлган бўш ерлардан 0,18 гектар майдон (жами 0,30 гектар) эгаллаб олиниб, атрофни девор билан ўралган ҳамда 200 квадрат метр жойда уй-жой бино иншооти қурилганлиги аниқланган.

2019 йил 14 майда фуқаро Ж.Суюновга туман архитектори С.Эралиевнинг имзоси билан ноқонуний равишда қурилган уй-жой биносини бузиб, ерни асл ҳолатига келтириб қўйиш тўғрисида расмий огоҳлантириш хати берилган. Аммо, Ж.Суяров унга берилган 15 кун муддат ичида ноқонуний қурилмаларни ўз ихтиёри билан бузмагач, туман ҳокимлиги томонидан 2019 йил 29 майда фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига даъво аризаси киритилган. Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг 2019 йил 5 июндаги ҳал қилув қарори билан туман ҳокимлигининг даъвоси қаноатлантирилган ва фуқаро Ж.Суюнов томонидан ноқонуний равишда эгаллаб олинган 0,30 гектар ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой жавобгар ҳисобидан буздирилиши, ер майдони асл ҳолатига келтирилиши кўрсатилган.

Суднинг мазкур ҳал қилув қарорига асосан 2019 йил 5 июнда туман ҳокимлиги томонидан туман ҳокими, ҳокимлик вакиллари, туман прокурори, мажбурий ижро бюроси, ИИБ бошлиғи ва ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва котиби, маҳалла фаолларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳи аъзолари шу куни Ж.Суюнов томонидан ноқонуний равишда эгаллаб олинган ер майдонига ўзбошимчалик билан қурилган бино олдига келганида Ж.Суюновнинг оила аъзолари ва қариндошлари уларни ҳақоратлаб, бинони бузишга қаршилик қилган. Мазкур ҳолатда вазиятга тўғри баҳо бермаган Ж.Суюновнинг қариндоши ички ишлар ходимлари хизмат автомашинасига ўтқизилган ва унга қилаётган ҳаракати қонунга зид эканлиги тушунтирилган.

Шундан сўнг Ж.Суюнов ишчи гуруҳи билан бирга ноқонуний уй-жойни бузиб, ерни бўшатиб берган.

Фуқаро Ж.Суюновга тегишли бўлган ноқонуний уй-жойни бузиш давомида бирор бир фуқарога тан жароҳати ёки бошқа тарздаги зиён етказилмаган, маъмурий ёки жиноий чоралар қўлланилмаган.

Ушбу хабар ва видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, турлича муносабатлар билдирилгач, Ж.Суюновнинг ўзи вазиятни изоҳлади.

Кўриниб турибдики, Ж.Суюнов ноқонуний равишда ерни эгаллаб олгани ва бино қурганини кеч бўлса-да англаб, бу хатони тўғрилаган. Юзага келган вазият бўйича ҳеч кимдан норози эмаслигини ҳам билдирмоқда. Унинг ўзи таъкидлаганидек, муаммо уники, оиласиники эди. Уларнинг шахсий ҳаёти, оиласи билан боғлиқ вазиятни кенг оммага ошкор этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ-ку. Ёки бундан бошқа мақсад кўзланганмиди?

Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама этилаётган масала ҳам шу бўлмоқда – кўргани, эшитгани ҳақида ахборот беришнинг ҳам тартиби, масъулияти бор. Бу айниқса, бошқаларнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ бўлса. Ижтимоий тармоқларда ёзаётганида, хабар тарқатаётганида ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши керак.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019