Сув билан ишончли таъминлашда илм-фан янгиликлари муҳим

13:24 14 Август 2020 Сиёсат
317 0

Куни кеча Президентимизнинг Жиззах ва Сирдарё вилоятларида суғориладиган ер майдонларини сув билан ишончли таъминлаш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг жорий қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда илм-фан янгиликларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш ва илғор ўқитиш услубларини қўллашга доир қарори эълон қилинди.

Унда 2020-2023 йилларда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш борасида бир қатор прогноз кўрсаткичлар батафсил келтириб ўтилган. Сув истеъмолчилари уюшмалари, кластерлар ҳамда фермер хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобидан суғориш тармоқларини таъмирлаш, тиклаш, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари шулар сирасидандир.

Қарорга мувофиқ қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг бараваридан ортиқ бўлган ҳар бир лойиҳанинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилгандан сўнг Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ва туманлар ҳокимликлари, Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, сув истеъмолчилари уюшмалари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳамда мустақил экспертлар билан муҳокама этилади.

Сўнгра тасдиқланган манзилли рўйхатлар доирасида объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши, бош пудрат ташкилотлари тендер савдолари асосида аниқланиб, қурилиш ишлари амалга оширилади. Албатта, тендер танловларини ўтказиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш, объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишларига маҳаллий пудрат ташкилотларини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

2021 йилдан устувор лойиҳалар бўйича таклифлар сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, геология, ер тузиш ва лойиҳа ташкилотлари мутахассислари, мустақил экспертлар, манфаатдор фермер ва кластерлар иштирокида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда маъқуллангандан сўнг белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг 3 фоизигача бўлган қисми тузиладиган шартномалар асосида ушбу лойиҳаларни илмий-техник жиҳатдан таъминлаш учун йўналтирилади. Бунда олий таълим муассасаларининг докторант, магистрант ҳамда иқтидорли талабалари жалб қилинади ва улар қурилиши якунланган объектларни белгиланган тартибда фойдаланишга топширишда иштирок этиб, ўзининг хулосасини беради.

Келгусида Жиззах ва Сирдарё вилоятлари тажрибасини бошқа турдош олий таълим муассасаларига жалб этган ҳолда республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

2020-2021 ўқув йилида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида таҳсил олаётган талабалар ёзги малакавий-ишлаб чиқариш амалиётини эксперимент тариқасида Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ўтказади.

Қайд этиш керакки, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари Пахтакор ҳамда Ховос туманларида илғор агрокластерларни жалб қилган ҳолда замонавий рақамли технологиялар асосида намунали автоматлаштирилган суғориш участкаларини ташкил этади. Бунда эса Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси ҳар томонлама услубий ва амалий ёрдам кўрсатади ҳамда 3 кун муддатда мазкур қарорни самарали ижро этишга доир масалаларни халқ депутатлари вилоятлар ҳамда туман (шаҳар)лар кенгашларида муҳокама қилиб, тегишли қарорлар қабул қилади. Бу эса жойлардаги маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди.

«Сардоба» сув омбори тўғонидан сув тошиши оқибатида талофат кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аксарият сув хўжалиги объектлари, шунингдек, «Марказий Мирзачўл» коллектори ва унга қуюлувчи коллекторларнинг таъмирлаш ва тиклаш ишлари ташкил этилади, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 93,4 минг гектар сув таъминоти паст бўлган суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланади, ўртача ва кучли шўрланган 109 минг гектар суғориладиган майдонлар мелиоратив ҳолати яхшиланади.

Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?