“Сурхонтекс” корхонасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 9 минг тоннага етказилди

14:24 24 Август 2018 Иқтисодиёт
428 0

Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятига ташрифлари чоғида вилоятда етиштирилаётган пахта хом ашёсини шу ернинг ўзида қайта ишлаш, тайёр маҳсулотни экспортга йўналтириш имконини берувчи бир қатор лойиҳалар билан танишиб, уни амалга ошириш бўйича аниқ топшириқ ва тавсияларни берганди. Шунга биноан бу борадаги инвестицион лойиҳалар бирин-кетин ҳаётга татбиқ этилаётир. Бу эса ишлаб чиқариш қувватларини оширишга имкон беряпти. Жумладан, 2015 йилда вилоятда етиштирилган пахта толасининг 12 фоизи қайта ишланган бўлса, эндиликда бу кўрсатгич 35 фоизга ошмоқда.

Жарқўрғон туманидаги “Сурхонтекс” қўшма корхонаси асосан ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, вилоятдаги турдош корхоналар орасида энг йириги ҳисобланади. Ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида бу ерда модернизациялаш ва технологик янгилаш ишлари амалга оширилди. Айни мақсаддаги қурилиш-таъмирлаш ишларига 9,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Натижада корхонада йилига 9 минг тонна ип-калава, 4 минг погон метр газлама ишлаб чиқариш лойиҳаси ўзлаштирилди. Эндиликда пахта хом ашёсидан тайёр газлама ишлаб чиқаришга бўлган жараён шу ернинг ўзида амалга оширилади. Энг муҳими, компьютерлаштирилган замонавий технологиялар ёрдамида тайёрланадиган маҳсулот сифати ички ва ташқи бозор талабларига тўла мос келади.

Корхона янги линиясининг очилиш маросимида вилоят ҳокими ҳам иштирок этди. Шу куни меҳнатдаги илғорлиги учун корхонанинг бир нафар ходимига “Дамас”, бир нафар ходимига “Спарк” русумли автомашина калити топширилди. Шунингдек, яна бир гуруҳ ишчи- хизматчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Илҳом Раҳматов, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар