Сув таъминотидаги муаммолар қачон барҳам топади?

14:40 12 Декабрь 2018 Жамият
367 0

Иллюстратив фото

Сув — ҳаёт манбаи, дея кўп гапирамиз. Аммо ундан оқилона фойдаланяпмизми? Бу ҳақда ҳамма бирдек жон куйдиради, деб ҳам айтолмаймиз. Қолаверса, аҳолини ичимлик суви билан тўлиқ таъминлашнинг оқсаётгани, канализация тизимлари таъмирталаб ҳолга келиб қолгани қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Вазият ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш учун айрим рақамларни келтириб ўтсак. Бугун мамлакат аҳолисининг фақат 65 фоизи ичимлик сувидан, 15 фоизи канализация тизимидан фойдаланиш имкониятига эга. Истеъмолчиларнинг бор-йўғи 43 фоизи ичимлик суви истеъмолини ҳисобга олиш приборлари билан таъминланган. Ичимлик суви тармоқларининг 40, канализация тармоқларининг 27, шунингдек, сув омборлари ва тозалаш иншоотларининг 35 фоизи реконструкцияга муҳтож.

Тўғри, шу йил 2083 км.дан зиёд сув ва канализация тармоқлари ҳамда 377 та иншоотини қуриш ва таъмирлашга 930,9 млрд. сўм ажратилган. Бироқ бу барча муаммони тўлиқ ҳал этиш учун етарли эмас.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ана шу муаммоларга ечим топилади. Хусусан, сув таъминоти ҳамда канализация соҳасидаги хизматлар сифати, тармоқ корхоналари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, ишончли молиялаштириш манбалари, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш мақсадида бир қатор устувор йўналишлар белгилаб олинди. Шу мақсадда 2020 — 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида сув таъминоти ва канализация соҳасини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқиладиган бўлди.

— Ўз навбатида, ушбу ислоҳотларга каттагина маблағ жалб этилаётир, — дейди Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси департаменти бошлиғи Саидкомилхон Бурҳонов. — Жумладан, 2019 йилда сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишга қаратилган 237 лойиҳа учун Давлат бюджети ҳисобидан 1,1 трлн. сўм ҳамда яна 7 та лойиҳага халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳисобидан 95,6 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишни назарда тутувчи манзилли дастурлар ишлаб чиқилади.

Қарор билан Молия вазирлиги ҳузуридаги “Тоза ичимлик суви” жамғармаси Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси этиб ўзгартирилди. Унинг дастлабки капиталига қўйилаётган маблағ салкам 250 млн. АҚШ долларини ташкил қилмоқда.

Таъкидлаш керакки, ишлар тўғри йўлга қўйилса, сув таъминоти ва канализация тармоқларини бошқариш тизимини рентабелли соҳага айлантириш имкониятлари мавжуд. Буни бир қатор хорижий мамлакатлар тажрибасидан ҳам кўриш мумкин. Шу нуқтаи назардан, Тошкент шаҳри сув таъминоти ва канализация тизимини модернизация қилиш ҳамда бошқариш лойиҳасини айнан давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш кўзда тутилган.

Қолаверса, давлат билан шерикликда фаолият олиб борадиган юридик шахсларга қулайлик ҳамда имтиёз бериш мақсадида улар 3 йил муддатга ягона ижтимоий тўловдан ташқари барча турдаги солиқ ва мажбурий тўловлар ҳамда республикада ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материалларни олиб келишда божхона тўловларини тўлашдан озод этилди.

Яна бир ўзгариш: Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси гидрогеологик ишларини ўтказмасдан ҳамда унинг ер ости ичимлик суви мавжудлиги ҳақидаги тегишли хулосасисиз сув таъминоти объектларини қуриш тақиқлаб қўйилди.

Шунингдек, 2019 — 2021 йилларда ичимлик сувини ҳисобга олишнинг замонавий приборлари ва тегишли ускуналарни харид қилиш ҳамда уларни ўрнатиш ишлари ҳам фаоллаштирилади. Юртимизда ушбу соҳа учун малакали кадрларни тайёрлашга ихтисослаштирилган хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини ёки қўшма факультетларини очиш ҳам назарда тутилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил
мультимедиа маркази материаллари асосида
Раҳим ШЕРҚУЛОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019