Сурхондарёлик деҳқонларнинг дардини «Ўзбекозиқовқатхолдинг» эшитди

15:23 15 Май 2018 Иқтисодиёт
549 0
Фото: YouTube

Бундан бир неча кун олдин “Сурхондарёлик деҳқонларнинг дардини ким эшитади?” сарлавҳали мақола эълон қилган эдик. Унда вилоятлик деҳқон ва фермерлар етиштирган пиёзнинг нархи ички бозорга 250 сўмгача тушиб кетгани натижада улар фойда олиш тугул, экин парвариши учун сарфлаган маблағига куйиб қолиш эҳтимоли ортиб бораётгани ҳақида сўз борган эди. 

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси сурхондарёлик деҳқон ва фермерларни дардини эшитган кўринади. Холдинг компанияси сурхондарёлик фермер ва деҳқон хўжаликларидан пиёзни муносиб бўлган 1200 сўмдан сотиб олишини маълум қилди.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таркибига кирувчи “Ўзагроэкспорт” тан нархи 1 кг учун 590 сўм бўлган пиёзни Сурхондарё вилоятидаги дехқон ва фермер хўжаликларидан муносиб бўлган 1 кг 1 200 сўмдан харид қилиб олади. 

“Бу йилги пиёз ҳосили ўтган йилгига нисбатан анчагина ортиши натижасида унинг бозордаги нархи хам арзонлашганини кўришимиз мумкин. Асосийси пиёз етиштириш билан шуғулланувчи деҳқон ва фермер хўжаликлари келажакда ушбу йўналишда инвестиция киритишлари учун катта сармояга эга бўлишади”, — дейилади хабарда.

Пиёз хариди қуйидаги шартларда амалга оширилиши зарур: 40−60 мм калибрли (ўлчамли), 30 кг қопларда. Ўзбек пиёзи “Uzagro” бренди остида экспортга йўналтирилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар