Сувдаги хазина

19:50 23 Июнь 2020 Иқтисодиёт
201 0

Архив сурат

“Ҳар куни тонгги соат 4:00 да уйқудан уйғонаман ва ўзимга-ўзим савол бераман: кеча ишим қандай бўлди, сермазмун ўтдими, режалаштирган барча юмушни бажара олдимми? Амалга оширолмаган бўлсам, нима учун бундай бўлди, деган саволларимга жавоб қидираман. Аслида ҳар бир инсон мана шундай мушоҳада юритиб туриши керак, ўшанда иши олдинга силжиши шубҳасиз”.

Бир қарашда буни кучга тўла, шижоатли ёш бир ишбилармоннинг фикри, деб ўйлашингиз турган гап. Аммо фаолияти ҳақида қуйида сўз юритмоқчи бўлганимиз — Тошкент вилоятилик фермер Маматқул ота Саломов 83 ёшга кирган бўлса-да, ҳали-ҳамон ёшлардек шижоати баланд, руҳи тетик, вужуди ғайратли, ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлардан, десак, асло муболаға эмас.

Қарийб йигирма йилдан буён фермерликнинг, асосан, пахта ва ғалла йўналиши билан шуғулланиб келаётган Маматқул ота “Тошкент денгизи” қирғоқларида балиқчилик тармоғини ҳам йўлга қўйиб кам бўлгани йўқ. Ушбу фермер катта даромад топиб, нафақат оиласи ёки давлатга фойда келтиряпти, балки истеъмол бозорига парҳез гўшт етказиб бериш билан бирга, кўпчиликни иш билан таъминламоқда.

Нега айнан балиқчилик? Сабаби оддий: биринчидан, балиқ гўшти инсон саломатлиги учун кони фойда. Иккинчидан, яқингача балиқчилик унут бўлаётган тармоқлардан бирига айланган ва буни қайта тиклаш зарурати пайдо бўлган эди. Шу боис кейинги уч йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кўплаб соҳалар қатори, балиқчилик ҳам изчил ривожлантириляпти. Бугун ушбу йўналиш билан шуғулланаман, деган инсонлар учун барча эшик очиқ. Балиқчилик корхоналарини зарур техника воситалари ҳамда озуқа билан таъминлаш чоралари кўрилаётгани, кўл ва сув ҳавзаларининг тадбиркорларга узоқ муддатга ижарага берилиши, имтиёзли шартлар асосида лизинг ва кредитлар ажратилиши туфайли балиқчилик хўжаликлари кўпайиб, шифобахш маҳсулот етиштириш ҳажми ошмоқда.

— Президентимиз томонидан имзоланаётган ҳужжатларнинг барчаси билан танишиб бораман, — дейди Маматқул Саломов. — 2018 йили 7 ноябрдаги балиқчиликни ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарордаги имтиёзлар менга жуда маъқул тушиб, шу соҳа билан шуғулланиш истаги пайдо бўлди. Қолаверса, Яратган эгам инъом этган неъматлар кўп — қуёшли кунлар, табиий сув ҳавзалари, мўътадил иқлим, барча қулайлик мавжуд бўлган, давлатимиз томонидан тадбиркорлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турилган бир пайтда, бундай кенг имкониятлардан нима учун фойдаланмаслик керак?!

Хуллас, соҳа ривожини кўзлаб қабул қилинаётган Президент қарорларида шу қадар кўп имтиёз ва имкониятлар берилмоқдаки, пировардида Маматқул отадек халққа фойдаси тегадиган, балиқчиликни янги босқичга кўтарадиган фермерлару ишбилармонлар кашф этиляпти. Кўпчиликда балиқчиликка қизиқиш ва иштиёқ уйғонмоқда, десак, адашмаймиз.

Балиқ — етти хазинанинг бири. Маълумотларга кўра, республикамизда элликдан ортиқ, шундан Тошкент вилоятида учта катта кўл мавжуд бўлиб, “Тошкент денгизи” — ана шулардан бири. Ундаги 250 миллион кубометр сув тоғу тошларга урилиб, оқиб келгани боис тўйинган, табиий минералларга бой ҳисобланади. Ушбу кўлнинг суви нафақат балиқлар семиришига, балки касалликка чалинмаслигига ҳам ижобий таъсир кўрсатар экан.

Шуларни инобатга олган фермер “Тошкент денгизи” соҳилларида балиқчилик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида пухта ва истиқболли режа ишлаб чиқади ҳамда тижорат банки томонидан дастлаб 3-4 миллиард атрофида кредит олиб, катта сув майдонига эга хўжаликда балиқ боқиш учун зарур шароитлар ярата бошлади.

— Балиқчиликка оид китобларни, тавсияларни кўп ўқидим, — дейди фермер. — Бошланишига ўнта 5х5 метрлик қафас (садок) қуриб, 2018 йили 50 тонна сазан балиғи етиштирдик. Ҳисоб-китоб қилиб қарасам, даромад ёмон эмас. Одамлар ҳам иш билан таъминланяпти. Сўнгра тармоқни янада кенгайтириш учун ўтган йили яна 5 миллиард сўм кредит олиб, қўшимча 25 та қафас қурдик ва ўтган йили 150 тонна балиқ етиштириб, аҳоли дастурхонига етказиб бердик. Жорий йилда олинган 8 миллиард сўм кредит эвазига жами қафас қурилмалар сонини 88 тага етказдик. Бу 18 минг куб метр сувда балиқ боқиш ва натижада 500 тонна балиқ етиштириш имконини беради. Мўлжалимиз ҳам шундай. Олинган кредитларнинг 10 миллиард сўмини қайтаришга ҳам улгурдик. Бунинг учун кечаю кундуз изланишда, ҳаракатда бўлиш, асосийси, ишни тўғри ташкил қилиш керак, деб ўйлайман.

Кўп тармоқли фермер дея ном қозонган Маматқул ота чиндан ҳам балиқ етиштириш сир-асрорларини пухта ўзлаштирган. Шундай бўлса-да, ҳозирги кунга қадар изланишдан, янгилик яратишдан бир зум тўхтамайди, чарчамайди...

Ўзига хос ҳаётий лаборатория

Маматқул Саломовнинг айтишича, интенсив усулда балиқ етиштириш, бу — замон талаби. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, 100 граммли чавоқ интенсив усулда боқилса, 2,5-3 килограммгача гўшт беради.

Садокларни қуришда ҳам айрим жиҳатларга эътибор қаратиш зарур. Яъни қафас тўрининг узунлиги 5 метр бўладиган бўлса, унинг ярим метри юқорига чиқиб туради, энг қуйи томонидан яна икки метрча жой қолиши керак. Чунки балиқ еган овқатининг бир қисми ахлат бўлиб чиқади, у заҳарли. Шу боис сув ҳидланмаслиги учун ахлат қуйига тушгач у оқиб кетиши учун шароит ҳам яратиш зарур.

— Ҳам ширин, ҳам семиз балиқлар етиштириш учун нималарга эътибор бериш талаб этилади? Энг аввало, балиққа сув, кислород, касалликка қарши курашиш, овқатни ўз вақтида бериш талаб қилинишини ёдда тутиш шарт, — дейди фермер. — Яна бир қизиқ тажриба, балиқлар еган овқатини 3 соатда ҳазм қилади. Демак, уларга бир кеча-кундузда 8 марта овқат бериш керак. Балиқ қанча ҳаракатда бўлса, шунча иштаҳаси очилиб, озуқани кўп ейди ва натижада семиради. Шунингдек, балиқларга ёруғлик ҳам сув ва ҳаводек зарур. Айтайлик, кундузи шундоғам ёруғ, аммо кечаси-чи? Бунинг учун махсус нимстанция қуриб, электр энергияси тортиб бордик. Ҳар бир қафас қурилмасининг устига ёритқичли чироқлар ўрнатдик.

Фермернинг айтишича, балиқлар чалиниши мумкин бўлган ўнга яқин касаллик турлари бор экан. Улар касал бўлмаслиги учун 6-7 хил витамин, озуқа ҳазм бўлишини таъминлайдиган микроэлементлар ҳам зарур.

Ҳисоб-китобларга кўра, аввалига балиқнинг 1 кило вазн тўплаши учун 7 килограмм озуқа сарфланган бўлса, олиб борилган изланишлар натижасида бу кўрсаткич кейинчалик 5 килога, ўтган йили 3 килога туширилди. Буни яна камайтириш имкони мавжуд. Яъни озуқа таркиби бойитилган сари балиқнинг вазни ортиб, харажат эса камаяди, ҳосилдорлик ортиб бораверади.

Хуллас, бу борада ҳам Маматқул аканинг ўз лабораторияси, ўз ҳаётий тажрибаси бор. Маълум бўлишича, фермер балиқ озуқасининг қайси бири юқори ҳосилдорликка олиб келишини билиш учун дастлаб учта садокда тажриба ўтказади. Ҳар учаласидаги балиқларга турли хил таркибдаги озуқалардан беради. Тажриба 7 кун давом этади. Сўнгра балиқлар тарозига солинади. Табиийки, вазнларда тафовут бўлади ва қайси озуқа балиқларни тез семиртириши мумкинлиги аниқланади. Айтганимиздек, бу — фермернинг ўзига хос тажрибаси, ҳаётий лабораторияси.

Фермернинг фикрича, балиқни озиқлантириш мақсадида сувга ем ташлаганда у сувда чўкиб кетмаслиги керак. Қарангки, тиниб-тинчимас отахон бунинг ҳам йўлини топди. Хитойдан олиб келинган махсус технология бу борада қўл келди.

Фермер тажрибасига асосланиб айтадиган бўлсак, балиқнинг семириши ёки семирмаслиги яна бир қатор омилларга боғлиқ. Гап шундаки, сувга ташланган емнинг асосий қисмини дастлаб балиқларнинг кучлилари еб қўяди. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак?

Шундай йўл тутиш керакки, ҳамма балиқ овқат есин. Бунинг учун балиқларга берилиши керак бўлган озуқанинг ҳаммасини бирданига сувга ташлаш керак эмас. Аниқроқ айтадиган бўлсак, овқатни 2-3 марта бўлиб-бўлиб бериш зарур. Шу йўл билан уларнинг ҳаммасини бир хилда тўйдириш мумкин бўлади.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Маматқул ота ташкил этган балиқчилик хўжалигида иш уч сменада ташкил этилган. Ҳар бир сменада балиқларга фақат овқат бериш учун 18 одам ҳаракатда бўлади. Ишчилар учун ҳамма шароит яратилган. Фермернинг шиори: иш яхши кетиши учун, биринчи навбатда, шароит яратиш керак.

— Яна бир нозик масала шундаки, — дейди Маматқул ота суҳбатимизни давом эттириб, — агар ҳарорат 28 — 30 даражадан ошиб кетса, балиқлар пастга шўнғийди ва натижада овқат емай қўяди. Бизда эса айрим пайтларда 40 даража иссиқ бўлиши табиий. Ҳар бир садок қурилмасининг устини махсус тўр билан беркитиш орқали ҳаво ҳароратини мўътадил сақлаш мумкин. Бундан ташқари, бизнинг ҳавзалар атрофига 1 метру 30 сантиметрлик тўсинлар қўйиб чиқилган. Бу нима учун десангиз, сабаби, баҳор ойларида кучли шамол туриб сувни тўлқинлантириб юборса, балиқлар қочиб кетиши, сарфлаган маблағингиз, меҳнатингиз йўққа чиқиши мумкин. Бу тўсиқлар эса бунинг олдини олишга хизмат қилади.

Фермерни қийнаётган муаммо ва режалар

Балиқчилик ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Бунинг учун катта тажриба, изланиш ва албатта, соҳа бўйича зарур кўникмага, билимга эга бўлиш керак. Зеро, балиқчиликни беилм ёки инновацияларсиз ривожлантириб бўлмайди.

Маматқул Саломовнинг тадқиқотларига таянган ҳолда айтадиган бўлсак, сазан балиғининг юрти — Венгрия давлати бўлиб, унинг 45 тури бор экан. Ўзбекистонда эса сазаннинг 7 хили етиштирилади.

— Сазаннинг шунча тури бўлса, унинг қайси зотини ўзимизга олиб келиб боқиш мумкинлиги ҳақида ўйлай бошладим, — дейди фермер. — Балиқ наслчилиги, селекция ишлари билан ҳам шуғулланадиган пайт келди, назаримда. Оддий мисол: зотдор сигирлар кўп сут берганидек, балиқнинг ҳам маҳсулдор ва гўшти ширин, касалликларга чидамли турини қидирдим. Хорижда битта ана шундай наслли сазан она балиқ 500 доллар турар экан. Агар битта она балиқни олиб келиб уни кўпайтирсак, ҳар бир чавоқ келгусида 5-6 килограмм парҳез гўшт бериши мумкин.

Бу ерда яна бир масала, яъни балиқ учун озуқа-ем етиштириш кўндаланг туради. Ҳисоблаб чиқсам, ҳозир буғдой нархи 2,5 минг сўм. Бир кило балиқнинг таннархи эса ўртача 25 мингга етади. Бунинг асосий қисми, яъни 70 — 75 фоизи озуқа-емига кетиб, маҳсулот нархи ошиб кетишига сабаб бўлади. Агар биз, фермерлар зарур озуқа маҳсулотларини экин майдонларимизда ўзимиз етиштирсак, қайта ишласак, балиқ нархи икки баробар арзонлашади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Чавоқ, деган тушунча бор. Уни шундоқ олиб келиб сув ҳавзасига, яъни махсус қурилган садокка ташласангиз, тўрдан чиқиб кетади. Боиси чавоқлар жуда кичкина бўлади. Қачонки чавоқ ҳажми 100 граммдан ошсагина, кейин қафасли қурилмага солиш мумкин. Бунинг учун нима қилиш керак?

— Бунинг учун, аввало, чавоқни катталаштириб олгунча кўлда боқиш лозим. Мисол учун, минг тонна балиқ етиштириш учун 3-4 гектар ер майдони етарли. Бу борада маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қиляпмиз, агарда бизга мана шу масалани ҳал қилишга амалий ёрдам беришса, балиқнинг таннархи янада пасаяди, — дейди фермер.

Яна бир муҳим масала, бу — етиштирилган маҳсулотларга харидор топиш, яъни бозорини топа билиш. Тайёр маҳсулотни сота билиш ҳам бизнеснинг асосий шартларидан.

— Аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган талабини тўла таъминлаш, бозорларда балиқ нархи сунъий ошиб кетишининг олдини олишга эътибор қаратиш ҳам долзарб масалалардан,— дейди М. Саломов. — Масалан, ҳар бир маҳсулотнинг улгуржи савдоси учун бозорлар мавжуд. Деҳқончасига айтганда, олиб-сотарлар биринчи қўлдан олиб, устига ўз фойдасини қўйиб иккинчи қўлга ўтказади. Иккинчиси учинчисига, хуллас, жараён шундай давом этаверади. Оқибатда маҳсулот оддий халққа етиб боргунича нархи ошиб кетади. Бунинг учун балиқларни тирик ва сифатли сақлаб туриш мақсадида барча бозорда, аҳоли гавжум жойларда алоҳида нуқталарни ташкил қилиш лозим. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг кунлик истеъмол меъёрларига биноан инсон организми соғлом ривожланиши учун йил давомида 8 — 10 килограмм балиқ маҳсулоти истеъмол қилиниши зарур. Демак, бу маҳсулотнинг инсон организмига фойдаси жуда катта бўлган витаминларга бойлигини инобатга олиб, болалар боғчалари, шифохоналар, санаторийларга ҳам етказиб бериш тизимини йўлга қўйиш жоиз. Уни сотувга, зарур ижтимоий объектларга етказиб бориш учун махсус идишларга солиб, кислород билан таъминлаш зарур. Шунда балиқ бир ойгача бемалол яшайди.

Фермернинг фикрича, балиқчиликни ривожлантиришда яна бир оғриқли жиҳат, мазкур соҳада катта ютуқларга эришган инсонлар тажрибасини оммалаштириш масаласи оқсаб турибди.

— Бир мисол. Икки йил муқаддам хўжалигимиз ва Тошкент давлат аграр университетининг балиқчиликка ихтисослаштирилган факультети ўртасида шартнома тузилган эди, — дейди М. Саломов. — Унга кўра, талабалар хўжалигимизда бўлиб, амалиёт ўташи белгиланган. Аммо таълим муассасаси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ҳам жим. Ахир навбат билан 10 — 15 талаба келиб, балиқлар қуршовида жонли амалиёт ўтаса, нур устига аъло нур-ку. Қолаверса, профессорлар иштирокида республикамизнинг барча ҳудудидан балиқчилик билан шуғулланаётган ва шуғулланиш истагида бўлганларни таклиф қилиб, хўжалигимизда амалга оширилаётган ишларни кўрсатсак, маърузалар ўқиб, савол-жавоблар қилсак, балиқчилик сир-асрорларини жойида тушунтирсак ҳам натижаси бошқача бўларди.

Фақат ўзини эмас, балки эл-юрт манфаатини, соҳа ривожини ўйлаган ҳар қандай одамнинг, хусусан, тадбиркору фермерларнинг ишида унум, оиласида файзу барака бўлади. Чунки бундай инсонлар фаолияти, истиқболли лойиҳалари, албатта, давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига ишонамиз.

Дарвоқе, яна бир янгилик. Кўп тармоқли фермер номига эришган отахон Маматқул Саломов пахта, ғалла, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, чорвачилик, балиқчилик фаолияти билан бир қаторда, яқинда шинамгина ресторан фаолиятини ҳам йўлга қўйди.

Пойтахтимизда жойлашган ушбу таом маркази бунёд этилиши сабаб ташландиқ ер обод масканга айлантирилди. Айни пайтда шу ернинг ўзида ташкил қилинган бешта махсус сунъий ҳовузчаларда фермер хўжалигида етиштирилаётган 5 турдаги тирик балиқлар олиб келиниб, аҳолига арзон нархларда сотилмоқда. Мижозларнинг талабига кўра, балиқлардан турли таомлар пишириб бериляпти. Бу ҳам яна бир қулайлик, албатта. Натижада 25 нафар ёш ишли бўлди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Фермернинг келгусида балиқчилик кластери ташкил қилиш нияти ҳам бор.

Етти хазинанинг бири бўлган балиқчиликни янада ривожлантириш учун мамлакатимизда сув ҳавзалари ресурслари ҳам, ишончли ва илмий асосланган лойиҳалар ҳам етарли. Биз улардан янада самарали фойдаланиш чораларини кўраётган инсонлардан бири — 83 ёшли фермер Маматқул ота Саломовнинг фаолияти ҳақида қисқача сўз юритдик. Ва амин бўлдикки, унинг йигитларга хос ғайрат-шижоати, янгиликларга интилиши, яратувчанлиги, иш тажрибасини ёшларга ибрат қилиб кўрсатишга арзийди.

Мақолани якунлаш чоғида ушбу нақл беихтиёр хаёлимиздан ўтди: “Одамларга балиқ эмас, қўлига қармоқ бериб, балиқ тутишни ўргатиш керак”. Бу иборанинг мағзини чақиш, мушоҳада қилиш эса ҳар кимнинг ўзига ҳавола...

Раҳим ШЕРҚУЛОВ («Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?